Линклар

Туркман талабалари Тожикистонга қайтмади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов туркманистонлик талабаларни қайтариш учун барча имкониятлар ишга солинишини айтди.

Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов туркманистонлик талабаларни қайтариш учун барча имкониятлар ишга солинишини айтди.

Туркманистонлик студентларга Тожикистон олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришлари таъқиқланди.

Тожикистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган юзлаб туркманистонлик студентлар ёзги таътилдан қайтмади, чунки Туркманистон томони ўз фуқароларига Тожикистонда ўқишни таъқиқлаб қўйди.

Бу маълумот Туркманистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари томонидан тасдиқланди.

- Талабаларимизнинг бу томонга ўта олмаётганлари ҳақида хабаримиз бор. Лекин негалиги бизга ҳам қоронғу, чунки бу ҳақда биз Туркманистондан ҳали бирорта ҳужжат олмадик, - деди элчихона ходимаси Дуня.

Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов Туркманистон томонининг янги қароридан ҳайратдалигини, чунки шу кунгача бу қўшни давлат билан бирор муаммо бўлмаганини айтди.

Кеча бир қатор ахборот агентликлари Тожикистон томони 20 сентябргача ўқишга қайтмаган туркманистонлик талабаларнинг ҳаммаси олийгоҳлардан ҳайдалиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Бироқ таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов бу маълумотларни тасдиқламади.

- Туркманистонлик талабаларнинг Тожикистонга қўйилмаётгани ҳақида мен ҳам оммавий ахорот воситаларидан билдим. Чунки Туркманистон томони ўз қарори борасида бизга ҳеч қандай расмий маълумот бергани йўқ. Биз бугун Туркманистон таълим вазирлигига расмий мактуб йўллаб, президент Қурбонғули Бердимуҳаммедовнинг шундай бир қарор қабул қилгани сабабини изоҳлаб беришларини сўрадик. Биз у томондан асосли жавоб олмагунимизча, бирорта туркманистонлик талаба ўқишдан ҳайдалмайди. Аксинча, биз уларни ортга қайтариш учун барча имкониятларни ишга соламиз, - деди вазир Абдужаббор Раҳмонов.

Вазирнинг билдиришича, Тожикистон олийгоҳларида мингга яқин туркманистонлик фуқаро шартнома асосида таҳсил олади.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон олий ўқув юртларида ўқиётган туркманистонлик талабаларнинг ҳар бири янги ўқув йили учун 2000 АҚШ доллари миқдорида шартнома пули тўлаган. Агар бу талабалар Тожикистонга қайтмаган тақдирда, вазир Раҳмоновга кўра, туркманистонликларга бу пуллар қайтарилиши лозим бўлади.

Тожикистонда олий маълумот олиш арзонлигини назарга олган ҳолда минтақа давлатлари, жумладан, Туркманистон фуқаролари кўпроқ Тожикистон олий ўқув юртларига ҳужжат топширишлари айтилади.

Туркманистонлик талабаларнинг Тожикистонда ўқишларини таъқиқлаш ҳақида ўтган йил ёзида ҳам гап-сўзлар тарқалганди.

Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбири билан суҳбатда айрим туркманистонлик ота-оналар фарзандларига Тожикистонда ўқиши таъқиқлаб қўйилганининг сабаби сўнгги икки йил мобайнида тожик жамиятида диний экстремизм таҳдиди кучайгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтганлар.

Айни пайтда Тожикистон олий ўқув юртларида Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Қирғизистон, шунингдек, Эрон, Афғонистон ва Покистон каби мамлакатларнинг фуқаролари таҳсил олади.

Икки йил аввал ўзбекистонлик фуқароларнинг Душанбедаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширишларида ҳам муаммо бўлганди.

Ўзбекистонлик абитуриентлар бунинг сабабларини Тожикистон Таълим вазирлиги уларнинг олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш процедурасини мураккаблаштиргани билан изоҳлаганди.

Норасмий маълумотларга кўра, жорий йилда Тожикистон олий ўқув юртларига ҳужжат топширган ўзбекистонлик фуқаролар сони ўтган йилдагиларга нисбатан икки баравар камайган.

2007 йилдаги расмий маълумотларга кўра, Тожикистон олий ўқув юртларида 1700 гача ўзбекистонлик фуқаро таҳсил олган.
XS
SM
MD
LG