Линклар

logo-print

Наманган ҳокими пахта термаганни жиноий жазога тортмоқчи

  • Садриддин Ашур

Шу кунларда вилоятлардаги ўзбекнинг каттаю кичиги далага ҳайдалмоқда.

Шу кунларда вилоятлардаги ўзбекнинг каттаю кичиги далага ҳайдалмоқда.

Оддий халққа "пахтага чиқмасам¸ жиноий жавобгарликка тортишингизга розиман" деган тилхатга қўл қўйдирилмоқда.

“Попликлар пахта термаса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириляпти”

Наманган вилоятининг Поп туманидаги исмини ошкор қилмаган маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бири ғайриоддий воқеа ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, аҳолидан теримга чиқиш ҳақида тилхат олиняпти, бу тилхатда теримдан бош тортган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

- Пахта бизда қаттиқ авж олиб кетаяпти. Мен ўйлайман воҳа томонларда пахта йўқ шекилли. Маҳалла комитетларига тилхат берибди ҳокимиятдан. “Сезон бошида пахтага чиқаман. Нормани бажараман. Сабабсиз даладан қолмайман. Агар қолсам, Ўзбекистон Жиноят кодексининг белгиланган моддасида жиноий жавобгарликка тортишингизга розиман” деган тилхат экан.

Озодлик: Бу тилхатни ким берган?

- Ҳокимда. Ҳокимдан указание бўлган маҳалла раисларига. “Мана шундай ëзасан. Хонама хона кириб қўл қўйдирасан” дебдида.

Озодлик: Тилхатни сиз кўрдингизми ë сизга айтишдими?

- Мен ўзим кириб кўриб, ўқидим. Бечора янги сайлаган эдик маҳаллакомни. Унинг ҳам боши қотиб “Қандай қилиб кираман? Халқ бу хат билан ўзини ўзи сиртмоққа илиб бериши керакку” деяпти. Ҳақиқатан биз ҳам ҳозир хонама хона юришимиз керак. Шунча пахта териб берасан, деб илтимос қилиб олиб чиқишимиз керак. Касалми¸ соғми фарқи йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон Жиноят кодексида “пахта термагани учун жиноий жавобгарликка тортиш” деган модданинг ўзи йўқку.

- Энди билмадим. Буларда янги чиқар эканда. Облҳоким битта йиғилиш қилдида. Фермерларга “Қайсинг планингни тўлдирмасанг, мустақилликнинг душмани деб жиноий иш қўзғайман устингдан” деяпти. Жуда сиëсат кучайиб кетган ҳозир.

Озодлик: Аҳоли ўзи чиқиб пахта термайдими? Ҳозир бир-икки сўм пул ишлаб олиш вақти эмасми?

- Роса вақти. Чиқадиганлар чиқаяпти мажбур қилмаса ҳам, илтимос қилмаса ҳам пул ишлайман деб. Коллеж, лицейларни қурган қирларга, даштларга, бир чекка жойларга. Уларга ҳозир транспорт масаласи оғирда. Буни қарангда қулликку бу. Мана ҳозир мажбур ëтибди менинг невараларим ўша ëқда. 20 километр чекка жойда. Газ, сув масаласи проблема. “Ҳозир ўша ерда спорт залга жой қилиб берган. Кечқурун ўраниб олсак, иссиқ, очиб ташласак, пашша талаб умуман ухлашнинг иложи йўқ. Спорт залнинг ичида ëтибмиз” дейди. Пахтадан тепадаги тўртта-бешта одам фойдаланади. Бунинг оддий халққа фойдаси йўқда. Ҳозир “Сизга тола керак эмас, сизга чигит керак. Халқимизга ëғ, ҳайвонимизга ем” деяпти. Емларнинг нархини суриштирсангиз, осмонда. Умуман ҳаëт борган сари чўкиб кетаяптида. Олдинга кетишнинг ўрнига пастлаб кетаяпмиз, дейди поплик суҳбатдош.


“Жаҳонда пахта қимматлашяпти, бизда терим нархи арзонлашяпти”

дейди Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган талаба Жасур.

- Баҳорда бир гап чиққан эди. Бу йил жаҳонда пахта қимматку. Ўшанга бу йил пахта 200 сўмдан бошланади деб кутилаëтган эди. Мана бошланди. 100 сўмда. 100 сўмдан тергизишини кутмаган эдик. Ҳеч бўлмаса 200 сўмдан тергизади деб кутаëтган эдик. Ўтган йилгидан ҳам пастда. Инфляцияни ҳам ҳисобга олингда. Ўтган йил гўшт нархи бизда 11 минг эди. Ҳозир 15 минг бўлди. 40 фоиз кўтарилганда гўшт нархи. Шунда ҳозирги 100 сўм ўтган йилги 60 сўмга тўғри келади. Ўтган йил 80 сўмдан тергизган эди.

Озодлик: Одамлар ишлаб оламиз, нимадир оламиз деб умид қилган эди¸ шундайми?

- Ҳа. Пособие олаëтган хотинларни, болницада ишлайдиган хотинларни олиб келиб битта фермерга тиқди. Ўша фермер 100 сўмдан тергизаяпти.

Озодлик: Маҳаллий аҳоли тераяптими¸ йўқми?

- Маҳаллий аҳоли ҳам чиқадида. Мажбурда. Ëзи билан бировдан қарз бўлиб куни ўтган бўлса, болаларига форма қилган қарзга, шулардан қутилиши керак. Чиқаверадида. Улар ҳам кун кўриши керакку, пул топиш керакку.

Озодлик: Биз ҳам умид қилган эдик, деяпсиз. Сиз нима умид қилган эдингиз?

- Энди 200 сўм бўлса, тасаввур қилинг 100 кило терсангиз, 20 минг. Яхшилаб пул ишлаб, устимизга нормалний кийим оламиз¸ деб ўйлаган эдик. Битта мен эмас¸ кўпчилик. Бир хиллари “Агар пахта қимматласа, СССР пайтида чопиқчиларга, сувчиларга ойлик чиққанку, келаси йилдан бошлаб шунақа бўлиб бошлайди. Чопиқчилар, сувчиларга ҳам ойлик чиқади” дейишган эди. Ҳозирдан кўраяпмиз 100 сўм. Жаҳонда пахта қимматласа, бизда терим нархи арзонлашиб кетаяпти, дейди жиззахлик талаба Жасур.


“Ўқишдан кўнглим совуди”¸

дейди исмини ошкор этмаган жиззахлик талаба.

- Ўқишга кирмоқчи бўлган эдим. Мен ўзи рассомчиликка қизиқаманда. Жиззахда пединститут борку, ўша ерга ўтмоқчи эдим. Унга пул керак. Хуллас имтиҳондан йиқитиб юборишди.

Озодлик: Рассомчиликка биринчисида ижодий имтиҳон бўлмайдими?

- Ижодий имтиҳон бўлди. Энди бундай бўлдида. Пул берганларники 70 балл бўлди. Бизлар пул бермаган эдик. Шунинг учун сал пастроқ бўлдида.

Озодлик: Сиз пул берганларга қараганда яхшироқ расм чиздингизми?

- Ҳа, мен яхшироқ чизаман ўзи. Қизиқишим яхшида. Энди тўғрисини айтаман учта йўналишда бўлди. Қалам тасвир, ранг тасвирдан яхши ўтдим. Сал бундайроқ қўйдида. Барибир бошқаларга қараганда яхшироқ эдида.

Озодлик: Сизни атайин йиқитиб юборган¸ деган хулосага қандай келдингиз?

- Бу аниқку. Бундан олдин мен рассомчилик лицейида ўқиганман. Унга ҳам уч йил ҳаракат қилдим. Учинчи йили охири пора бериб кирдикда. Ўша ерда ўқийдигандан яхши чизардимда.

Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз? Яна ҳаракат қилиб кўрасизми?

- Йўқ, ҳаракат қилмайман. Қизиқиш ҳам қолмади, дейди исмини ошкор этмаган жиззахлик талаба.


“Солижон Абдураҳмоновнинг қамоқдаги аҳволи оғир”

дейди маҳкум журналист билан қамоқда бирга ўтирган¸ ҳозирда ўзи ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли Фарҳод Мухторов.

- Масалан¸ мен ўзим ўтирдим 64/61 Шайхалидаги колонияда. Солижон Абдураҳмонов деган журналист билан битта отрядда ўтирганмиз. Бизларники диний, сиëсий маҳкумлар йиғилган отряд эди. Солижон Абдураҳмоновнинг аҳволи, унга кўп босим кўрсатишарди. Нарушение қилмаса ҳам тартиббузарлик қилди, деб ШИЗОга ëпишарди. Мақсад қанча кўп нарушение ëзилса, амнистияга ҳам илинмайди, енгилликлар бўлмайдида. Мен ўзим бир неча марта кўрганман. Сал нарсага СПП дейди, маҳкумлар тилида “гад” дейишади, ўшалар келиб йўқ жойдан нима чиқариб, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейдими, камчилик топиб нарушение ëзиб ШИЗОга ëпишарди, дейди Фарҳод Мухторов.

Ҳуқуқ фаоли фикрича, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар қул каби ишлатилади.

- Маҳкумлар аслида текин ишчи кучи. Рим даврида катта биноларни ëки Сталин даврида қурилган объектларнинг кўпини ким қурган? Қуллар қурган. Маҳкумлар ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқи йўқ қуллар. Мен ўзим ғишт заводида ишлаганман. Иш шароитлари жуда оғир. Ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуқи йўқ қуллар. Хоҳлаганча ишлатади. 9 ой ишлаган бўлсам ўша ғишт заводида, ўша 9 ойга менга 60 мингдан сал ошиқроқ ойлик ëзишди. Ўйлаб кўринг¸ 9 ой учун 60 минг ойлик. Ўша пулни мен олганим ҳам йўқ. Кўчадаги одамлар бунақа оғир ишга камида 700-800 минг, 1 миллион ойлик сўрайдида. Масалан¸ Сталин нима учун шунча одамларни қамаган? Биринчидан, халқни қўрқувда ушлаб туриш, иккинчидан, Сибирдаги, Узоқ Шарқдаги объектларни қурдириш. Менинг фикримча, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб “Олтин амнистия” чиқарилмаганининг сабаби маҳкумлар колониялардаги заводларда ишлайдиган текин ишчи кучи бўлгани учун “Олтин амнистия” чиқармади. Жиноятчилар ошиб кетади деган гапларнинг ҳаммаси ëлғон деб ўйлайман. Чунки жиноятчиликнинг асосий сабаби бу йўқчилик, дейди Фарҳод Мухторов.

Ўзбекистон ҳуқуқ фаоллари алянси аъзоларидан бири Фарҳод Мухторов 2009 йил товламачиликда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. У пора сифатида 5 миллион сўм олганликда айбланган.

2010 йилнинг 1 декабр куни шартли равишда озодликка чиқарилган Мухторов¸ 2011 йилнинг январ ойида Ўзбекистонни тарк этган.


“Ўзбекистонни тарк этган санъаткорлар Халқ ҳаракати фаолиятига қўшилсин!”

дея маслаҳат беради АҚШдан Скайп орқали ўз фикрини билдирган, аммо ўзини Ўзбекистон Халқ ҳаракати аъзоси эмас, деб таништирган ўзбекистонликлардан бири.

- Кеча эшитиб қолдим, анави “Қурбон бўламан” бор эдию, Абдулазиз Каримми, ўшанинг Қозоғистонга чиқиб кетганини эшитиб, қолганлар ҳам ибрат олса бўларди маддоҳлик оқибати нима бўлишидан. У одам Ўзбекистон Халқ ҳаракатига қўшилсин энди. Ўзбекистон ичида бўлган нарсаларни айтсин. Очиққа чиқибди мана. Менимча, Ўзбекистонга қайтиб бормаса керак. Мисол учун¸ қанчаси ташқарида юрибди дейишаяпти. Юлдуз ҳам ташқарида юрибди, Обидни ҳам жувонмарг қилишаяпти. Икки хил бўладида масалан. Ўзбекистондан бадарға бўлган бор, Ўзбекистонга алоқаси бору четлатилган одамлар борда. Бадарға бўлган одамлар халқ ҳаракатига қўшилса, қанақадир ўзини оқлаган бўлармиди¸ демоқчиманда. Қанча маддоҳликлар бўлди, бошқа бўлди, ҳамма кулди, дейди АҚШдан Скайп орқали ўз фикрини билдирган суҳбатдош.


“Камбағалларни ўртаҳол, ўртаҳолларни бой қиламиз”¸

дейди ўзини Бирдамлик халқ ҳаракатининг раҳбари деб таништирган Баҳодир Чориев.

- Ассалому алайкум ҳурматли Озодлик радиосининг тингловчилари. Бир муддат олдин мен Бирдамлик халқ ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Чориев янги тузилган халқ ҳаракатининг раҳбари Муҳаммад Солиҳни Озодлик радиоси орқали очиқ баҳсга таклиф қилган эдим. Афсуски, Муҳаммад Солиҳ сиëсий ожизлигини намоëн этиб, ушбу баҳсдан ўзини олиб қочди ва мени Ўзбекистон ҳукуматининг одами¸ деб иддао қилди. Менинг, мен унинг иддаосини рад қиламан ва уни очиқ баҳсга яна бир бор таклиф қилиб қоламан. Муҳаммад Солиҳ ўзининг сиëсий ожизлигини енгиб ўзига озгина куч-қудрат топа олса, марҳамат, мен доим у билан баҳсга тайëрман.

Шу фурсатдан фойдаланиб, биз Бирдамлик халқ ҳаракати ва келажакда тузмоқчи бўлган Ўзбекистон либерал иқтисод партиясининг мақсад ва режалари ҳақида қисқача айтиб ўтиб кетмоқчиман. Биз мавжуд Каримовнинг диктатура ва яккахонлик тузумига қарши нозўравон йўллар орқали барҳам бергач, сизларни яъни халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва истаги билан Каримов тузумини тубдан ўзгартириб, янги тузум мулкдорлик тузумига асос солмоқчимиз. Асосий мақсадимиз халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, ҳозирги мамлакатимизни қамраб олган тахминан 75 фоиз қашшоқ ва камбағал оилаларни ўртаҳоллар қаторига олиб чиқиш, ўртаҳолларни бойлар, бойларни эса ўта бойлар сафига олиб чиқишдир. Сиз ишчи бўласизми ишсиз, зиëли, меҳнат муҳожири, давлат амалдори, мухолифат фаоли, кам таъминланган оила, ҳамма ва ҳамма учун мен мулоқотга, мунозарага ва баҳсларга тайëрман. Сизлардан бўладиган барча саволларингизга Озодлик радиосининг Эркин микрофон ëки эркин скайп орқали, эшиттиришлар орқали жавоб беришга тайëрман. Агар Озодлик бизлар учун ҳам алоҳида бир эшиттиришлар ташкил қилса, биз жуда ҳам хурсанд бўлардик. Раҳмат, дейди Баҳодир Чориев.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG