Линклар

Россияга кўчишни истаган ўзбеклар кўпаймоқда


Кузатувчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда легал яшаш ва ишлаш билан боғлиқ муаммолардан безганлари учун бу мамлакат фуқаролигини олишга қизиқмоқдалар.

Кузатувчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда легал яшаш ва ишлаш билан боғлиқ муаммолардан безганлари учун бу мамлакат фуқаролигини олишга қизиқмоқдалар.

Россия фуқаролигини олишга қизиққан постсовет ўлкалари ичида Ўзбекистон фуқаролари пешқадамлик қилаяпти.

“Новий Регион” ахборот агентлигининг Росстатга таянган ҳолда хабар қилишича, 2011 йилнинг биринчи ярмида Россияда 159 минг хорижлик фуқаролик ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олган. Уларнинг 28600 нафарини ўзбекистонликлар ташкил қилади. Қирғизистонликлардан эса 19900 киши биринчи ярим йилликда Россия фуқаролиги олган.

Кузатувчиларга кўра, ўзбекистонликларнинг Россия фуқаролиги олишларидан мақсад бу ҳудудда муаммосиз ишлаш бўлса, қирғизистонликларнинг ўз фуқаролигини алмаштиришларига 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган ва ҳали ҳам асорати сезилиб турган миллатлараро тўқнашув сабаб бўлган.

Марказий Осиёнинг бу икки давлатидан Россияга кўчиб бораётган кишиларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб кишилардир.

Аснода Россияда қирғизистонликларнинг фуқаролик олиши осонроқ кечмоқда.

- Россияда Қирғизистон ва Қозоғистон фуқароларига иш учун рухсатнома олишдан кўра, икки томонлама шартномаларга мувофиқ, фуқаролик олиш осонроқ кечади, - дея иқтибос келтиради Россия Федерал миграция хизмати директорининг собиқ ўринбосари, ҳозирда эса “Миграция 21 век” жамғармасининг раҳбари бўлган Вячеслав Поставнин сўзларидан “Новие Известия” газетаси.

Ўтган ярим йил ичида Кавказорти ўлкаларидан Россияга қарийб 30 минг киши кўчиб келган. Хусусан, бу мамлакатлар орасида пешқадамлик қилаётган Арманистондан 15000 киши Россияга кўчиб ўтгани айтилмоқда.

Шунингдек, маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияга Болтиқбўйи республикаларидан 1600, Хитойдан 3000, Германиядан эса 1900 киши кўчиб келган.

Федерал миграция хизматига кўра, Россиядаги демографик таназзул ҳар йили мамлакатга миллион кишининг кўчиб келишига эҳтиёж туғдираётибди. 2020 йилга келиб мамлакатда меҳнатга яроқли аҳолининг 14 миллионга қисқариши кутилмоқда. Нафақахўрлар ва уй бекаларини ишга солган тақдирда ҳам бу тирқишнинг фақат учдан бири ёпилиши айтилмоқда. Учдан иккисини эса хориждан келадиган 700 минг меҳнат муҳожири тўлдириши мумкин.

Муҳожирларга Россия фуқаролиги умумий ва осонлаштирилган тартибда берилиши мумкин. Осонлаштирилган тартибда фуқаролик олиши мумкин бўлган шахслар сирасига отаси ё онаси Россия ҳудудида яшаган ва унинг фуқароси бўлган, СССР парчаланганидан кейин ҳеч қайси давлат фуқаролигини олмаган, СССР тарқалгунича Россия Федерацияси ҳудудида туғилган, Россия олийгоҳларида ўқиган, Россия фуқаросининг турмуш ўртоғи бўлган ва у билан камида уч йил яшаган шахслар ҳамда Россия Федерацияси ҳудудида доимий яшаб келаётган Улуғ Ватан уруши қатнашчиси бўлган кишилар киради.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Белоруссия фуқаролари учун Россия фуқаролигини олиш яна ҳам осон. Россия паспортини олиш учун бу шахслар, давлатлараро шартномаларга кўра, аввалги фуқаролигидан кечишлари кифоя.

Бошқа шахслар фуқаролик олиш учун Россия ҳудудида беш йил қонуний равишда яшашлари ва ишлашлари лозим бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG