Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Саройга талпинган рассом тақдири


"Автопортрет". Баҳодир Жалол.
"Автопортрет". Баҳодир Жалол.
Ўзбек тасвирий санъати сиëсат тилида гапирдими?

Венецияда бўлиб ўтган халқаро тасвирий санъат кўргазмасининг Марказий Осиë бўлимида Ўзбекистондан учта лойиҳа иштирок қилди.

Ушбу кўргазманинг “Франк тили” деб аталган Марказий Осиë бўлими раҳбари¸ санъатшунос Борис Чухович Озодлик билан суҳбатда ана шу лойиҳаларга тўхталди.

Ўзбек мактабида инглиз тили дарси

- Бу лойиҳа ëш ўзбек рассоми Артем Аҳмедовга оид. Мутлақ концептуал бўлган бу лойиҳа муаллифи ўзбек мактабидаги инглиз тили дарсини видеотасвирга олган. Ҳеч бири жойи қайчиланмасдан¸ бутун дарс жараëнини штативда собит турган камера бор бутунлигича тасвирга олган.

Тил ўрганаëтган болалар¸ ўзга тилга оид тушунчаларни ҳам ўзлаштираëтганини кўрамиз.

Инглиз тилида фаол бўлган ва капиталистик дунë тушунчалари ва унсурларини акс эттирган бу калималар ëш болалар миясида ҳазм бўлаëтганини ҳис қиламиз.

Болалар тилни эмас¸ мафкурани ўрганаëтгани кўрамиз.

Энг қизиғи? доска тепасида “Билим бу қудратдир ” деган инглизча слоган ëзилган¸ - дейди асли ўзбекистонлик¸ ҳозирда Канада яшаëтган санъатшунос Борис Чухович.

“Knowledge is power”. Бу 15 асрда яшаган инглиз файласуфи Френсис Беконга нисбат берилган ҳикматли сўз.

Яна бир бошқа инглиз ëзувчиси Даниел Дефонинг машҳур қаҳрамони Робинзон Крузо кимсасиз оролдаги Жумавойга инглиз тилини ўргатади.

Робинзон таҳсили мутлақ сиëсат ўрнаги эди. Артем Аҳмедов асари эса сиëсатга рассомнинг муносабати сифатида кўрилади.

Ал Хоразмийга айланган Ленин

1990 йилда коммунизм қуëши ботиб¸ Совет Иттифоқи деган давлатнинг оëғи осмондан келди.

Қимматчилик ва дефицит ҳаммага келган тўй эди. Биз рассомлар ҳам бу маъракадан бенасиб қолмадик.

Мен Урганчдаги Канцтовар магазинидан Политбюро аъзоларининг мой бўëқда холстга чизилган портретлар тўпламини арзон-гаровга сотиб олдим.

Политбюро аъзолари Суслов¸ Зайцев ва бошқалар акси устига Хива миноралари фонида эшак ва туя етаклаган зарчопонли ялтироқ персонажлар расмини чизиб сайëҳларга пуллар эдик.

Кунлардан бир кун Политбюро аъзоларидан бири бўлган эркак кишини мен ҳижоб кийган Шарқ аëлига айлантирдим.

Шуҳрат Бобожоннинг "Фотима" сурати.

Бу эврилиш менга санъат перформенси бўлиб туюлди ва бу расмни бир нечта кўргазмаларда намойиш қилдим.

Урганчдаги яна бир рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Отахон Оллаберганов эса мендан юз чандон кучли перформенс қилди.

Отахон ака Урганч университети олдида турган Ленин ҳайкалини Ал- Хоразмийга айлантирди.

Мустақилликдан сўнг Урганчдаги Ленин номли университетнинг оти Ал-Хоразмийга чевирилган эди.

Отахон ака Лениннинг кал калласига бетондан қилинган саллани кийгизди.

Соқолни бир оз узайтирди.

Шу билан 1870 йил Симбирскда туғилган адвокат Владимир Улъянов бундан 1000 йил олдин Хоразмда туғилган математик Мухаммад Хоразмийга айланди-қолди.

Албатта¸ бу ишни Отахон Оллаберганов санъат перформенси ўлароқ эмас¸ балки тирикчилик важидан қилди. Аммо рассом истамаган ҳолда улкан метамарфоза ярата олди.

Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда яратилган ҳар бир ҳайкал ичида Ленин яшаяпти, деб хаëл қиладиган бўлдим.

Санъатшунос Борис Чухович бу метаморфозанинг яна бир кўринишини қозоқ рассоми Эрбўлсин Мелдибеков яратганини айтади.

- Рассомнинг бу проекти мутация, деб аталади. Мелдибеков бу асарида Ленинга қўйилган постаментларнинг Ўзбекистонда янги ҳайкалалар учун пойдевор бўлганини ўзига хос киноя тарзида акс эттирган. Масалан¸ Мустақиллик майдонидаги Глобус ҳайкали олдин Ленин турган постамент устига ўрнатилган. Ленинлар келиб кетаверди¸ аммо постамент қолаверди. Анча фалсафий бир фикр.

Ленин музейидаги Каримов

Владимир Ленин таваллудининг 100 йиллиги байрамида Тошкентда Ленин музейи ташкил қилинди.

Баҳодир Жалол бу автопортретни чизганида Тошкентдаги Ленин музейи 5 ëшга тўлган эди
Музей айвонида қўлини осмонга чўзиб турган Лениннинг 6 метрлик оқ мармар ҳайкали турар эди (Н. Томский яратган ҳайкал - муаллиф). Ҳайкал фонида эса Марказий Осиëда инқилоб ғалабаси акс этган рангин мозаика панноси ўрнатилган эди (Рассомлар В. Замков¸ В Ионина - муаллиф).
Мустақилликдан кейин музей айвонидан Ленин ҳайкали бадарға бўлди. Мозаика йўқ қилиниб¸ унинг ўрнига рассом Баҳодир Жалол фреска ишлади.

Фреска марказида от минган Амир Темур тимсолида ҳокимият пирамидасини акс эттирди. Пирамида тепасида эса очиқ турган Усмон Қуръони акс этган. Қуръондан чиқаëтган нур фонида эса Каримовнинг БМТ минбарида ваъз айтаëтгани акс этган.

Ислом Каримов акс этган бу расм Ислом Каримов буйруғига биноан музей деворидан ўчириб ташланган
Диққат билан расмга қаралса¸ Каримовнинг Қуръондан чиқаëтган нур тўпи орасида йўқ бўлиб кетаëтганини илғаш мумкин эди.

Бу ишорат Оқсарой соҳибига ëқмади чоғи¸ бир-икки йил турган фреска ўчириб ташланди.

Бу ҳолатни санъатшунос Борис Чухович мана бундай изоҳлади.

- Каримовни бу паннода акс эттиришни буюрган кишилар (балким Каримовни ўзи Жалолов асари воситасида ўлмас қиëфа касб қилишни истагандир) расм тайëр бўлгандан кейин ўтган вақт ичида мушоҳада қилиб¸ Каримов образининг Европа монархларига ўхшашлигини сезишди. Улар назарида бу жоиз бўлмаган аниқ ишорат эди.

Каримовни монарх қиëфасида тасвирланиши бир оз ноқулай муҳит яратганини буюртмачилар тушуниб қолишди. Шу сабаб боис панно ўчирилган бўлиши мумкин. Албатта¸ бошқа сабаблар ҳам истисно эмас¸ -дейди Озодлик билан суҳбатда Чухович.

Ҳукмдор ва рассом

Баҳодир Жалол 1990 йили Москвадаги Марказий Рассомлар уйида катта кўргазма уюштирди. Кўргазма афишаси Кремлдаги Съездлар саройида ҳам осиғлиқ эди. Ўша пайтда Ўзкомфирқа 1-котиби бўлган ва СССР Олий кенгаши ноиби сифатида Москва машваратида бўлган Ислом Каримов ўзбекистонлик рассом кўргазмасига боришни ихтиëр қилди (Компартия мулозимларининг санъат дунëсидан бохабар бўлиши кураторлар тарафидан олқишланар эди).

Ўрол Тансиқбоев акс эттирилган бу расм ҳам Баҳодир Жалолнинг ўзидир
Рассом Баҳодир Жалол асарлари кўргазмаси очилиш маросими бўлди¸ москвалик мунаққидлар рассом ҳақида оташин мақтовли гапларни айтишди. Баҳодир Жалол Леонардо Да Винчи¸ Салвадор Дали ва Алфред Сикейросдан ҳам зўр рассом дея айрим мунаққидлар муболаға қилди. Кўргазмага ташриф буюрган ва бу оташин гаплар тагидаги муболағани илғамаган Ислом Каримов сўз олиб "рассом ва ҳукмдор" ҳақида ваъз қилди.

“Орадан вақт ўтади¸ Ўзбекистонга раҳбар бўлган каримовлар унутилади¸ аммо рассом Баҳодир Жалол исми ва санъати унутилмайди. Балки "Баҳодир Жалол каби рассом яшаган даврдаги Ўзбекистонни Каримов бошқарган эди" деб эслашар¸ агар шундай бўлса, мен бахтли бўлар эдим. Мен Баҳодир Жалол каби рассом билан бир даврда яшаëтганимдан фахрланаман"¸ - дейди Каримов.

(Бу ҳикоя Баҳодир Жалол ва Москвадаги рассом Фаткуллиндан айри –айри тарзда ëзиб олинган. Каримовнинг бу нутқи ëзилган видеотасма Баҳодир Жалолда сақланади. Бу видеотасмани мухбирингиз ҳам бир карра томоша қилган - муаллиф. )

Сал ўтмай Ислом Каримов умрида илк бор остона ҳатлаб Ҳиндистонга йўл олганида¸ Баҳодир Жалоловга расм буюртирди.

Бу расмни Ҳиндистон раҳбариятига тақдим қилар экан, Каримов яна бир бор бу сўзларни такрорлади.

“Бу расмни буюк рассом Баҳодир Жалол чизди”.



Санъатшунос Борис Чухович назарида¸ Каримовлар оиласида Баҳодир Жалолга нисбатан мураккаб муносабат тадрижи мавжуд.

Каримов назарида Жалол улуғ рассом бўлса¸ тўнғич қиз Гулнора Каримова назарида Жалол шунчаки эклектик муқаллидга мойил расмкаш.

- Биласизми¸ Каримовлар оиласида Баҳодир Жалолга нисбатан анча қарама-қарши муносабат мавжуд. Албатта¸ бу шахсий ғараз бўлиши мумкин¸ - дейди узоқ йиллар Гулнора Каримованинг санъат лойиҳаларидаги маслаҳатчиси бўлиб юрган Борис Чухович.

Мустабид асабини қақшатган санъат

Каримовнинг Баҳодир Жалолдан совугани Оқсаройдаги думалоқ хона деворига чизиладиган расм билан боғлиқ ҳолатда аниқ акс этди.

Бу девор учун чизилган эскизнинг ортиқча мураккаблиги Самарқанддаги етимхонада улғайган Каримовнинг жайдари тафаккурида зўриқиш уйғотди. “Нима бу ҳеч ким тушунмайдиган ажи-бужи?” деди Каримов.

Бу расм Оқсаройга безак бўлиши керак эди, аммо Каримовга ëқмади
“Мана қишлоқда одамлар уй тўрига тоғ манзараси чизиб қўйишади. Оддий ва содда” деб ўз эстетик дидини тиқиштиради рассомлар етакчисига Ислом Каримов.

Ана шундан кейин Каримов тортмадан бир оқ-қора фото чиқариб кўрсатади. Макс Пенсон 1949 йил суратга олган Фарғона манзараси эди бу.

“Мана бу расмни чизиш керак. Қаранглар қанақа яхши! “дейди Каримов. Ана шундан кейин бу фотосуратга ранг берилиб¸ Беларусдаги гилам фабрикасида Гобелен қилиб тўқиттиришди. (Бу ҳикоя айни машваратда иштирок қилган марҳум рассом Тоҳир Миржалилов ва Баҳодир Жалол суҳбатларига асосланди - муаллиф).

Гулнора ва Баҳодир Жалол

- Мен бу воқеани билмас эканман. Аммо Каримовнинг санъатни мутлақо тушунмаслиги аниқ нарса. Менга анча аниқ нарса - Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Исломовна Каримовада Баҳодир Жалолга нисбатан шахсий нафрат ва кин бор.

Ўзини энг буюк рассом ва рассомлар ҳомийси деб билган Гулнора Каримова учун Ўзбекистон Миллий банки галереясида консултант бўлган Баҳодир Жалол¸ энг аввало, тижорий рақиб эди.

Баҳодир Жалол тавсиясига кўра¸ Миллий банк ўзбек рассомлари асарларини харид қилар эди. Гулнора Каримова эса расм харид қилиш фақат ўз каналлари орқали ўтишини истади. Шу тариқа Гулнорада Баҳодирга нисбатан нафрат шаклланди¸ шафқатсиз нафрат.

Отаси билан мулоқот чоғида Гулнора Баҳодир Жалолни исталмаган шахсга айлантирди¸ деган эҳтимолни илгари сура оламиз.

Ўзбек рассоми Сарвар Сулаймонов тарафидан 2006 йилда чизилган бу расмда Баҳодир Жалол сурнайчи сифатида тасвирланади
Баҳодир Жалолнинг фрескалари бутун мамлакат бўйлаб вайрон қилина бошланди бирин-кетин. Туркистон саройига ишланган фреска ҳали краскаси қуримасдан ўчириб ташланди. Баҳор концерт залидаги Мукаррама Турғунбоевага бағишланган фреска нобуд қилинди¸ - дейди Борис Чухович.

Баҳодир Жалолнинг сарой рассоми бўлиши учун чандон талпиниши¸ ҳукмдор қизининг бир имоси билан барҳам топди.

Ҳозир Канадада истиқомат қилаëтган мунаққид Борис Чухович ўз вақтида Гулнора Каримованинг тасвирий санъат соҳасидаги маслаҳатчиси бўлган.

Саройдан қувилган рассом ва саройга талпинган ўзбек рассомлари ҳикояси яна давом этади...
XS
SM
MD
LG