Линклар

Тошкентда доимий пропискага ҳақли фуқаролар ҳақидаги қонуннинг қачондан амалга кўчиши мавҳумлигича қолмоқда.


Ўзбекистон президенти 14 сентябр куни “Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага ҳақи бор фуқаролар” ҳақидаги қонунни имзолади. Президент имзоси қўйилиши билан қонуннинг кучга киргани айтилса-да¸ Озодлик суриштирувига кўра¸ Тошкент шаҳрида ҳозирча доимий прописка жараëни очилмаган.

16 сентябр куни Озодлик мухбири пойтахтда вақтинчалик пропискадан ўтиш тартибининг янги ҳолатини ўрганиш учун пойтахтдаги бир неча туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилди. ХЧКФР бўлими ходимлари ҳали қонун хусусидаги низом уларга етиб келмагани учун доимий прописка расман очилмаганини айтди:

- Ҳали официалний прописка очилгани йўқ. Ҳали бизга фармонни низоми келади, кейин очилади. Мана фармоннинг охирига ёзиб қўйибдику, бу қонун расман эълон қилингандан кейин кучга киради, деб, дер экан Чилонзор туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими расмийси янги қонуннинг ҳали Ўзбекистон матбуотида эълон қилинмаганини таъкидлай туриб.

Ўзбекистон президенти имзолаган Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага туришга оид қонун 12 тоифадаги фуқароларга Тошкентда доимий қайддан ўтиш ҳуқуқини беради:

- шаҳардан уй сотиб олган шахслар;
- пропискаси бор шахсларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги тўғридан-тўғри қариндошлари;
- пропискаси бор фуқароларнинг васийлари;
- пропискаси бор шахсларнинг ота-онасиз қолган қондош ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек меҳнатга лаёқатсиз оиласи бўлмаган ака-ука ва опа-сингиллари;
- пропискаси бор эр(хотин), агар улардан бирининг пропискаси бўлса ва камида бир йил бирга яшаган бўлса;
- Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- Тошкент вилоятида доимий пропискаси бор фуқаролар, агар улар доимий прописка масаласи бўйича Тошкент вилоятидаги бошқа манзилга мурожаат қиладиган бўлса;
- илгари Тошкентда пропискада турган, бироқ ўқиш ёки узоқ муддатли хизмат сафарига кетиб қайтиб келган ёки жазони ўташ муассасасидан озод бўлган шахслар;
- фақат амалдаги фаолияти даврида Тошкент шаҳрига тайинланган амалдорлар ва уларнинг оилалари;
- депутатлар ва уларнинг оилалари;
- фақат иш даври давомида пойтахтга ишлашга таклиф этилган мутахассислар ва уларнинг оилалари;
- ҳарбийлар ва уларнинг оилалари.

“Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага ҳақи бор фуқаролар” ҳақидаги қонун 14 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси тарафидан қабул қилинган ва Сенат тасдиғидан ўтган.
Ўзбекистон Конституцияси ўз фуқароларига ҳаракатланиш эркинлигини кафолатлайди.

Прописка ҳақидаги қонун руҳи Конституцияга зид келаëтгани маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг 28-моддасида фуқаронинг яшаш жойи эркинлиги ҳақида бундай дейилган:

«Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир».

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG