Линклар

logo-print

Равотликлар яна намойишга чиқди

  • Гулнора Равшан

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг 20 фоиз ҳудуди баҳсли ерлар бўлиб, бундай ҳудудларнинг кўпи Ўзбекистон билан чегараларда жойлашган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг 20 фоиз ҳудуди баҳсли ерлар бўлиб, бундай ҳудудларнинг кўпи Ўзбекистон билан чегараларда жойлашган.

14 сентябр куни ўзбек-тожик чегарасида тўпланган равотлик деҳқонлар ўзбек чегарачиларидан ўзлари учун ўрнатилган махсус тартиб бекор қилинишини сўради.

Эслатсак, бундан уч йил аввал Ўзбекистоннинг “Андархон” чегара пости бир томонлама ёпиб қўйилгандан кейин қайта очилмади.

Ана ўшандан кейин Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги 58 гектар анклав ернинг эгалари бўлган равотлик деҳқонларнинг ҳам бош оғриғи бошланди.

Аввалига Ўзбекистон томони тожикистонлик деҳқонлардан Тошкентда тасдиқланган махсус рўйхат асосида ерларига ўтишни талаб қилди. Мазкур рўйхатга номи киритилган юзга яқин тожикистонлик деҳқонлар паспорт асосида махсус текширувдан ўтказиларди. Лекин нима бўлганда ҳам равотликлар ҳар куни ўз ерида ишлаб қайтиш имконига эга эдилар.

Бироқ шу йил мустақиллик байрами арафасида равотлик деҳқонлар қарийб бир ҳафта давомида ерларига қўйилмади.

Равотлик Маъруфжон Мамадовнинг айтишича, бунинг сабабини ўзбек чегарачилари Тошкентдан ана шундай буйруқ бўлгани билан изоҳлаганлар.

Ўтган бу вақт давомида равотликлар уч-тўрт марта ўзбек-тожик чегарасида тўпландилар, аммо масала қисман ҳал бўлди, яъни равотлик деҳқонлар маълум бир режа асосида ўз ерларига қўйиладиган бўлди.

- Душанба, сешанба, пайшанба, жума куни соат эрталаб 9 дан кечқурун 6 гача ўтамиз махсус режа билан. Йўлнинг ўзига икки соат вақтимиз кетади. Бир ҳафтада тўрт кун қўйгандан кейин иш бўладими деҳқонга? Ҳосил ётибди, куз ҳам келди, уни йиғиб олиб, ўрнига буғдой экишимиз керак, ҳамма ана шундан ташвишда ҳозир, - дейди анклав ҳудудда жойлашган “Дўсти” деҳқон хўжалик бошлиғи Маъруф Мамадов.

Сўнгги марта тожик чегарачилари деҳқонларга ўз ерларига бемалол ўтишлари билан боғлиқ масалани шу ҳафта охиригача ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

Бироқ 15 сентябр куни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг давлат чегараларини қўриқлаш бош бошқармаси расмийси Шараф Файзуллоев Равот муаммоси ҳеч қачон ҳал бўлмаслигини таъкидлади.

- Бу муаммо ҳал бўлмайдиган муаммодир. У томон ҳар вақт проблема қилиб турибди, бу ёқдан юз, эллик киши тўпланади, лекин муаммо ҳал бўлмаяпти, ҳал бўлмайди ҳам, - деди тожик генерали Файзуллоев.

Аснода тожикистонлик деҳқонлар орасида “Тожикистон ўз ихтиёридаги 58 гектар анклав ерни ими-жимида Ўзбекистонга бериб юборган бўлиши мумкин” қабилидаги миш-мишлар ҳам тарқалган.

Равотлик деҳқон Фаридахон эл орасида бундай миш-мишнинг урчишига Тожикистон ҳукумати масъулларининг бетарафлиги сабаб бўлган, деган фикрда.

- Улар: “Бу ерга йиғилманглар, ўзларингнинг катталаринг ҳал қилсин бу масалани, нега сизлар бу ёққа югураверасизлар?” деяпти. Ҳокимга борсак, “иккита президент ҳал қилмаса, ҳал қилинмайди бу”, дейди. Демак, Тожкистондан ҳеч ким бу ерга ҳаракат қилмаганидан кейин “бу ерлар кетибди-да қўлдан”, деб ўйлаяпмиз, халқ шундан хавотирда, дейди равотлик деҳқон аёл Фаридахон.

Фаридахон ҳам, унинг қишлоқдошлари ҳам йил бўйи меҳнат қилиб етиштирган ҳосилини йиғиб ололмаётганидан шикоят қилади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий бир матбуот анжуманида ўз мамлакатининг 20 фоиз ҳудуди баҳсли ерлар экани ва бундай ҳудудларнинг кўпи Ўзбекистон билан чегараларда жойлашганини билдирган эди.

Тожикистон парламентидаги манбанинг мухбирингизга маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Тожикистонга тегишли учта катта анклав ер, жумладан, равотлик деҳқонларга тегишли 58 гектар ер ҳам парламент муҳокамасига қўйилган.

Манбага кўра, яқин кунларда бу анклавларнинг Тожикистон ихтиёрида қолиш-қолмаслиги узил-кесил ҳал қилинади.

Айни пайтда Тожикистон чегара қўшинлари бош қўмондони муовини Файзуллоев жаноблари, гарчи Равот муаммосининг ҳал қилинишига кўзи етмаса-да, “Тожикистон бир қарич ерини ҳеч қайси давлатга, жумладан, Ўзбекистонга топшириб қўймаслиги”ни қатъийлик билан таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG