Линклар

Британия Бош вазири Дэвид Камерон 12 сентябр куни Москвада Россия раҳбарлари билан музокара олиб борди.

Бу 2005 йилдан бери Британия Бош вазирининг Россияга илк сафари бўлди.

Бир кунлик ташрифдан мақсад Кремл танқидчиси бўлган Александр Литвиненко 2006 йилда Лондон касалхонасида вафот этганидан кейин совиб кетган ўзаро алоқаларни янги поғонага кўтаришдан иборат.

Камерон билан ўтказилган матбуот анжуманида Россия президенти Дмитрий Медведев Кремл Литвиненконинг ўлимида айбланган собиқ КГБ ходими Андрей Луговойни тутиб топшириш ҳақидаги Лондоннинг талабини бажармаслигини яна бир карра таъкидлади.

- Биз у ёки бу муаммога, жумладан, Литвиненко иши юзасидан олиб борилаётган текширувга ҳар хил назар билан қарашимизни тан олишимиз керак. Бунга қонунчилик тизимининг ҳар хил экани сабаб. Аммо бу бошқа соҳадаги алоқаларга тўсқинлик қилмаслиги керак. Агар лозим бўлса, биз ўз қонунчилигимизга асосланган ҳолда, ҳар қандай масалани муҳокама қилишга тайёрмиз, - деди Россия раҳбари.

Литвиненко масаласи ҳали ёпилмаганини урғулаган Дэвид Камерон уни ўлдирганликда гумон қилинган шахсни адолатли суд олдига олиб келиш йўлидаги Британиянинг уриниши давом этишини қўшимча қилди.

Москва Давлат университети талабалари олдида чиқиш қилган Камерон сўнгги йилларда Россия ва Британия муносабатлари “мураккаб” бўлганини тан олиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.

- Ҳа, албатта, Британия ва Россия ўртасидаги муносабатлар бир муддат қийинлашгани ва биз муросага кела олмаганимиз, масалаларга холислик билан ёндашишимиз керак бўлганини тан оламан. Аммо бу тонг мен ҳамкорликка асосланган янгича ёндашув асосида алоқаларни янгилаш керак, деган ниятдаман, - деди Британия Бош вазири Москва Давлат университетида сўзлаган нутқида.

Кремлда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Британия ва Россия раҳбарлари қатор шартномалар, жумладан, Rolls Royce ширкати ва давлатга қарашли Росатом компанияси ўртасида ҳамкорликка оид шартномани ҳам имзоладилар.

Британия Бош вазири Москвага бир кунлик ташрифи чоғида Россия Бош вазири Владимир Путин билан ҳам музокара олиб борди. Путин тўрт йилдан ортиқ вақтдан бери Британия ҳукумати вазири ёки дипломати билан учрашмаган эди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон Россия президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин билан учрашувлар орасида Кремл танқидчилари сифатида танилган етакчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ҳам учрашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG