Линклар

Қаддафийчилар нефть заводига ҳужум қилди


Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар Ливияда Рас-Лануф шаҳри яқинидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирди.

Хабарларга қараганда, жанг давомида камида 15 киши нобуд бўлган. Бироқ ҳалок бўлганларнинг Қаддафий тарафдорлари ёки исёнчилар эканлиги аниқ эмас.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, заводга ҳужум қилар экан, Қаддафий тарафдорлари корхонага жиддий зарар етказмаган.

Айни пайтда Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши жангчилари Бани Валид шаҳридаги жанг ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Бу шаҳар ҳануз ҳокимиятдан четлаштирилган Муаммар Қаддафийга тарафдор кучларнинг назоратида қолмоқда.

Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбарияти бу шаҳарни тўла ўз назоратига олмагунига қадар Ливияни Қаддафий ҳукмронлигидан тўла озод бўлган давлат, дея эълон қилмаслигини айтган.

Шунингдек, Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбарияти 10 кун ичида янги Ўтиш даври ҳукумати тузилишини ваъда қилди.

Айни кезда Қаддафийнинг ўғилларидан бири Саади Қаддафийнинг Нигерга қочиб боргани маълум бўлди.

38 ёшли Саади Муаммар Қаддафийнинг учинчи ўғли бўлиб, асосан, футбол билан шуғулланган. 2004 йилда спортни тарк этиб, Ливия армиясига келган ҳамда Ливия махсус кучларига раҳбарлик қилаётган эди.

Муаммар Қаддафийнинг қаерда экани ҳануз номаълум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG