Линклар

Ливия янги ҳукумати ”мўътадил ислом”ни танлади


Муваққат кенгаш раиси Мустафо Абдул Жалил 12 сентябр куни Шоҳидлар майдонида нутқ сўзламоқда.

Муваққат кенгаш раиси Мустафо Абдул Жалил 12 сентябр куни Шоҳидлар майдонида нутқ сўзламоқда.

Қаддафийдан сўнг ҳокимиятга келган муваққат ҳукумат мамлакатда мўътадил исломга асосланган бошқарув бўлажагини ваъда қилди.


Муаммар Қаддафий Триполидан ғойиб бўлганидан бери илк бор жамоатчилик олдига чиққан Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил Шоҳидлар майдонига тўпланган минглаб тарафдорларига мамлакатда мўътадил исломий тартиб ўрнатилажагини эълон қилди.

Ўзини қаҳрамонлардек қарши олган оломонга қарата қилган нутқида муваққат ҳукумат раҳбари янги Ливияда экстремистик ғояларга ўрин бўлмаслигини таъкидлади:

- Биз мусулмон давлатимиз ва бундан сўнг мўътадил ислом йўлини ушлаб¸ сиз биз билан¸ биз сиз билан бирга қоламиз. Сиз инқилобимизни ўнгданми¸ сўлданми ўғирламоқчи бўлганларга қарши асосий қуролимизсиз¸ деди Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбари.

Муаммар Қаддафий режимига қарши давом этган олти ойлик мужодаладан сўнг Ливияни янги ўзанга солиш учун мамлакат қонунчилиги яна мўътадил исломга асосланади¸ деб давом этди Мустафо Абдул Жалил.

- Ливия халқи мустабидлардан қутулиб¸ ўз ҳаракат ва матонати туфайли номус ва ғурурини оқлаган ҳозирги вазиятда бундай катта издиҳом олдида туриш ҳар биримиз учун улуғ шарафдир¸ деди Ливия Ўтиш даври миллий кенгаши раҳбари.

Мухолифлари Триполи марказида мустабидсиз янги Ливия ҳақида ваъда бериб турган¸ қаддафийчилар эса уч фронтдан туриб кутилмаган қарши ҳужумга ўтган айни пайтда¸ ўз бекинган жойидан туриб Муаммар Қаддафий ғалабага қадар жангни давом эттиражагидан онт ичди.

Қаддафийга содиқ кучлар душанба куни шарқда нефт тозалаш иншоотлари жойлашган Рас Лануф¸ Қаддафий туғилган Сирте шаҳри йўли ҳамда жануб-шарқдаги Бани Валидга қарши шиддатли ҳужум уюштирди.

Гарчи Ливиянинг аксар ҳудуди аксил-қаддафийчилар назоратига ўтган бўлса-да¸ душанба кунги ҳужумлар оқибатида Қаддафий тарафдорлари ҳар учала фронтда ўз позицияларини мустаҳкамлаб олди.


Нигерга қочган собиқ амалдорлар орасида Қаддафий ўғилларидан бири ҳам борлиги айтилмоқда.
Айни пайтда Нигер ҳукумати Ливия собиқ режимининг камида 32 кишилик гуруҳи ўз ҳудудига келгани¸ улар орасида Қаддафий ўғилларидан бири ҳам борлигини тасдиқлади.

Ўтиш даври миллий кенгаши Нигерга қочган юқори даражали режим амалдорлари ўзлари билан Ливия Марказий банкидан катта олтин ва валюта заҳираларини ҳам олиб кетгани ва бу катта маблағ қаддафийчиларнинг курашни давом эттиришига сарфланишидан огоҳлантирди.

Муваққат ҳукумат раҳбари қаддафийчиларга қарши жанглар давом этар экан¸ ўз тарафдорларини собиқ режим тарафдорларидан ўч олиш иштиëқига берилмасликка чақирди.

- Бизга миллий бирлик керак. Бунинг учун эса¸ қўрқитиш¸ ҳасад¸ интиқом ва адолатсизликдан тийилишимиз лозим¸ деди жумладан Мустафо Жалил.

Триполида муваққат ҳукумат мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олишга уринаëтган айни кезда¸ маркази Лондонда жойлашган Amnesty International инсон ҳақлари гуруҳи Қаддафий режимини инсониятга қарши кенг кўламли жиноятлар содир этганликда айбловчи янги ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботдан шунингдек¸ Қаддафий рақибларининг ҳам уруш жиноятлари содир этганига оид фактлар ўрин олган.

”Ливия учун жанг: Қотилликлар¸ Бедарак йўқолишлар ва Қийноқлар” деб номланган ҳисоботда Қаддафий режими жиноятлари қатори¸ унга қаршиларнинг қўлга тушган қаддафийчиларни уриб¸ осиб ва қийноққа солиб ўлдирганларига оид маълумотлар келтирилади.

Ливия янги ҳукумати олдида ҳам Қаддафий тарафдорлари¸ ҳам унинг ғанимлари томонидан содир этилган уруш жиноятларини тафтиш қилиб¸ жиноятчиларни адолатли жазолаш каби оғир вазифа турганини қайд этган ҳисобот муаллифлари¸ муваққат ҳукуматнинг ўз тарафдорлари амалга оширган жиноятларга кўз юмишга мойиллигидан ташвиш билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG