Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:01

Душанбеда энергетиклар йиғилди


Душанбеда ўтаётган Энергия самарадорлиги бўйича иккинчи халқаро форумга жаҳоннинг 25 мамлакатидан вакиллар келди.
Душанбеда ўтаётган Энергия самарадорлиги бўйича иккинчи халқаро форумга жаҳоннинг 25 мамлакатидан вакиллар келди.

Тожикистон пойтахтида энергия самарадорлиги бўйича иккинчи халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Дунёнинг 25 та давлатидан Душанбе шаҳрида тўпланган энергетикларнинг асосий мақсади Марказий Осиё давлатларида энергетика соҳасида ислоҳот ўтказишдан иборатлиги айтилган.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири муовини Пўлат Муҳиддиновнинг билдиришича, халқаро тадбирнинг яна бир мақсади минтақа давлатларидаги гидроэнергетик лойиҳалар учун кўпроқ хорижий сармоядорларни жалб қилишдан иборат.

- Бугунги кунда Жанубий ва Шарқий Осиё давлатларининг иқтисодий ўсиб бораётгани кузатилади. Аммо Марказий Осиё давлатларида энергетика соҳасини ривожлантирмай туриб, иқтисодиётимизнинг ўсишига умид боғлаш имконсиздир. Шуни назарга олган ҳолда, бугунги тадбирда донор давлатларнинг диққатини минтақадаги, жумладан, Тожикистондаги гидроэнергетик лойиҳаларни сармоялашга қараштишимиз лозимдир. Чунки бизда бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда катта заҳиралар мавжуддир, - деди тожик расмийси Пўлат Муҳиддинов.

Тожикистон Энергетика вазирлиги расмийси, агар ўз мамлакати ихтиёридаги сув заҳираларининг ҳаммасидан фойдаланса, йилига 527 миллиард кВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконига эга бўлишини билдирди.

- Аммо, афсуски, ҳозирда биз бу заҳираларнинг атиги 4 фоизидан фойдаланиб, йилига 19 миллиард кВт/соат электр ишлаб чиқараяпмиз, холос. Шуни назарга олган ҳолда, бугунги кунда биз имкони борича кўпроқ гидроиншоотлар қуриш мақсадида хорижий инвесторлар ва давлатларни ҳамкорликка даъват этмоқдамиз, - деди энергетика вазирининг муовини Муҳиддинов.

Тожик расмийлари Роғун ГЭСи Тожикистонни энергетика инқирозидан чиқариши ва минтақа давлатлари ҳамда Афғонистону Покистонни арзон электр билан таъминлаши мумкин бўлган йирик гидроиншоот экани кўп марта такрорлаган.

Бироқ Ўзбекистон талаби билан бу гидроиншоот лойиҳасини иқтисодий, техник ва экологик текширувдан ўтказишга киришган Жаҳон банки экспертлари жорий йил ўрталарида мазкур гидроиншоот тўғонининг биринчи босқичини қуришдан ҳозирча тийилишни тавсия қилган.

Тожикистон ҳукумат расмийси Пўлат Муҳиддинов журналистларнинг ҳозирда Роғун ГЭСи майдонида қурилиш ишлари қандай кечаётганига оид саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Айни пайтда икки қўшни давлат - Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Роғун ГЭСини қуриш атрофида даҳанаки жанглар давом этмоқда.

Шунга қарамай, Тожикистон томони Роғун мамлакат иқтисодиёти учун ўта муҳим стратегик иншоот эканини ва нима бўлганда ҳам бу гидроиншоот албатта қурилишини бот-бот такрорлаб келади. Шунингдек, тожик расмийлари Роғун ГЭСи қаторида Вахш ва Зарафшон дарёларида яна янги гидроиншоотлар ҳам қурилажагини таъкидлайдилар.

Тожик расмийларига кўра, Хитой ва Эрон давлатлари аллақачон бу гидроиншоотларни қуриб бериш мажбуриятни олганлар.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги расмийси Муҳиддинов бугунги тадбирда янги қурилажак гидроиншоотлар дарёлар қуйисидаги давлатлар, жумладан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва минтақа экологияси учун мутлақо зарарсизлигини бир неча марта такрорлади.

Душанбеда ўтаётган халқаро форумда Ўзбекистон Энергетика вазирлигидан вакил сифатида қатнашаётган Роман Захидовдан юқорида айтилганларга нисбатан мулоҳазаларини сўрадик.

- Бунақа саволга жавоб бера олмайман, - дея қисқа жавоб берар экан ўзбекистонлик меҳмон унга бугунги тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан гапириш ваколати берилмаганини қўшимча қилди.

Аснода Россия Энергетика вазирлиги маслаҳатчиси Евгений Надеждин Марказий Осиё минтақаси “портлаш” вазиятида турганини ва шуни назарга олган ҳолда, бундай баҳсларни жанжалсиз, музокара столи атрофида ҳал қилиб олиш лозимлигини таъкидлади.

- Эртага бордию минтақада қурғоқчилик юз бергудек бўлса, бунда биринчи галда Тожикистонни айблашади. Шунинг учун Тожикистон ҳукумати гидроэнергетик лойиҳаларга ёпишиб олмасдан, балки муқобил энергиядан фойдаланиш йўлларини ҳам қидириши лозим. Жумладан, газ ва нефт заҳираларини ўзлаштириш ишларини жадаллаштириши керак. Тожикистон жуда катта газ заҳирасига эга, лекин бу йўналишдаги ишлар негадир жуда секинлик билан олиб борилмоқда, - деди Россия Энергетика вазирлиги масъули Надеждин.

Қозоғистонлик вакил Атабек Умирбеков фикрича эса, Тожикистонда йирик гидроиншоотлар ўрнига кичик ГЭСларнинг қурилиши барчага бирдек фойдалидир.

- Менимча, кичик гидроиншоотларни қуриш билан ҳам аҳолининг энергетикага бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин, бу билан минтақада атроф-муҳит масаласи атрофидаги баҳсларга ҳам ечим топилади. Қолаверса, кичик гидростанциялар қуриш учун Тожикистонда жуда катта имкониятлар бор, - дейди Атабек Умирбеков.

Шу ўринда айтиш лозимки, президент Имомали Раҳмон топшириғи билан тожикистонлик тадбиркорлар ўзлари яшаётган ҳудудларда ўз сармояси эвазига кичик ГЭСлар бунёд қилишга киришган.

Аммо, бу тадбиркорлардан айримларининг айтишларича, кичик гидроиншоотлар қуриш учун техник ускуналар билан бир қаторда давлатнинг солиқ идоралари билан ҳам қатор муаммолар туғилмоқда.

Уларга кўра, қурилаётган ҳар бир кичик гидроиншоот учун тадбиркорлар давлатга катта миқдорда солиқ ҳам тўлашлари лозим, бу эса уларнинг харажатларини деярли қопламаяпти.
XS
SM
MD
LG