Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:59

Тожикистонлик ўқитувчилар қасамёдга келтирилади


Тожикистон Таълим вазирлиги томонидан тайёрланган қасамёддан мақсад ўрта мактабларда таълим сифатини яхшилаш экани айтилмоқда.

Тожикистон Таълим вазирлигининг билим ва инновация бўлими ходими Ражабали Сангов янги ўқув йилида республика ўрта мактабларининг аксариятида ўқитувчиларни қасамёдга келтириш маросими ўтказилганини маълум қилди.

“Тожикистон Конституциясига асосланган ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда, таълим-тарбия ишлари билан сидқидилдан шуғулланиб, ҳамкасбларим, шогирдларим ва ота-оналар шарафи ва ҳурматини бажо келтираман. Жамиятда пайдо бўлаётган ҳар қандай салбий омилларга қарши тураман. Ҳар қандай вазиятда зиммамдаги мажбуриятни сабр билан бажаришга интиламан”, дейилади вазирлик мутахассислари томонидан тайёрлаган қасамёд матнида.

Айни пайтда мавзу юзасидан мухбирингиз билан суҳбатлашган ўнга яқин тожикистонлик ўқитувчи ҳозирча қасамёд қабул қилмаганини, чунки қасамёд матни ҳали уларга топширилмаганини билдирди.

- Ҳозирча ҳеч ким бизга бу борада бирор нарса дегани йўқ. Бизда ҳозир фақат мустақилликни нишонлаш тадбирлари бўлаяпти, қасамёд матни байрамдан кейин биз томонга келса керак-да, - дейди суҳбатдошларимиздан бири, Шаҳритуз туманидаги 67-ўрта мактабда она-тили ва адабиётдан сабоқ бераётган Меҳринисо Қаландарова.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар ва ҳуқуқшунослар Таълим вазирлигининг республика мактабларида таълим сифатини яхшилашга оид сўнгги қарорини қувватламасликларини айтмоқдалар.

Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган ҳуқуқшунос Зафар Қурбонов вазирлик мутахассислари тавсияномаю, қасамёд ёзиш ўрнига, кўчаларга сочилган ўқувчиларни мактабларга қайтариш, уларнинг етарли билим олишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш устида бош қотириши лозим, дея мулоҳаза билдиради.

- Тожикистон Конституциясида ҳам, яқинда қабул қилинган “Фарзандлар тарбиясида ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонунда ҳам ўқитувчи қасамёд қилиши қайд этилмаган. Нега вазирлар, шаҳар ва туман раислари: “Халқимга ҳалол хизмат қиламан” дея қасамёдга келтирилмайди? Менимча, ўқитувчининг қасамёдга келтирилиши жуда кулгили, - дейди ҳуқуқшунос Зафар Қурбонов.

Ундаги маълумотларга кўра, мустақиллик йилларида республика ўрта мактабларида таълим ва тарбия сифати кескин ёмонлашган.

- Мактабни битирган ўқувчилар орасида ўз исм-фамилиясини ёза олмайдиган ўқувчилар кўпчиликни ташкил қилиши фикримизнинг исботидир, - дея қўшимча қилди ҳуқуқшунос Қурбонов.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил биргина Сўғд вилоятида тахминан тўрт юзга яқин ёш ўқитувчи мактабни тарк этган. Бунга эса ўқитувчилар ойлик маошларини ўз вақтида ололмагани сабаб бўлгани айтилади.

Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов шу йил июн ойида журналистларга берган матбуот анжуманида ҳар йили минглаб мутахассислар тайёрланаётганига қарамай, республика мактабларида 17 мингдан ортиқ ўқитувчи етишмаслигини эътироф этганди.

Таҳлилчилар эса бунинг сабабини ўқитувчиларнинг ойлик маоши жуда озлиги билан изоҳлайдилар.

Айни пайтда Тожикистон мустақиллигининг йигирма йиллик юбилейи арафасида Таълим вазирлиги томонидан қабул қилинган янги қарорга биноан қасамёд қилган, аммо унга хилоф иш кўрган ўқитувчилар жазога тортилиши айтилмоқда.

- Ҳуқуқий асосга эга бўлган ҳужжат талабларини бузган ёки бажармаган ўқитувчилар Тожикистон Меҳнат кодексининг 123-бандига мувофиқ, интизомий жазога тортилади, - дея маълум қилди Тожикистон Таълим вазирлигининг юристи Сайвали Қодиров.

Кўпчилик тожикистонликларга ғайриоддий туюлаётган ўрта мактаб ўқитувчиларни қасамёдга келтириш тадбирининг олий ўқув юртлари муаллимларига дахли йўқлиги билдирилди.
XS
SM
MD
LG