Линклар

logo-print

Қизил Китобга киритилган Бухоро жайронлари фуқароларга оталиққа берилиши маълум бўлди.

Бухоро қўриқхонаси жайронларни оталиққа бериш акциясини бошлади. Эндиликда истаган фуқаро ўзига кичик жайрончани танлаб, унга исм бериши мумкин. Бунинг учун у экомарказ ҳисобига жайроннинг озиқланиши учун маблағ ўтказиши лозим.

- Сиз ҳисоб рақамизга пул ўтказишингиз мумкин. Ёки шанба, якшанба кунлари, отпуск даврида келиб волонтёрлар каби ёрдам беришингиз мумкин,- дейди “Жайрон” экомарказининг раҳбари Эркин Йўлдошев.

Бугун Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Жайрон” экомарказида 700га яқин жайронлар бор. Бундан ташқари қулон, тоғ қўйлари ҳам шу марказда сақланади.

- Энди бизда апрел ойида туғилиш бошланади. Ёш жайрончаларни олиб, қўлда парвариш қиламиз. Келажакда биз миллий боғ, зоопаркларни таъминлаб берамиз, - дея ҳикоя қилади Эркин ака.

Она жайрон боласини сут билан тўлиқ таъминлаб катта қила олмаслиги сабабли жайрончалар қўлда парвариш қилинар экан.

Ўтган йил экомарказ жайронларнинг озуқаси учун маблағ қидирган эди.
"Икки йилдан буён кузатилаётган қурғоқчилик шундай акцияни уюштиришга мажбур этди", дейди экомарказ раҳбари.

Бундан ташқари мазкур акция экология муаммоларига ёшлар эътиборини ҳам жалб мақсадини кўзлаган.

- Гап - сўз билан меҳрни уйғотиб бўлмайди. Болалар ўзи келиб, боқиб катта қилса табиатга муносабати бошқача бўлади, - дейди Эркин Йўлдошев.

Унинг айтишича, бир жайрон боласини парваришлаш учун ойига 50 минг сўм сарфланар экан.

- Жайрон боласи уч ой давомида сигир сути билан катта қилинади. Ҳар куни бир жайронча бир литр сут истеъмол қилади. Кейинчалик беда, комбикорм, имконият бўлса, қиш даврларида сабзи каби маҳсулотларни берамиз. Жайронча сизга берилмайди, сиз келиб унга қарашингизга рухсат берилади. Уйга олиб кетишга рухсат йўқ,- деди экомарказ бошлиғи

Маълум бўлишича, экомарказ Ўзбекистон расмий идораларидан ҳам моддий маблағ олиб туради. Бироқ 16 минг гектар кенгликда жойлашган қўриқхонанинг муаммосини бу маблағ билан ҳал қилиш сўнгги йилларда қийин кечмоқда.

Жайронларга берилган исмлар эса экомарказ раҳбари Эркин акани кулдириб қўяди холос.

Озодлик: Эркин ака, жайронларнинг исмлари борми?

-Ҳа, бор. Энди бу сизнинг фантазиянгизга боғлиқ. Қандай хоҳласангиз шундай исм беришингиз мумкин. Кимдир ўзининг яхши кўрган қизининг исмини қўяди. “Қоракўз” дейдилар, бошқа дейдилар, ҳар хил,- дейди Эркин Йўлдошев.

Жайрондан ташқари истаган фуқаро Бухоро тоғ эчкиларини, тоғ қўйларини оталиққа олиши мумкин.

Айни пайтда экомарказнинг 30 нафар ходими ўз қатори ҳайвонларга меҳрли инсонлар билан кўпайишини кутаяпти.

Жайрон ҳақида маълумот:

Ташқи кўриниши.
Ўртача катталикдаги жуда чиройли кийик. Танасининг узунлиги 93-106 см, яғрин баландлиги 60-75 см, оғирлиги 20-33 кг га етади. Танаси хушбичим, оёқлари узун ва ингичка. Туси қум-кулрангда, танасининг пастки томони оқ. Думининг узунлиги 25 см га яқин, думининг учи қора. Ёш ҳайвонларда бурни учидан кўзигача тўқ йўл ўтади. Бу йўл ёши катта бўлганда йўқолиб кетади. Эркаклари шохли бўлиб, шохининг узунлиги 27-41 см га етади. Урғочилари шохсиз ёки 3 см ли шохли бўлади.

Тарқалиши. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Шимоли-Ғарбий Ҳитойда тарқалган. ХХ асрнинг биринчи яримида Ўзбекистоннинг барча текисликларида, Қизилқумнинг қолдиқ тоғлари, Помир-Олой ва Ғарбий Тян-Шан тоғ этакларида тарқалган эди. 1970 - йилларда Нурота тоғ тизмаси этакларида кузатилган. Бугунги кунга келиб ареали кичик популяцияларга ажралиб кетган.

Ҳаёт тарзи. Чўл ва яримчўлларнинг типик вакили. Асосан соз тупроқли ва шағалли чўлларда яшайди. Шунингдек мустаҳкамланган қумликларда, сийрак саксовулзорларда ва тоғ этакларида учрайди. Хилма-хил ўтлар, шувоқ, бошқа чўл ўсимликлар, дарахт ва бута барглари билан озиқланади. Йил давомида озиқа ва сув излаб деярли узоқ масофага кўчиб юради. Ноябр-декабрда жуфтлашади. (1-2) жайрончалар Апрель-май ойларида урғочиси 1-2 та болалайди. Дастлабки кунларда жайрончалар ўсимликлар орасига беркиниб олади, лекин тез орада югура бошлайди ва онасининг кетидан эргашиб юради. Илгари жайронлар катта-катта пода бўлиб яшаган, ҳозир эса жуфт-жуфт бўлиб ёки унча катта бўлмаган гуруҳга тўпланиб юради.

Сони. Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 5-6 мингта яқин жайронлар мавжуд. Ўтмишда кўп сонли бўлган. Нурота тоғ тизмасида бутунлай қирилиб кетган, фақат якка сонлари Навоий вилоятининг Нурота ва Конимех туманларига Марказий ва Жануби-Ғарбий Қизилқумдан киради. Камайиб кетишининг асосий сабаблари – ноқоқнуний овлаш ва ерларни ўзлаштириш.

Ҳолати. Ўзбекистон Қизил Китобига 2 (VU:D) - заиф, камайиб кетаёган, мозаикали тарқалган тур тоифасида киритилган. Халқаро Қизил Китобга киритилган. Овлаш тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG