Линклар

Қирғизистонда контрабандага кўмаклашганлар ишдан олинди


Қирғизистонда жорий йилнинг саккиз ойи ичида уч марта бензин тақчиллиги кузатилган.

Қирғизистонда жорий йилнинг саккиз ойи ичида уч марта бензин тақчиллиги кузатилган.

Қирғизистондан Тожикистонга контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган бензин миқдори кунига бир неча минг тоннани ташкил этмоқда.

Бу ҳолатни эътироф этган Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев қўшни мамлакатга қилинаётган контрабандани тўхтата олмагани учун Боткен вилоят милицияси, чегара хизмати, молия полицияси, божхона хизмати раҳбарлари ва вилоят прокурори лавозимидан бўшатилишини эълон қилди.

- Бугун биз фақат вилоят раҳбарларини лавозимидан бўшатдик. Агар контрабанда тўхтамайдиган бўлса, республика миқёсидаги раҳбарлар ишдан бўшатилади. Контрабандачиларга кўмак кўрсатишни бас қилинглар, - деди Алмазбек Атамбаев.

Бош вазирнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳар 20 минг тонна контрабанда бензиннинг фақат 400 тоннасинигина ушлаб қолмоқда, бу ҳолат ҳам камдан-кам ҳолатларда юз бермоқда.

Алмазбек Атамбаев Қирғизистондан Тожикистонга қилинаётган бензин контрабандасида божхона, милиция, Миллий хавфсизлик хизмати ва чегара хизмати расмийларининг қўли борлигини таъкидлади.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев эса айни пайтда милиция ходимлари орасида контрабандачиларни қўллаётган шахслар аниқланиб, ишдан олинаётганини маълум қилди.

- Биз 10 куннинг ичида 85 та бензин ташувчи автомашинада Тожикистонга жўнатилаётган контрабанда ёнилғисини ушлаб қолдик. Бу ҳолат юзасидан текширув олиб борилганда Боткен вилоят милицияси бошлиғи ўринбосари контрабандачилар билан алоқадорлиги аниқланди. Шунинг учун у ишдан бўшатилди, -деди Зарилбек Рисалиев.

Аснода хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар ва таҳлилчилар Боткен вилоятидан Тожикистонга контрабанда бензин олиб ўтиладиган 5 та яширин йўл борлигини билдиришмоқда. Бироқ бу маълумот шу кунгача ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ўрганилиб ҳам чиқилмаган.

Бироқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев контрабанда бензинининг асосий қисми Тожикистонга яширин йўллар орқали эмас, тўғридан-итўғри божхона орқали ўтаётгани аниқланганини билдирди.

- Контрабанда бензиннинг асосий қисми яширин йўллар билан эмас, божхонадан ўтмоқда. Биз бу борада 9 жиноят иши очиб, 400 тонна бензинни муосдара қилдик, - деди Кенешбек Дуйшебаев.

Қирғизистонда 2011 йилнинг 8 ойи ичида камида уч марта ҳар бири 10-15 кунга чўзилган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тақчиллиги юзага келди. Россиядан Қирғизистонга кўмак сифатида арзон нархда берилаётган бензиннинг Тожикистонга қиммат нархда сотилаётгани аниқлангач, расмий Москва қирғиз ҳукуматидан мазкур чайқовчиликни тўхтатишни талаб қилган. Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати 15 июнда ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини бошқа давлатларга чиқаришни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Мазкур ҳужжат имзолангач, Боткен вилоятида Тожикистонга бензин контрабандаси авж олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG