Линклар

ҲРУ: "Гулнора Каримова мода оламидан ҳайдалиши керак!"


Ўзбекистон Халқ ҳаракати аъзолари Ню Йоркда норозилик тадбири ўтказмоқда.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати аъзолари Ню Йоркда норозилик тадбири ўтказмоқда.

Guli коллекцияси кўргазмасининг Ню Йорк Мода ҳафталиги дастуридан олиб ташланиши ортидан Ҳюман Райтс Уотч шунга умид қилмоқда.

- Бундан кейин Ню Йорк Модалар ҳафталиги каби обрўли тадбирлар шоҳсупасида репрессив ҳукумат манояндаси бўлган дизайнерга ўрин берилмаганидан мамнунмиз, дейди Озодлик билан суҳбатда Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ҳю Уилямсон.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ўз коллекциясини Ню Йоркнинг Линколн марказида 15 сентябр куни дизайн оламининг Ралф Лорен, Келвин Клайн, Наим Хан каби номдорлари билан бир қаторда тақдим этишни режалаётган эди.

Аммо Мода ҳафталиги ташкилотчилари Ҳман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти босимлари, Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланилишига қарши норозилик намойишлари ҳамда Америка матбуотида босилган бир қатор мақолалар боис Каримова хоним либослари кўргазмасини бекор қилишга мажбур бўлди.

Ню Йорк Модалар ҳафталиги ташкилотчиси бўлган IMG (International Management Group) ширкати вакили Зак Эйкман: "Хавотирга сабаб бир неча масалалар кўтарилгани боис 15 сентябрга белгиланган “Guli” шоусини бекор қилдик", - деб билдирди матбуотга жумладан.

- Болаларни қул қилиб ишлатиш, диссидентларни қийноққа солиш ҳеч қачон безак бўлмаган. Мода ҳафталиги шоҳсупасида репрессив ҳукумат вакилига ўрин берилмагани бу режим учун тўғри мужда йўллайди, деб умид қиламиз”, дейди Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Уилямсон Озодлик билан суҳбатда.

Ҳуқуқ фаоллари ҳамда журналистлар Мода ҳафталиги ташкилотчилари эътиборини Ўзбекистонда президент Ислом Каримов режими остида содир этилаётган жиддий қонунбузарликлар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, болалар меҳнатидан воз кечилмаётганига қаратишди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ўзбек қамоқхоналарида бир қанча журналист, ҳуқуқ ва мухолифат фаоли азоб чекмоқда, мунтазам қийноққа солинмоқда.

Ҳар йили икки миллиондан ортиқ бола мактабда ўқиш ўрнига пахта даласига ҳайдалади¸ деб давом этади ташкилот расмийси.

- Гулнора Каримова, инсон ҳуқуқлари энг абгор бўлган ўзбек режимининг асосий намояндаларидан бири ҳисобланади. Бу каби тадбирлар унинг ўзи ва отаси бош бўлган ҳукумат имиджини оқлашга ёрдам беради. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, дейди Ҳю Уилямсон.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти баёнотлари ҳамда газетадаги чиқишлардан ташқари, Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоллари ҳам Мода ҳафталиги ўтаётган Линколн маркази қаршисида намойиш ўтказишди, ню йоркликларга варақалар тарқатишди.

Шиор ва варақаларда "Ўзбек болалари Гулнора Каримовани бойитиш учун қул каби пахта термоқда"¸ " Гулнора сен 4 йил олдин менинг ҳаққимни егансан!" деган мазмундаги ëзувлар бор эди.

Мода ҳафталиги ташкилотчиларидан бири шанба куни намойиш қатнашчилари олдига чиқиб, “Сизлар ғолиб бўлдингизлар, Гулноранинг томошасини бекор қилдик, у қатнашмайдиган бўлди”, деб айтган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи сўнгги йилларда дунё аслзодалари давраларида саховатпеша аёл сифатида Шерон Стоун, Элтон Жонс ва ҳатто АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон қатнашган давраларда кўзга ташлана бошлаган эди.

Ўтган йили у ўзининг Guli бренди остидаги кийимлари ва тақинчоқлари билан Ню Йоркдаги Модалар ҳафталигида иштирок этган эди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги ташкилотчилари ва ҳомийларига мактуб йўллаб, токи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмас экан¸ Гулнора Каримовани бундан буён ҳам ўз тадбирларига таклиф этмасликни сўради ва бошқа ширкатларни ҳам шунга чақирди.

Икки йил аввал Гулнора Каримовани "Дунёнинг энг ёмон қизлари" рўйхатига киритган "Foreign Policy" журнали “Каримова хоним Европада хушбичим қоматли, саховатпеша аёл сифатида танилган, уни катта давраларда юлдузлар билан бирга кўриш мумкин, ватани Ўзбекистонда эса Каримова хоним қаттол диктатор отасининг вориси бўлишга тиришаётган ва йирик молия орттириш йўлида отасининг мавқеидан фойдаланаётган шахс" экани ҳақида ёзган эди.

Аввалроқ, бу рўйхатга Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ирнинг қизи Ким Жонг Нам, Хитой Президенти Ху Жинтао қизи Ху Найфенг, Бирманинг сўнгги бош вазири Не Виннинг қизи Сандар, Таиланд собиқ бош вазири Таксин Шинаватранинг қизи Пинхонгталар киритилган эди.

Гулнора Каримованинг Guli коллекцияси кўргазмасининг Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги дастуридан олиб ташланиши ҳуқуқ ҳимоячиларининг навбатдаги ғалабаси ўлароқ кўрилмоқда.

Бундан олдин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг яна бир қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Rue89 нашри устидан берган шикоят аризаси Париж судида қондирилмаган эди.

Суд президентнинг қизи ва Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили Каримовани "диктаторнинг қизи", Ўзбекистон президентини эса "диктатор", деб атаган француз журналисти Огустен Скалберт ўз мақолаларида билдирган фикрларни ҳақиқат деб тан олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG