Линклар

logo-print

Питерда алдамчи иш берувчилар "қора рўйхати" тузилмоқда


Муҳожирларни оғир ишларда ишлатиб¸ уларга ҳақ бермай ҳайдаб юбораëтган иш берувчилар сонининг ошиб бораëтгани айтилмоқда.

Муҳожирларни оғир ишларда ишлатиб¸ уларга ҳақ бермай ҳайдаб юбораëтган иш берувчилар сонининг ошиб бораëтгани айтилмоқда.

Петербург муҳожирларининг “Турон” газетаси маошларни бермаётган иш берувчиларга қарши кураш бошлади.


Санкт-Петербург шаҳридаги меҳнат муҳожирлари учун ўзбек, тожик ва рус тилларида чоп этиладиган “Турон” газетаси нашри инсофсиз ва ғирром иш берувчи ташкилотлар рўйхатини тузишга киришди.

"Шу усул билан “Турон” меҳнат муҳожирларини нопок иш берувчилар қўлига тушиб қолишидан сақламоқчи", дейди Озодлик билан суҳбатда газета бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов.

- Бу бир ғоя...Кронштадтда мигрантлар забастовка қилди. Борганимдан кейин “Газета экан, ёрдам бераоласизларми”, деб мурожат қилишди. “Бизни у ерда “кидать” қилди”, “пулимизни бермади”, деган саволлар кўпайиб кетди, одамлар келаяпти, қўнғироқлар бўлаяпти. Шундан кейин ўзимизда ишлайдиганларга “Шунақа бўлаяпти, ўзимиз ҳам тафтиш ўтказиб ёзганимиз тўғри бўлса керак”, деган идея билан шу ишни бошладик. Лекин бу рўйхатга бировнинг айтгани билан киритиб қўймаймиз. Одамлар билан савол-жавобига қараб уларнинг маълумотларини текширамиз. Яқинда бунинг учун юрист ёллаймиз. У бориб айб кимда эканини текширади. Ана ундан кейин иш берувчи “Бор, қўлингдан келганини қил”, деса биз уни “қора рўйхатга” киритамиз. Бизнинг мақсадимиз меҳнат муҳожирларини шунга ўхшаш хавф-хатардан сақлаш, дейди “Турон” газетаси бош муҳаррири.

Петербург шаҳри ва вилоятида иш берувчилар томонидан алданаётган меҳнат муҳожирлари сони шу даражада кўпайиб кетганки, деб давом этади Маҳмуд Маматмўминов¸ бунинг учун газета қошида тез орада ҳатто юридик марказ очиш режалаштирилган.

Маълум бўлишича, бу "қора рўйхат" ғояси Россия мигрантлар федерацияси томонидан ҳам маъқулланган.

Айрим мутахассислар фикрича, сўнгги пайтларда Россия тадбиркорлари доирасида гастарбайтерларни алдаш иштиёқи ошиб бораётганига сабаб мардикорларнинг маҳаллий қонунлар, тил ва бундай ҳолатларга қарши кураш усулларини билмаслиги сабаб бўлмоқда.

Россияга қарашли Интернет доменида нопок иш берувчиларнинг саноқсиз “қора рўйхатлари” мавжуд.

Лекин айнан энг ҳуқуқсиз қатлам ҳисобланмиш меҳнат муҳожирларини алдашга мослашган ташкилот ва корхоналар рўйхати биринчи маротаба тузилмоқда ва бу уларга қарши курашнинг самарали усулларидан ҳисобланади, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Санкт-Петербургдаги "Умид" ўзбеклар диаспораси ташкилоти раҳбари Алижон Ҳайдаров.

- Ҳозир биз ҳам жамиятимизда ҳатто юридик бўлим очганмиз. Шунга ўхшаш аризалар билан разбираться қиламиз . Уларнинг кўплари Россия қонунларини билмаслигидан шартномаларни тузмасдан ишлаётганидан бўлмоқда. Шартнома бўлмаганидан кейин у ишлаганми бу ерда, ишламаганми – исботлаш жуда қийин. Ишчилар ҳам қонуний йўлларини билмайди. Айрим жойларда тўлаяпти, қолган жойларда йўқ. “Бизда ишламаган – судга бер!”, дейди. Судга ҳужжат бўлмаса нима дея оламиз.

Бизга ойига 20 яқин одам келади. Шундан 5-7 тасини олиб бераяпмиз. Бизнинг юридик бўлимимиз касаба уюшмалари билан ҳамкорликда яхши натижаларга эришмоқда. “Қора рўйхатни” газетамиздан ўқиган 10 минг мигрант яна учтасига айтади “Бу фирмага борма, ишлама”, деб, дейди Алижон Ҳайдаров.

Россиядаги ўзбек муҳожирларининг биринчи уюшмаси бўлган "Умид" ўзбеклар жамияти раҳбарига кўра, 2007 йилда Петербургда доимий яшаётган ўзбеклар сони 18 мингни ташкил этган. “Ҳозирги кунда меҳнат муҳожирлари билан ҳисоблаганда улар сони бир миллиондан ошади”, дейди Алижон Ҳайдаров.

“Турон” нашри маош ва ҳақларни бермаётганлар “қора рўйхатини” доимий равишда тўлдириб боришни режалаштирмоқда.

Газета ходимлари нопок иш берувчилар "қора рўйхатини" тузиш жараëнига Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида меҳнат қилаётган Озодлик тингловчи ва муштарийларини ҳам таклиф этмоқда.

"Қора рўйхат"га кириши лозимлигини факт ва далиллар орқали исботлаш имкони бор ташкилот ва хусусий шахслар номларини мазкур мақола остида шарҳ қолдириш орқали жамоатчиликка билдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG