Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:28

Толибоннинг энг йирик ҳужуми бартараф қилинди


НАТО ҳарбийлари 20 соатлик ҳужум сўнггида Кобул марказида ўрнашган Толибон жанггариларини йўқ қилди.


13 сентябр куни Кобул марказидаги Абдул Ҳақ майдони яқинидаги тўққиз қаватли бино тепасига жойлашиб олган жанггарилар НАТО кучлари штаби ва АҚШ элчихонасини автомат, гранатомёт ва ракета ўқига тутди .

Бу ҳужумлар учун маъсулиятни Толибон ўз зиммасига олди.
Афғон расмийлари мазкур ҳужумни толибларнинг сўнгги ойлардаги энг кучли ҳужуми сифатида баҳоламоқда.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг маълум қилишича, ҳужумлар натижасида 14 киши, жумладан, 4 полициячи, 4 нафар тинч аҳоли вакили ва 6 жанггари ўлган, 20дан зиёд одам яраланган.
Жароҳатланганлар орасида НАТОнинг олти аскари ҳам бор.

НАТО ҳарбий вертолётлардан фойдланганига қарамай, бинога ўрнашиб олган жанггарилар 20 соат давомида қаршилик кўрсатган.

Кобул полицияси раҳбари Аюб Саланги жанггарилар ҳужумга пухта тайёргарлик кўрганликларини айтади.

- Биз кўп қаватли бинога яширинган олти жанггарини ўлдиришга муваффақ бўлдик. Улар ўша жойдан туриб ҳужумни бошқариб турди. Жанггарилар ҳужум учун жуда қулай жойни эгаллашган. Бироқ биз уларни йўқ қилдик, деди Аюб Саланги.

НАТО расмийлари жанггариларни йўқ қилиш ҳарбий амалиётига Афғонистон хавфсизлик кучлари етакчилик қилганини билдирди.

Воқеадан кейин АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон ҳужумлардан қўрқмаслигини таъкидлади.

- Афғонистонда ишлаётган фуқаролар ўз ишига содиқ, жасур одамлар, улар бу мамлакатдаги ўз миссиясини бажаришни асдойдил мақсад қилган. Бу каби номардларча ҳужумлар билан уларни қўрқитиш мумкин эмас. Улар афғон ҳамкасблари билан биргаликда елкама-елка туриб болаларга мактабга боришлари учун имконият яратаяптилар, аёлларга туғиш пайти кўмаклашаяптилар, йўллар қураяптилар, фермерларга ёрдам бераяптилар, деди АҚШ Давлат котиби.

Шунингдек, Ҳиллари Клинтон Америка Афғонистон халқига ёрдам беришни давом эттириш учун барча имкониятдан фойдаланишини маълум қилди.

- Мухолифат - зўравон экстремистлар, толиблар ва иттифоқчилари, Афғонистон халқининг тинчлиги ва муваффақиятига доимий равишда таҳдид солиш билан шуғулланиб келмоқда. Биз ҳушёр бўламиз. Ўзи ва болалари учун яхшироқ келажак яратиш йўлида азият чеккан Афғонистон халқига ёрдам беришни давом эттириш учун бор имкониятни ишга соламиз, дея баёнот берди АҚШ Давлат котиби.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен эса ҳужумлардан кўзланган мақсад хавфсизликни таъминлаш вазифасини йил охиригача Афғонистон кучларига топшириш режасини барбод қилишдан иборат бўлганини айтди.

Расмуссен жанггарилар ниятига ета олмаслигини сўзига қўшимча қилди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳужумларни қоралаб, бу ҳодиса афғонларнинг мамлакатдаги вазият учун маъсулиятни ўз зиммасига олиш борасидаги интилишларини кучайтиришини баён қилди.
XS
SM
MD
LG