Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Москвада "ҳизбчилар" овланмоқда


Москвада “Ҳизб-ут-Таҳрири Исломия” ташкилоти ғоялари тарғиботида айбланиб Тожикистон фуқароси қўлга олинди. “Интерфакс” агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб хабар қилишича, тожикистонлик йигит 31 август куни Москва Жомеъ масжидида экстремистик руҳдаги варақа тарқатганликда гумонланмоқда.


Интерфакс ахборот агентлигининг расмий манбага таяниб ëзишича¸ Москва полицияси икки ҳафталик қидирув ишларидан сўнг Россияда террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Ҳизб- ут-Таҳрири Исломия” ташкилоти ғояларини тарғиб этувчи диний варақаларни тарқатганликда гумонланаётган 23 ёшли Тожикистон фуқаросини ҳибсга олган.

Озодлик суриштируви давомида¸дастлаб ҳибсга олинганларнинг икки киши бўлгани ва дастлабки терговдан сўнг ушланганлардан бирининг қўйиб юборилгани аниқланди.

11 сентябр куни соат кечки 8:30 ларда Тинчлик проспектидаги масжид яқинидаги Виползов кўчасида шом намозидан қайтаётган икки нафар Тожикистон фуқароси номаълум кимсалар томонидан машинага солиб олиб кетилган.

Ҳибсга олинганлардан бири Тожикистон Республикаси, Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи 30 яшар Абдуқаюм Мақсудов, иккинчиси эса яна бир сўғдлик 24 яшар Абдураҳим Тошматовдир.

“Бизни масжид олдида қўлимизни қайриб машинага тиқишди ва Мешчанский полиция бўлимига олиб келишди”, дейди Озодлик билан суҳбатда ҳибсга олиниб кейинчалик қўйиб юборилган Абдуқаюм Мақсудов.

- Мени дастлаб “Телефон ўғирладинг”, деб сўроққа тутишди. Кейин бизни алоҳида хоналарга қамашди. Эрталаб соат 9 ларда бизни Мешчанский прокуратурасига олиб боришди. Дўстимни кабинетлардан бирида сўроққа тутишди, мен эса коридорда ўтирган эдим. Кейин мени ёнимга ФСБ ходими келиб, “Сенларни нима учун қўлга олганимизни биласанми? Биз сенларни “Ҳизб-ут-Таҳрир”га аъзоликда айблаб қўлга олдик”, деди. Мен бирор нарса демадим. Менга провокация саволларини беришди, дўқ-пўписа қилишди. Кейин бармоқ изларимни олиб, сумкамни ва паспортимни бериб қўйиб юборишди. Ҳеч нарса дейишмади! Варақаларни тарқатганликда айблов эса ғирт ёлғон! Мен биламан¸ Абдураҳим бу иш билан шуғулланмайди. Ўзи бир етим бола бўлса, электрик бўлиб ишлаган эди, ҳозир иш излаб юрувди, дейди ФСБ томонидан қўлга олиниб қўйиб юборилган Мақсудов.

ФСБ матбуот хизматининг Интерфакс орқали сиздирган хабарига кўра, варақалар 31 август куни бевосита Москва Жомеъ масжидида тарқатилган.

Бу маълумотга ойдинлик киритган Россия Муфтийлар кенгаши раисининг муовини Рафик Фаттоҳиддинов Озодлик билан суҳбатда масжид ичкарисида варақалар тарқатилмаганини таъкидлади.

- Жомеъ масжиди биносида ҳеч қандай варақа тарқатилмаган. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Жомеъ масжиди ëнида экстремистик ғояларни тарғиб этувчи варақа тарқатганликда айбланаётган Тожикистон фуқаросини ҳибсга олишган, дейди Москва Жомеъ масжиди расмийси Рафик Фаттоҳиддинов.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти қошидаги Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раиси Баҳром Ҳамроев 31 август куни Жомеъ масжидида мусулмонлар билан учрашгани ва бу ерда ҳеч қандай варақалар ҳақида гап-сўз бўлмаганига гувоҳ эканлигини таъкидлайди.

- Бу нотўғри, чунки мен ўша куни Тинчлик проспектидаги масжидда бир нечта Ўрта Осиё қочқинлари билан кўришиб, уларга ҳуқуқий масалаларда маслаҳат бериб турган эдим. Варақалар тарқатилмагани аниқ, чунки мен масжид имомлари билан ҳам бугун ҳам шу ҳақда телефон орқали суҳбат қилдим, дейди Баҳром Ҳамроев.

Бу ишни кузатувга олган Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раиси Баҳром Ҳамроев фикрича¸ ФСБ “террорчи ва экстремистларга”қарши амалиёт баҳонасида нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон фуқароларини ҳам экстрадиция қилиш ҳаракатларини фаоллаштирган.

- “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кеча оқшом (13 сентябр- таҳр.) Мақсудов Абдуқаюм мурожаат қилди ва уларга бўлган тазйиқлар ва Тошматовни Тожикистонга экстрадиция қилиш эҳтимоли борлигини гапириб берди. Тошматов Тожикистонда қидирувга берилган экан. Уни “Ҳизб-ут-Таҳрир”да аъзоликда айблаб¸ Тожикистон ҳукумати уни Россиядан экстрадиция қилишни талаб қиляпти.

Албатта¸ у экстрадиция қилиниши керак эмас, чунки Тожикистонда охирги пайтларда “ҳизб ут-таҳрирчиликда” айблаб мусулмонларни қатағон қилиш авжига чиқиб кетди. Бу тенденцияни тўхтатиш мақсадида биз ҳозир Европа судларига мурожаат қилиб, зудлик билан Тошматов Абдураҳимни Тожикистонга жўнатмаслик масаласини кўтариб чиқяпмиз. Абдураҳимни Тожикистонга бермасликка умидимиз бор ва бунга барча имкониятларимизни ишга соламиз, дейди “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроев.

Олинган маълумотларга кўра, Абдураҳим Тошматов ҳозирча Мешчанский туман полиция бўлимида сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG