Линклар

logo-print

Ўзбекистон расмий идоралари шу савол юзасидан сўров ўтказишга чоғланаëтган бир пайтда¸ Озодлик уч тадбиркорни суҳбатга тортди.


“Ўрганамиз ва ҳал қиламиз”

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар фаолиятига тўғаноқ бўлаётган камчиликлар кўламини ўрганиб, бу муаммоларни бартараф қилиш йўлларини қидираяпти.

Мазкур палатанинг расмий сайти chamber.uz орқали хабар қилинишича, мамлакатнинг барча вилоятларида тадбиркорлар ўртасида сўров ўтказилиб, улар дуч келаётган муамммолар ўрганилади.

Мамлакатдаги 9973 та маҳаллада ўтказиладиган сўровда 500 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этади.

Маҳаллаларда ташкил қилинган махсус ишчи гуруҳлар тадбиркорларга махсус анкета тақдим қилишади ва анкета жавоблари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ўрганиб чиқилади.

Палата вакиллари тадбиркорлар муаммоларини таҳлил қилгач, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси бу муаммоларни бартараф этиш учун конкрет таклифлар бериши режалаштирилган.

“Муаммолар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади”

Навоийдаги “Мурунтай” савдо-ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Рамазон Саломов 17 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади.

Шу пайтгача Рамазон Саломов икки марта айни кўринишдаги тадбирда иштирок этган.

- Менга бу нарса таниш. Нима учун деганда¸ 2001 йилда, 2003 йилда яъни Институт стратегического развитие при Президенте республики Узбекистан деган институтда бизлардан мана шу муаммоларни сўраб ўрганиб чиққан эди. Ҳозир шуни янада ҳам шлифоват қилиш кетаяпти. Бу саволлар менга қайта, қайта, қайта берилган. Мен бунга жавоб берганман, жавоб топганман ва ҳоказо. Муаммолар бўлган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ечиладиган муаммолар бор, ечилмайдиган муаммолар бор. Менда масалан унақа катта муаммо йўқ. Биласизми бундай тадбиркор бўламан деган одам қийинчиликдан қўрқадиган одам бўлмаслиги керакда. Ҳозир мен ўйлайманки, Ўзбекистонда ишлаш учун, ишлаб чиқариш учун барча қулайликлар яратилган. Лекин уни янаям шлифоват қилаяпти давлат, дейди навоийлик тадбиркор.

“Бюрократия бор, лекин мен уни синдираман”

Рамазон Саломов ўзи дуч келаётган муаммолар ҳақида ошкора тўхталишни истамади, бироқ у тадбиркорлар йўлида жиддий маъмурий тўсиқлар борлигини яширмади.

- Бюрократия нима? У шамол. Шамолни ушлай оласизми, йўқ, кўра оласизми, йўқ. У тўсатдан келади, шу тўсқин бўлади, лекин у кўринмайди. Уни ушлаб ҳам бўлмайди. Нимага деганда¸ уни исботлаб бера олмайсан. Менда шунақа тўсқинлик пайдо бўлган пайтда, ўша одамни шундайгина ўтказаманда, у билан қонунлар ҳақида суҳбатлашаман. Агарда сиз ўз ҳуқуқингизни биладиган бўлсангиз, бюрократ¸ албатта¸ отступат қилади. Кураш бу. Шунинг учун менга тўсқинлик қила олмайдида. Қилса ҳам синдириб ташлайман, эзиб ташлайман ëки ошкора қиламан, дейди қаътийлик ва ишонч билан навоийлик тадбиркор Рамазон Саломов.

“Ўзбек фермери ҳоким қўлидаги маҳбус”

Жиззахдаги”Ортиқбой-қулжон” фермер хўжалиги раҳбари Назира Ортиқова 12 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади.

Фермер аёлга кўра, бугунги кунда ўзбек фермери дуч келаётган муаммолар талайгина.

- Умуман фермер¸ ҳалиги ҳуқуқсиз одам бўладику заключенний, шу қамоқдагидай сезамиз ўзимизни, қийналиб кетдикда. Бизни қийнаëтган муаммо, масалан, чопиқ қиламизда пахтани. Уч марта чопиқ, бир марта ўроқ ўти қилиниши керакда ўзи агротехникасида¸ 12 марта култивация қилиниши керак. Дори ўғитлари ўз вақтида берилиши керакда. Масалан¸ булар сув йўғида дорини команда қилади. 10 тоннами, 10 тоннани ҳозир олиб бориб соласан, дейди. Соласиз. Кейин сув бўлмайди. Парланиб учиб йўқ бўлиб кетади у. Ғўзага таъсири бўлмай қолади. Кейин солярка керак пайтда солярка ололмаймиз. Шартномани икки-уч марта алмаштиради. Масалан¸ бошида 24 центнердан пахта берасиз, дейдида, пахта пишиб етилган вақти 30 центнердан берасиз, дейди. Шартнома бир марта бўлиши керакку ўзи. Хоҳлагани сўкади, хоҳлагани урушади фермерни. Фермернинг ҳуқуқи йўқда. Ҳисоб рақамимизга хўжайинмасмиз. Ғалладан фойда қилсангиз ҳам, пахтадан фойда қилсангиз ҳам барини уларнинг ўзлари ҳал қилишади. Бизлар хўжайин эмасмиз, дейди 63 гектар ер майдонида фермерлик қилаётган Назира Ортиқова.

Фермер аёл муаммолар кўламини раҳбарларнинг фаолияти билан боғлайди.

- Тепадаги вилоят ҳокимларига боғлиқда. 12 йилдан бери фермер бўлган бўлсам, шу вақтгача қийналганим йўқ эди. Бир йилдан бери умуман қийналиб кетдик. Қолган вақтда ҳеч қийналганимиз йўқ эди. Мана вилоят ҳокимимиз Убайдулла Ëмонқулов вақтида шундай бир иш олиб борардиларки, қийналмасдикда. Фермернинг жуда катта ҳуқуқи бор эди. Масалан¸ химияга борсак, “Менинг телефон номерим шу. Агар муаммо бўлса, айтинглар” дердилар йиғилишда. Фермернинг яхши ҳуқуқи бор эдида, дейди жиззахлик фермер аёл.

“Порахўрлик бор, бунга ўзимиз айбдормиз”

15 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаётган тошкентлик Саид Аҳмедов ҳам ўзи дуч келаётган муаммоларни санайди.

- Қонунларнинг бажарилиши хўжакўрсинга қилинаëтгани бор. Энг катта муаммомиз қоғозбозликлар. Тадбиркорни копток қилиш. У ëққа бор, буни олиб кел, бу ëққа бориб буни олиб кел. Яна¸ масалан¸ совет давридан қолган коррупциянинг асорати ҳали ҳам бор, дейди тошкентлик тадбиркор.

Саид Аҳмедовга кўра, муаммолар ечими тадбиркорнинг ўзига боғлиқ. Агар тадбиркор ўз ҳуқуқини билган ҳолда қонунлардан хабардор бўлар экан, муаммолар барҳам топиши муқаррар деб ҳисоблайди Аҳмедов.

- Банкда муаммолар бўлган, карточка бўйича муаммолар бўлди, контрактларимиз бўйича солиқ органлари билан муаммолар бўлганда хат билан юқорига мурожаат қилиб, шу масалада ўз муаммоларимни ечиб кетганман. Бошқа органлар билан боғлиқ муаммоларни ҳам шунақа ҳал қилганман. Яъни бизларнинг кўп тадбиркорлар шу нарсага эътибор бермасдан айланма йўл билан ўтмоқчи бўлишади, пора беришади. Унақа қилиш керак эмас. Кўпчилик қонунни билмагани ҳисобига ўзининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаяпти. Пул билан тўғирлаб кетишнинг пайида бўлишиб, нима қилишаяпти. Берма, берма ўшанга пулни. Битта, иккита, 10та, 20таси бермасин. Бу нарса тўхтайди кейин. Ўзимиз айбдормиз. Шу нарсани бераëтганимиз. Пора бериб ер олади, пора бериб планни бажаради. Шу нарсани бермасин, нима қила олади? Хўп биттасини бўшатар, иккинчисини қўяр. Иккинчиси бермасин. 10та, 20та, уларнинг ҳаммасини бўшата олмайди. Тўғри жойига тушиб кетади бу нарса. Ўзимиз айбдормиз. Йўл қўйиб бераяпмиз шу нарсага, дейди Саид Аҳмедов.

“Президент ҳам муаммолардан хабардор”

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ходимасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, тадбиркорлар ўртасида улар муаммолари борасида сўров ўтказиш тадбири орқали тадбиркорлар фаолиятига ғов бўлаëтган маъмурий тўсиқлар бартараф қилиниши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топиши учун имкониятлар кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.

Суҳбатдошга кўра, ушбу тадбир Ўзбекистон президентининг 24 августда имзолаган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқиб амалга оширилаяпти.

Президентнинг айни фармонида айтилишича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, тадбиркорлик фаолиятини чеклаётган бир қатор муаммолар ҳал этилмай қолмоқда.

Ҳужжатга кўра, назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари учраяпти.

Шунингдек, кичик бизнес маҳсулотларини ҳудудий ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш бўйича амалий механизм йўқлиги қайд этилади президент фармонида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG