Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:44

АҚШда террор қурбонлари хотирланди


2001 йил 11 сентябрида АҚШга қарши террор ҳужумлари амалга оширилганининг 10 йиллиги муносабати билан якшанба куни АҚШда хотира маросимлари бўлиб ўтди.

Тадбирда Ал-Қоида уюштирган террор ҳужумлари пайтида нобуд бўлганларнинг исм-шарифи ўқиб эшиттирилди.

Хотира маросимида АҚШ президенти Барак Обама ва собиқ президент Жорж Буш рафиқалари билан бирга иштирок этдилар.

Ню Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг осмонўпар эгизак бинолари ва Пентагон биносига ўғирланган йўловчи самолётлар келиб урилгани, шунингдек, Оқ Уй томон парвоз қилаётган самолёт Пенсилвания штатида ерга қулагани оқибатида уч мингга яқин одам нобуд бўлган.

Улар орасида жаҳоннинг ўнлаб мамлакати, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Жон Кеннеди номидаги Санъат марказида уюштирилган хотира маросимида сўзлаган президент Обама терроризмга қарши курашни Америка тарихида енгиб ўтилган энг жиддий муаммолар сирасига киритди.

2001 йил 11 сентябр ва ундан кейин Афғонистон ва Ироқда бошланган урушда қурбон бўлганлар хотирасига уюштириладиган маросимда қатнашадиган келажак авлодни назарда тутиб Обама қуйидагиларни айтди:

- Улар Америка Қўшма Штатлари иродасини ҳеч нарса синдира олмаслигини биладилар. Ёш авлод биз қулдорлик ва фуқаролар урушини енгиб ўтганимизни, бепул овқат учун ишсизлар навбати ва фашизмни енгганимизни, иқтисодий ортга кетиш ва исёнларни, коммунизм ва албатта терроризмни ҳам мағлуб этганимизни эслашади. Уларга биз мукаммал эмаслигимиз, аммо бизнинг демократия мустаҳкам экани эслатилади, - деди АҚШ президенти.

Хотира маросимида сўзлаган президент Обама: "Ўша куни ҳаётдан кўз юмган қарийб уч мингга яқин бегуноҳ кишилар орасида 90 дан ортиқ мамлакатнинг юзлаб фуқаролари – эркагу аёл, ёшу қари, турли-туман ирқ ва эътиқод вакиллари бўлгани ҳамон эсимизда. Бугун биз уларнинг оилалари ва мамлакатлари билан ўтганлар хотирасини ҳурмат билан ёд этамиз”, дея баёнот берди.

Ню Йоркдаги маросимда сўзлаган шаҳар ҳокими Майкл Блумберг ўтган 10 йил мобайнида яралар тузалгани, аммо нобуд бўлганлар хотираси абадий қолажагини урғулади.

- Ажойиб тонгги мовий осмон энг қора тунларга айланган кунга 10 йил бўлди. Ўтган даврда биз чарақлаган қуёш ва соя остида яшадик. Биз бу ерда нима бўлганини бошқа ҳеч қачон кўрмаймиз. Аммо биз ота-онасидан жудо бўлган болалар катта бўлгани, набиралар дунёга келгани, яхши ишлар қилингани ва биз севган яқинларимиз - ҳужум қурбонларининг хотира маросимларини ўтказиш анъанага айланганини кўраяпмиз, - деди Майкл Блумберг.

Ню Йоркдаги маросимдан кейин АҚШ президенти Барак Обама рафиқаси Мишел билан бирга Пентагон ҳамда Пенсилвания штатида самолёт қулаган Шанксвил шаҳрида ўтказилган хотира маросимларида ҳам иштирок этди.

Вашингтондаги маросимда террор ҳужумида нобуд бўлганларнинг мингдан ортиқ оила аъзолари ва яқинлари, шунингдек, АҚШ вице президенти Жозеф Байден, мудофаа вазири Леон Панетта ва АҚШ қўшинлари Бош штаби бошлиғи Майк Маллен иштирок этдилар.

2001 йил 11 сентябр куни ўғирланган самолёт Пентагон биносига келиб урилгани оқибатида 59 йўловчи ва бино ичида бўлган 129 киши нобуд бўлганди.

АҚШга қарши террор ҳужумлари амалга оширилганининг 10 йиллиги арафасида пойтахт Вашингтон ва Ню Йорк шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бунга Ал-Қоида яна ҳужум уюштириши мумкинлиги ҳақидаги хавотир сабаб бўлди. АҚШга қарши уюштирилган ҳужумлар учун масъулиятни Ал-Қоида гуруҳи ўз зиммасига олган.
XS
SM
MD
LG