Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

Ўтунбаева милиция бошбошдоқлигидан ғазабда


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 2010 йилги Ўш воқеаларидан кейин маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатлари кескин кўпайганини яна бир карра эътироф этди.

Президентнинг айтишича, қийноқлар ҳамма маҳбусларга эмас, балки миллий озчилик вакиллари бўлганларга нисбатан қўлланилмоқда.

- Қийноқлар ва ноқонуний қўлга олишлар тўхтатилмагунича Қирғизистонда барқарорлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Қийноқ ва ноқонуний қўлга олишлар мавжуд экан, мамлакат тинчимайди. Биз буни тушунамизми ёки йўқми? Бозорқўрғон ва Ўш милициясидаги бебошлик қачонгача давом этади? Кўзига кўринган одамни қамаб, ундан пул ундириш, ўлгунича калтаклаш қачон тўхтатилади? – деди президент.

Роза Ўтунбаеванинг айтишича, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги қошидаги фуқаровий назорат кенгашлари қийноқларга қарши курашда қатъий позицияни эгаллашлари лозим.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг назорат кенгаши раиси, дипломатия академияси проректори Қайрат Ўсмўналиев махсус хизматларда қийноқлар муаммоси мавжудлигини, аммо буни қўмита раҳбарияти тан олишни истамаётганини айтади:

- Биз Миллий хавфсизлик хизматидан тергов ва сўроқ пайтида қонунни бузган қанча ходим жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот талаб қилдик. Олинган жавоб мени ҳайратга солгани йўқ. Жорий йилнинг 8 ойида бирорта ходим қонунни бузгани учун жавобгарликка тортилмабди. Бундан хулоса шуки, қийноқлар мавжудлиги тан олинаётган бир пайтда қонунни бузган бирорта терговчининг жавобга тортилмагани қийноқларга қарши кураш суст даражада олиб борилаётгани белгисидир, - деди Қайрат Ўсмўналиев.

Айни пайтда ички Қирғизистон Ишлар вазирлиги назорат кенгаши раиси, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова қамоқхоналарнинг мунтазам текширилиб туриши оқибатида қийноқларнинг олди олинишига ва қийноққа солиш ҳолатларининг камайишига сабаб бўлаётганини қайд этди.

- Биз вақтинча сақлаш изоляторларини тез-тез текширувдан ўтказаяпмиз. Бу профилактиканинг бир тури. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари изоляторларда қўққисдан текширув бўлиб қолишини билган ҳолда, ноқонуний ҳаракатлардан тийилишга кўникишмоқда. Бундан ташқари, назорат кенгаши ҳар бир қийноқ факти бўйича конкрет таклифларни ҳам ишлаб чиққан, - деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилда Ўш воқеаларидан сўнг 30 та қийноқ ҳолати аниқланганини маълум қилган эди. Жорий йилнинг 7 ойида эса Бош прокуратура томонидан қийноқ қўллаган ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши 35 та жиноят иши очилгани билдирилди. Жумладан, ўтган бир ой мобайнида Бозорқўрғон ва Жалоболободда ўзбек миллатига мансуб Усмонжон Холмирзаевни қийноққа солгани учун 4 милиционер, Ўш шаҳрида эса 5 нафар ўзбек ва 1 афғонистонликни қийноққа солиб, пора талаб қилгани учун 2 та милиционерга нисбатан жиноят иши очилган.
XS
SM
MD
LG