Линклар

logo-print

"Қишлоқ мактабларида бола қолмаган"

  • Садриддин Ашур

Бугун қишлоқ мактабларидаги дарс хоналари бўм-бўш¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.

Бугун қишлоқ мактабларидаги дарс хоналари бўм-бўш¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.

Юқори синф ўқувчилари ëнида бошланғич синф ўқитувчилари ҳам далага ҳайдалгани боис¸ мактабларда дарс умуман тўхтатаган¸ дейди қишлоқ шифокори.


“Эмлагани бола йўқ”

дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Гулистон қишлоқ врачлик пункти шифокори Абдурайим Бозоров. Шифокорга кўра, пахта кампанияси бошлангани сабаб ўқитувчилар пахтага чиқиб кетган ва қисқа муддатда ўтказилиши керак бўлган эмлаш мавсумида болаларни топиб бўлмаяпти.

- Муаммолар кўп. Кечаси уйқу келмаяпти ака.

Озодлик: Нимага уйқу келмас экан?

- Ўзбекистоннинг оммавий ахборотини биласиз. Фақат мақтов, мақтов, мақтов. Бу мақтовдан билмадим кимга фойда, кимга зарар.

Озодлик: Мақтовни эшитгандан кейин кўнглингиз тинчланиб ухламайсизми ака?

- Бизлар пастда ўтириб кўриб турибмизда бўлаëтган ноҳақликни, тартиббузарликни, халқни қаëққа олиб кетаëтганини, президентимиз, вазирларимиз пастга қарашга вақти ҳам йўқ, оëғининг остини кўришга вақти ҳам йўқ, катта ташвишлар билан юрибди улар.

Озодлик: Мана сиз пастдасиз Абдурайим ака. Пастда нима гаплар бўлаяпти?

- Мана бизларда оммавий равишда пахта кампанияси бошланди. Мана 12 сентябрдан 18 сентябргача болаларни оммавий равишда қизамиқдан эмлаш бошланди. Мана бугун тўртинчи кун ишхонада ўтирибман ниҳоятда азоб еяпмизда.

Озодлик: Нимага азоб?

- Биринчидан, яхши мактаб болаларимизга пахтага жавоб берган эмас. Лекин ўқитувчиларни пахтага чиқариб кетган. Ўқувчилар мактабда йўқ. Болаларни прививка қиламиз деб борсак, мактабда ҳеч инсон йўқ. Ўқитувчиларни, синф раҳбарларини огоҳантириб қўйганмиз “миллий эмлаш бошланаяпти, ëрдам беришларингиз керак” деб. Мана битта 30-мактабга тўрт кундан бери борамиз. 50 фоиз болани ҳам ташкил қилиб бера олмаяпти булар. Пахта баҳона мактабга бормай қўйган болалар. Ниҳоятда аянчли аҳвол.

Озодлик: Сизларда эмлаш кечикиб кетаяпти-а?

- Жуда паст кўрсаткич кетаяптида энди. Бу биринчи нарса. Иккинчиси, ЮНИСЕФ томонидан катта маблағ сарфланиб вакциналар берилган, шприцлар берилган. Лекин туманга келиб туриб обработка қилиш учун спирт бермаган. Ўзбекистонда яшаб туриб обработка қилиш учун пахта бермаган. Обработка қилиш учун пахта йўқ, дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Гулистон қишлоқ врачлик пункти шифокори Абдурайим Бозоров.


“Ўз оёғи билан борганди, қамаб юборишди”¸

дейди Бекобод шаҳридан қўнғироқ қилган 82 ёшли Руқия ая. Онахонга кўра, унинг ўғли диний айбловларда айбланиб қидирувда бўлган ва онанинг илтимоси билан ўғилнинг ўзи милицияга бориб таслим бўлган.

- Мен Бекободда ўтираман. Менинг битта ўғлим Янгийўлда ўтирарди. Мен икки йилдан бери яшириб юрган эдим. У инвалид. Психболницада ëтган. Шунинг учун изла-изла қилганда мен уйимга 20 ой яшириб ўтириб мустақилликдан олдин “Бор, қилмаган бўлсанг ҳам кечирим сўрагин” деб мен юборсам, уни олиб Тоштурмага қамаб қўйди. У ëққа ëздим, бу ëққа ëздим. Мана авф бор деб бу авфга қулоқ солмайди ҳеч ким. Мана бир ярим ойда 7 йил срок берди. Президентимизга ета олмайман. У кишидан миннатдорман лекин мен. Лекин уларнинг чиқарган қарорларига ҳеч ким амал қилмайди. Ўғлим ҳозир Тоштурмада ëтибди.

Озодлик: Неча ëшда ўғлингиз?

- 46да.

Озодлик: Исми нима?

- Султонов Жаҳонгир.

Озодлик: У нима айб иш қилганки уни қамоққа олишади?

- Уни намозхон, ундай, бундай деб айблагани учун, мен айтдим “майли, боргин, авф бор экан, кечирар экан” деб борсам, уни ушлаб Тоштурмага тиқиб қўйди.

Озодлик: Ўғлингизнинг бирор-бир террорчилик нимасига қўшилиб қолганига ишонасизми?

- Унақага қўшилгани йўқ. Мен онаманку. “У намозхонлар билан бўлиб намоз ўқиди. Ундай қилди, бундай қилди” деб ўзларича, манссабларини ошириш учун қилади булар. Лекин подшомизнинг хабари йўқ бу нарсадан. Адолат йўқ бизда. Унақаларга қўшилгани ҳам қўймайман мен. Чолу кампир намозхон одам. Болаларга “намоз ўқи” деганмиз, дейди Бекобод шаҳридан қўнғироқ қилган 82 ёшли Руқия ая.


“Санъатни сиёсатга аралаштириб бўлмайди”¸

дейди Skype орқали Озодлик билан мулоқот қилган Жанубий Кореядаги меҳнат муҳожири. Суҳбатдош Гулнора Каримовнинг Ню Йоркда ўтказиладиган мода кўргазмасининг бекор қилинганига эътироз билдирди.

- Санъат умуман сиëсатдан йироқ нарсаю. Сиëсатга аралаштириш яхши эмасда санъатни.

Озодлик: Сиз Гулнорага нисбатан адолатсизлик бўлди деб ўйлайсизми?

- Адолатсиз бўлди, деб ўйлайман.

Озодлик: Нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Бериш керак эди ўшанда иштирок этишга рухсатни. Хафамиз энди Ўзбекистон нимасига йўл бермагани учун, дейди Skype орқали Озодлик билан мулоқот қилган Жанубий Кореядаги меҳнат муҳожири.


“Ҳомийлар ёрдами мақсадли сарфланса ҳомий безимайди”

дейди Skype орқали Озодликка боғланган Тошкент шаҳар Ногиронлар жамияти раиси.

- Менинг исмим Бурҳонов Ҳасанбой. Мен Тошкент шаҳар Ногиронлар жамиятининг раисиман. Яхши, ташкилотимиз ишлаяпти. Нодавлат, нотижорат ташкилот. Ногиронлар учун қўлдан келган ҳаракатларни қилаяпмиз. Мана бугун мустақилликка бағишланган катта тадбир ўтказдик. Турон номли мажмуага 200дан ортиқ ногирон ташриф буюрди. Бугун ҳамма хурсанд бўлди.

Бу йил мана тахминан май ойларида ҳомий мурожаат қилди бизга. “Сизларга ëрдам бермоқчиман. Берган маблағларимни ногиронларга тарқатсангизлар” деди. Маблағ миқдори тахминан 30-35 миллион сўм атрофида. 10-15 фоизини биз ташкилий харажатларга сарф қилдик. Қолган 30 миллиондан ортиқ маблағни ногиронларга 100 мингдан 500 минггача тўғридан тўғри ҳисоб рақамларига ўтказиб бердик. Расмий маълумотларга қараганда 50-55 минг ногиронлар миқдори. Шахсан Тошкент шаҳар Ногиронлар жамиятида ҳомийларнинг жалб қилиниши сони кўпайиб бормоқда. Бу жиддий жавоб. Буни бошқа маълумотлар орқали текширишингиз мумкин.

Ҳомийлар қачон эътибор беради? Қачонки ҳомийлар маблағи мақсадли сарфланса. Базъри бир ташкилотлар борки, ҳомийларнинг олдига бориб “Бизнинг муаммоларимиз бор. Унақа қиламиз, бунақа қиламиз” дейишадида, олган маблағлари мақсадли сарф қилинмайди. Шундай қилиб ҳомийлардан йироқда туриш, ишончсизлик пайдо бўлади. Бизнинг ташкилотимизнинг асосий мақсади ҳомийларга мурожаат қилаëтганимизда инсонларни тўғридан тўғри ҳужжатларини уларнинг ўзларига тақдим қиламиз. Ўзлари ишонч ҳосил қилишса, ўзлари тўғридан тўғри уларга мурожаат қилишади, дейди Тошкент шаҳар ногиронлар жамияти раиси.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG