Линклар

Тожикистонда қирғизистонлик жиноятчилар ушланди

  • Гулнора Равшан

Медет Садиркуловнинг ўлимида гумонланиб Қирғизистонда ҳукуматнинг 17 амалдори қўлга олинган.

Медет Садиркуловнинг ўлимида гумонланиб Қирғизистонда ҳукуматнинг 17 амалдори қўлга олинган.

Душанбеда Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Медет Садиркуловни ўлдиришда гумонланган уч киши қўлга олинди.

Қирғиз жамиятида “Жинго” лақаби билан танилган Қодирбек Досонов, Чингиз Жумақулов ва Мирлан Шакулиев 14 сентябр куни Душанбенинг Сино туманида қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоевнинг мухбирингизга маълум қилишича, Қирғизистон ва Тожикистон ҳуқуқ идоралари ходимларининг қўшма амалиётлари чоғида қўлга олинган бу шахслар Қирғизистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан айбланиб, халқаро қидирувда бўлган.

- Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлим ходимлари маълумотларига кўра, бу учовлон бир неча оғир жиноятлар, жумладан, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимида гумонланади, - деди тожик расмийси Маҳмадуллоев.

Қирғизистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари ҳам уч фуқаросининг Тожикистон ҳудудида қўлга олинганига оид маълумотларни тасдиқлади.

Элчихонанинг ўзини Салтанат деб таништирган ходимаси элчилик масъуллари айни пайтда Душанбе шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган Қирғизистон фуқаролари билан учрашганини айтди.

- Элчихонамиз масъуллари кеча улар билан учрашган. Аммо бу масала юзасидан тўлароқ маълумот олиш учун элчихонага расмий мурожаат жўнатишингиз лозимдир, - деди қирғиз дипломати Салтанат.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Қирғизистон ички ишлар вазири муовини Мелис Турганбаев Душанбедаги махсус амалиёт чоғида қўлга олинганларнинг ҳаммаси президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимида гумонланаётганини билдирган.

Тожикистон хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, дастлабки тергов жараёнида Душанбеда қўлга олинган қирғиз фуқаролари бир муддат Бирлашган Араб Амирликларида яшириниб юргани, кейинроқ эса Афғонистон орқали Душанбега ўтганлари аниқланган.

Хавфсизлик хизмати масъулларига кўра, айни пайтда бу жиноий гуруҳнинг Тожикистон ҳудудида яширинган бошқа аъзолари ҳам қидирилмоқда.

Жорий йилнинг 14 сентябрида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2009 йили мамлакатда содир этилган шов-шувли жиноят иши фош этилганини маълум қилганди.

Вазирлик масъуллари президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов, Стратегик тадқиқотлар институти собиқ директори Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Қубат Сулаймановнинг ўлимида айбланиб 17 та давлат амалдори, жумладан, генераллар ҳам қўлга олингани ва яна бир қатор давлат амалдорлари халқаро қидирувга берилганини билдирганди.

Эслатсак, Медет Садирқулов, Сергей Слепченко ва уларнинг ҳайдовчиси Кубат Сулаймановларнинг машина ичида ёндирилган жасадлари 2009 йилнинг март ойида Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғидан топилган эди.

Ўша пайтда мазкур шахслар автоҳалокат қурбони бўлгани айтилиб, автоҳалокат айбдори сифатида Ўсмонов деган ҳайдовчи узоқ муддатга қамалган эди. 2010 йил апрел инқилобидан сўнг Ўсмонов номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Маҳмадулло Асадуллоев Қирғизистон томони уч фуқаросининг экстрадициясини сўраб, тожик томонига сўровнома ҳам юборганини қўшимча қилди.

Айни пайтда, расмийга кўра, қўлга олинганларни Қирғизистонга топшириш масаласи кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG