Линклар

Guli томошаси Cipriani ресторанида бўлади


Ғарб матбуотида Гулнора Каримова исми ўрнида кўпинча "ўзбек маликаси" ибораси қўлланилади.

Ғарб матбуотида Гулнора Каримова исми ўрнида кўпинча "ўзбек маликаси" ибораси қўлланилади.

Гулнора Каримова либослар кўргазмаси Ню Йоркдаги Cipriani ресторанида бўлади, лекин бош мезбоннинг у ерда бўлиши даргумон.

Ню Йоркдаги Мода ҳафталигидан қувилган ўзбек диктаторининг қизи Гулнора Каримова ўз томошасини 15 сентябр куни Манҳеттен марказидаги Cipriani ресторанида ўтказмоқчи. Ҳозирча Каримованинг бу тадбирга келиш-келмаслиги мавҳум бўлиб қолмоқда.

New York Post рўзномасининг ёзишича, сўнгги бир ҳафта давомида Гулнора Ню Йоркда кўринмаган. Душанба куни Ню Йоркга келиши кутилган Каримова хонимнинг ҳали ҳам Европада эканига ишонилмоқда.

“Унинг келиш-келмаслигини ҳеч ким билмайди”, деб жавоб қилган Гулнорага яқин манбалардан бири New York Post мухбирига.

Айни пайтда Guli томошасини уюштиришга катта пул эвазига жалб этилган ширкатлар ва донгдор сартарошу маникенлар тадбирнинг палапартиш ташкиллаштирилганидан шикоят қила бошлаган.

New York Post газетасининг ëзишича¸ Guli либосларини кийиб подиумга чиқиши керак бўлган соҳибжамоллар ҳамда катта пул эвазига уларни сочини турмаклашга рози бўлган машхур стилист Эдвард Трикоми томошанинг Cipriani ресторанига кўчирилгани ҳақида анча кеч хабар топганидан жаҳли чиққан.

Гулнора шоусини ёритиши керак бўлган Ню Йоркдаги Tractenberg & Co., реклама агентлиги ҳам томоша Cipriani емакхонасига кўчирилгани ҳақда билмаган.

Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги ташкилотчилари ҳуқуқ ҳимоячилари босими остида Гулнора Каримованинг Guli коллекцияси намойишини дастурдан олиб ташлаши ортидан ўзбек диктаторининг қизи ўз шоусини хавфсизлик нуқтаи назардан бошқа жойда ўтказганини билдирди.

“IMG ва Guli меҳмонлар хавфсизлигини ўйлаб, томошани Линколн маркази эмас, бошқа хавфсизроқ жойда махсус чақирилган меҳмонлар учун ўтказишга келишиб олди”, дейилади Guli бренди 13 сентябр куни тарқатган баённомада.

Шу ўринда, Guli шоуси меҳмонларини Линколн марказида қандай хавф кутаётгани, Cipriani ресторанининг Мода ҳафталиги ўтаëтган расмий кўргазмалар залидан нимаси билан афзал экани баёнотда айтилмайди.

Бир ой давомида Гулнора Каримованинг Ню Йорк Мода ҳафталигида қатнашиши билан боғлиқ машмашани мунтазам кузатиб келаëтган New York Post мухбири Жэймс Коверт фикрича, Гули коллекцияси кўргазмасининг Cipriani емакхонасига кўчирилишига Мода ҳафталиги ташкилотчиси IMG ширкатининг ҳам¸ Линколн марказининг ҳам алоқаси йўқ.

- Ўзбекистондаги ўта абгор инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ танқидлар сабаб Мода ҳафталигидан қувилиб шарманда бўлган Гулнора Каримова¸ билишимча, алам ўтида қанча пул сарфлаб бўлса ҳам ўз томошасини Ню Йоркда ўтказишга оёқ тираб олган. IMG Гулнорадан ўз томошасини бекор қилишни сўраганида у бунга қаршилик қилганини ўргандим. Шундан сўнг IMG Линколн марказидаги Guli кўргазмасини бекор қилган. Тадбирнинг хавфсизлик мақсадларида бошқа ерга кўчирилгани ҳақидаги гаплар ёлғон¸ дейди New York Post мухбири Озодлик билан суҳбатда.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми Cipriani ресторанлар тармоғи эгаларини, Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримовага ўз мода коллекциясини намойиш қилиш учун майдон бермасликка чақирган эди.

“Бир неча йил аввал солиқларни яширгани ошкор бўлган Cipriani ресторани эгалари, Каримова томошалари учун зални тақдим этмасликлари керак», дейилади форум (ILRF) сайтида чоп этилган петицияда.

Бу каби эътирозларга қарамай Guli коллекцияси шоуси 15 сенябр куни Манҳеттен марказидаги 42-кўчада жойлашган Cipriani ресторанида ўтказиладиган бўлди.

- Cipriani ресторанига пул керак. Улар анча молиявий муаммоларга дуч келган. Бу емакхоналар тармоғини очган ота-ўғил 2007 йилда солиқни яширганлик билан боғлиқ маҳкамада айбли деб топилган эди, дейди ню йорклик мухбир Жэймс Коверт.

Айни пайтда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилот ҳамда АҚШдаги ўзбек мухолифати фаоллари 15 сентябр куни Guli томошаси олдидан Cipriani ресторанини пикет қилишни режалаган.

- Ресторанда ўтказадими, буфетдами, Гулнора қаерга борса шу ерда плакатларни ёямиз, уни кимлигини жамоатчиликка кўрсатамиз, дейди Ўзбекистон халқ ҳаракати АҚШ бўлими раҳбари Исломиддин Долимов.

Каримова хоним шоуни хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа жойга кўчирилганини даъво қилиб турган бир пайтда¸ Shov-shuv.uz нашри кўргазманинг бекор этилиши Гулнора эмас, ташкилотчиларга катта йўқотиш бўлади, деб ёзди.

- Бу ташкилотчилар учун йўқотиш бўлади, дейиш аxмоқгарчилик. Бу жуда бир кичик томоша дастури. Бу ерда гап бор йўғи 30 минг доллар атрофида бормоқда. 30 минг доллар деб ташкилотчилар учун бош оғриқнинг кераги йўқ¸ дейди New York Post мухбири Жэймс Коверт .

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG