Линклар

Ургутда автобус қатнови тўхтатилди

  • Садриддин Ашур

Belarus – bus, public transport. Minsk 02aug2011

Belarus – bus, public transport. Minsk 02aug2011

Бунга тумандаги “ЎзСамтранс” масъулияти чекланган жамияти фаолиятининг тўхтатилгани сабаб бўлди.

Ургут шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатадиган автобуслар ва микроавтобуслар қатнови 2 сентябрдан тўхтатилди.

Озодликка бу ҳақда хабар берган ургутлик Аслон Мўминовнинг айтишича, автобуслар ва “Дамас”ларнинг йўналишларга чиқмай қўйиши оқибатида, аҳоли қийналмоқда, таксилар нархи икки бараварга ошиб кетди:

- Ҳозир ëпилган. 2 сентябрдан бошлаб йўқ автобуслар. 11та Исузу автобуси бор эди янги. 400тага яқин енгил Дамаслар бор эди. Ҳаммасини бекор қилиб, кўчага ҳайдаганда бор Ҳасанга, бор Ҳусанга бўлиб қолган. Эга йўқ. Булар 300 сўм билан олиб бораëтган жойга таксилар1000 сўм билан олиб боришаяпти, - дейди ургутлик Аслон Мўминов.

Исми ошкор қилинишини истамаган бошқа бир ургутлик ҳам транспорт қатновининг тўхтатилгани аҳолида норозилик пайдо қилаётгани ҳақида гапирди:

- Бу корхонани 2 сентябрдан ëпган эканлар. Умуман ҳозир ноқонуний лицензияга эга бўлмаган, ҳужжатлари бўлмаганларга йўл очиб беришаяпти. Булар ишлаяпти. Ваҳоланки лицензияси 2016 йилгача бўлган катта корхонанинг фаолиятини чеклаб, гўëки бу ерда директор йўқ деб корхонани мақсадли ëпиб, бу корхонанинг йўналишларини бошқа корхоналарга сотиш, бўлиб бериш бўляпти,- дейди ургутлик суҳбатдош.

Озодлик бунинг сабабини билиш мақсадида, Ургут туманидаги “ЎзСамтранс” масъулияти чекланган жамият билан боғланди. Ўзини жамиятнинг муассиси деб таништирган Муротой Мўминовага кўра, 2 сентябрь куни “Ўзавтодарётранс” агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Иноятилло Ҳамроевдан жамият фаолияти 10 кунга тўхтатилгани ҳақида мактуб олган:

- Директоримизни олиб ташладилар. Уч ой бўлди. Уч ой ўтгандан кейин 2 сентябрда бизларга хат келаяптики, ëпилсин деб. Самарқандтранс Ҳамроевдан хат келди.

Озодлик: Нима учун ëпилишининг сабаби айтилганми?

- “Директор йўқлиги учун сизларга 10 кун муддат берамиз, директор топиб келинглар. Кейин судга оширамиз ишларингизни, кейин ëпамиз” деб айтган хатда. Кейин уч ой мана директор топамиз, уч марта директор олиб шуни таништирсак десак “Йўқ, бу бўлмайди”, дейди. Лекин мана ҳокимиятларга ҳам хат бердик. Бошқарматрансга ҳам хатни етказдик бизлар. Ҳозиргача бизлар ҳар ой 45-50 миллион бюджетга пул тўлаб келганмиз, нақд пул тушимига. 2 сентябрда ëпган бўлса, 12 сентябргача вақт берилган. Шу директор топамиз, бўйинларига олмайдилар, бўлмайди деб,- дейди Муротой Мўминова.

“Ўзавтодарётранс” агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Иноятилло Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда, корхона фаолияти қонуний асосда тўхтатилганини айтар экан, бунинг сабабини шундай деб изоҳлади:

- Бу масъулияти чекланган жамиятнинг ички фаолиятига бизнинг аралашишга ҳаққимиз йўқ, молиявий ҳолатига. Шунинг учун биз унга аралашганимиз йўқ, лекин унинг раҳбари у ердан ишдан бўшаган. Бизда лицензиялашда қарорда турибди, масалан раҳбар алмашса ëки раҳбар бўлмаса, ўз- ўзидан фаолияти тўхтатилади. Раҳбар билан ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси олий маълумотли автомобилист бўлиши керак. Бу шу йил чиққан қарор. Шунинг учун мен икки-уч марта огоҳлантириш хати берганман. Битта бу жамиятга эмас, вилоятда бундай жамиятларнинг кўпига хат берганман.

Мен ўзим хат бериб, лицензиясини тўхтатганман. Эртага бир жойда авария бўлади, бошқаси бўлади, корхонани раҳбарсиз юргизишга менинг ҳаққим йўқ-да. Шунинг учун огоҳлантиришдан кейин иккинчи этапда 10 кунликка тўхтатганман. Ҳозир раҳбар топиб олиб келган тақдирда менга, ким бўлишидан қатъий назар, олий маълумотли, транспортда беш йил стажга эга бўлган бўлиши шарт. Агар охирги уч йилда малакасини оширишга бормаган бўлса биз уни тўғридан тўғри аттестацияга жўнатамиз,- дейди “Ўзавтодарётранс” агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Иноятилло Ҳамроев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG