Линклар

logo-print

Қирғизистонда диний адабиётлар мазмунини текшириш ҳуқуқи муфтият ва провослав черковига берилмоқчи.

Қирғизистон парламенти депутати Тўрўбай Зулпукаров мамлакатда анъанавий исломга мос келмаган, экстремистлик ва террорчилик руҳидаги адабиётларнинг кўпайгани боис “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳамда диний адабиётларни назорат қилиш ҳуқуқини муфтият билан провослав черковига юклаш ташаббусини кўтармоқда.

- Экстремистик руҳдаги диний оқимлар пайдо бўлмоқда. Вахобийлар пайдо бўлгани айтилаяпти. “Анъанавий динимизга янгилик киритган, экстремистик ва террорчилик руҳдаги бошқа оқимлар кўпайиб кетмасин”, деган хавотирдагина ўша қонун керак деяпмиз,- деди Тўрўбай Зулпукаров.

Айрим депутатларга кўра, мамлакат хавфсизлиги билан шуғулланувчи идораларда дин бўйича мутахасислар йўқ ҳисоб. Шу сабабли бошқа мамлакатлардан келаётган радикал руҳдаги адабиётлар текширилмасдан, Қирғизистонга осон кириб келаяпти.

Қирғизистонда шубҳали адабиётлар мазмунини ҳукумат қошидаги дин ишлари бўйича комиссия мутахасислари текширади. Мазкур ташкилот раҳбари ўринбосари Табилди Ўрўзалиев эса диний адабиётларни текшириш ҳуқуқини диний ташкилотларга бериш нотўғри бўлади, деб ҳисоблайди:

- Конституцияда “барча динлар тенг” деб қайд этилган. Биз дунёвий мамлакат бўлиб ҳисобланамиз. Шу сабабли муфтият ва рус проваслав черковига давлат вазифасини юклаш тўғри бўлмайди, - дер экан Табилди Ўрўзалиев Қирғизистонда ҳозир таъқиқланган Ҳизбут - Таҳрир оқимига тегишли адабиётлар кўплигини қўшимча қилди.

Ҳозирда Қирғизистонда чоп этилувчи исломий диний адабиётлар муфтиятда текширилиб, муфтият розилиги билан нашр этилади. Бироқ маълумотларга кўра, босилаётган китобларнинг ҳам фақат учдан бир қисмигина текширувга олиб келинар экан. Бошқа мамлакатлардан олиб келинган ва сотилаётган адабиётларни текширишга Қирғизистон муфтияти ҳақли эмас.

- Фақат муфтиятга келган китобларни чоп этиш-этмасликка рухсат бера оламиз. Бироқ сотувда бўлган ва ташқаридан олиб келинаётган китобларни текширишга имконимиз бўлмаяпти,- деди Муфтият қошидаги диний адабиётларни назорат қилиш бўлими ходими Тўлқин Арсен.

Унинг айтишича, хориждан олиб келинаётган диний китоблар мазмуни назоратини муфтиятга топшириш борасидаги депутатларнинг ташаббуси амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.


Ички ишлар вазирлиги Диний экстремизмга қарши кураш бўлими раҳбари Эмил Жээнбеков фикрича, мамлакатда диний адабиётлар бўйича хулоса чиқарувчи кенгаш ёки комиссия тузилиши керак.

- Биз бу борада ўз таклифларимизни киритганмиз. Бу масалада махсус экспертлар комиссияси ёки кенгаши тузилиши керак. Кенгашга олимлар, дин арбоблари, ҳуқуқ-тартибот органлари, нодавлат ташкилотлар вакилларини, қисқаси шу тармоқдаги экспертларни тўплаб пайдо бўлган масалалар бўйича керак пайтда ҳулоса олиш мумкун бўлади, - дейди Эмил Жээнбеков.

Унинг бу фикрига “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” аналитик маркази раҳбари Данияр Мурадилов ҳам қўшилади:


- Диний секталарнинг анъанавий динга қарама қарши келиш ёки келмаслигини муфтият назорат қилиши лозим. Секта, конфессиялар фаолиятида экстремистик ҳаракатлар бор ёки йўқлигини, аниқроқ айтганда, мамлакат хавфсизлигига доир томонини давлат назорат қилиши керак, - дейди Эмил Жээнбеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG