Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Президент Каримовни пенсияга чиқарсак бўлмайдими?


Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 73 яшар президент Каримов суратларини компютер дастурлари ëрдамида бўяб-бежаб намойиш этадилар¸ деб ëзди 15 сенябр куни АҚШ нашрларидан бири. Аммо бу сурат¸ Россия фотомухбирининг безаксиз иши.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 73 яшар президент Каримов суратларини компютер дастурлари ëрдамида бўяб-бежаб намойиш этадилар¸ деб ëзди 15 сенябр куни АҚШ нашрларидан бири. Аммо бу сурат¸ Россия фотомухбирининг безаксиз иши.

20 йилдан бери ҳукумат аравасини тортиб чарчаб қолган Ислом Каримов ҳам бошқа чолларга ўхшаб пенсияга чиқса¸ невара ўйнатиб юрса бўлмайдими¸ деб сўрайди Каримовнинг андижонлик тенгдоши.


“Пахтани териб олиш ҳамманинг бурчи!”

Наманган вилояти, Поп туманидаги исмини ошкор қилмаган маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бири 13 сентябр куни "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилиб, аҳолидан пахта теримига чиқиш ҳақида тилхат олинаётгани, тилхат ёзувчи теримдан бош тортса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилаётгани тўғрисида айтиб берган эди.

Попликнинг бу гапини эшитган қўқонликлардан бири 16 сентябр куни Озодликка сим қоқиб¸ етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинга қолдирмай йиғиб-териб олиш ҳар бир ўзбекистонликнинг ватанпарварлик бурчидир, деган фикрни билдирди.

- Мен Рустамжон Ботировман. Қўқон педагогика институтида ишлайман ўқитувчи бўлиб. Икки-уч кун бўлди Поп туманидаги маҳалла фаолининг пахта ҳақидаги фикрларини эшитиб қолдим. Ўзимиз ҳам пахтадамиз ҳозир. Институтнинг ўқитувчилари, талабалар ҳаммамиз. Фикрлар бўлди норозилик, маҳалла олиб чиқишаяпти, қўл қўйдираяпти, бошқа. Биз ҳам пахтадамиз. Ўша акага бир мурожаат қилмоқчиманда. Мен Поп билан Қўқоннинг ўртаси Бувайда деган жойда яшайман. Далада ҳозир пахта оппоқ бўлиб пишиб етилиб ëтибди. Бугун Қўқонда мана шамол, ҳаво ўзгараяпти. Шунча ҳосилни етиштирди деҳқонларимиз. Буни йиғиштириб олиш керак. Бунинг уволи бор. Оппоқ нарса бўлса. Битта ëмғир ëғса, кимга фойда¸ кимга зиëн. Айтмоқчи бўлган нарсамки, ўша ака маҳалла фаоли экан. Мен ўзим ҳам ўқитувчиман. Ҳозир далада туриб гапираяпман бу нарсаларни. Тезда йиғиштириб олиш керак. Бу нарсаларни ҳадеб қора нарсага бўяб илавермасдан сал нима қилиш керак демоқчи эдим.

Озодлик: Демак, етиштирилган ҳолсилни йиғшитирб олиш керак ва бунинг учун ва бунинг учун талабаларни ҳам, мактаб ўқувчиларини ҳам бемалол ...

- Йўқ, йўқ, йўқ. Мактаб ўқувчилари ҳақида алоҳида айтмоқчиман. Мактаб ўқитувчилари ҳозир шанба, якшанба кунлари чиқаяпти. Ўзимнинг келиним бор¸ масалан.

Озодлик: Бўпти ўқитувчилар чиқаëтганини тушундим. Ўқувчилар олиб чиқилаяптими пахтага?

- Йўқ, ўқувчилар чиққани йўқ. Менинг назаримда бу йилги нимада ўқувчиларни умуман пахтага чиқармоқчи эмас. Талабаларни ўзим олиб чиқаяпманда, ўзим турибман. Ҳомиладори, турмушга чиққани, турли хил касаллари, бошқалари чиққани йўқ. Қолганларни чиқаяпти. Бир ойнинг ичида бемалол пахтани териб, бориб ўқишимизни ўқишимиз мумкинку.

Озодлик: Демак, пахтани йиғиб-териб олиш керак.

- Ҳа, пахтани йиғиб-териб олиш керак, дейди қўқонлик ўқитувчи Рустамжон Ботиров.

Етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинга қолдирмай йиғиб-териб олиш ҳар бир ўзбекистонликнинг ватанпарварлик бурчидир, деяётган Рустамжоннинг айтишича, Қўқондаги мактаб ўқувчилари пахта теримига бу йил жалб этилмаган.

Бироқ мамлакатнинг бошқа жойларидан олинган хабарларга қараганда, мактаб ўқувчилари ҳам айни кунларда пахтага ҳайдалган.


“Гулнорани яхши кўраман!”

Умуман, дала ишларида, хусусан, пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистоннинг Совет давридан буён ечилмай келаётган муаммосидир.

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар чала, аниқроғи ислоҳотларнинг фақат давлат, янаям аниқроғи пахта савдосини назорат қилувчи давлат амалдорлари манфаатларига хизмат қиладиган тарзда ўтказилганидан бу муаммонинг – болалар меҳнатини эксплуатация қилиш муаммосининг қачон узил-кесил ҳал қилинажаги тўғрисида шу кунда айтиб бера оладиган одам бўлмаса керак.

Муаммо бор экан, у давлат тепасидагиларнинг хориждаги ошига пашша бўлиб тушишда давом этмоқда.

Айнан шу муаммо президент қизи Гулнора Каримованинг Ню Йоркдаги мода “тўй”ини “аза”га айлантириб юбораёзди.

Лекин Гулнора Каримованинг ишқибозлари ҳам бор экан. Улардан бири президент қизининг модалар кўргазмасига қарши чиққанларга қарши эканлигини айтиб қўйиш учун "Эркин микрофон"га Skype орқали мурожаат қилди.


- Гулноранинг нимаси олиб ташланганига қаршимизда. Пикетчилар сабаблида. Уларнинг қилаëтган иши нотўғрида. Мисол учун ҳамма давлатда борда давлатга қаршилар. Москвада Путин билан Медведевни ëмон кўришади. Лужковни яхши кўрар эди, у ҳам кетиб қолди. Америкада ҳам бор, мисол учун, Обамага қарши чиққанлар. Бушга қарши чиққанлар ҳам бўлган. Санъат сиëсатдан йироқда. Сиëсатга аралаштириш яхши эмас санъатни. Адолатсиз бўлди, деб ўйлаймиз. Бериш керак эди ўшанда иштирок этишига рухсат.

Озодлик: Гулноранинг кўргазмаларига борармидингиз? Ақлингиз етадими бора олишингизга умрингизда бир марта?

- Модага қизиқмайманда. Концерт бўлганда борардик.

Озодлик: Гулнорани нима учун яхши кўрасиз?

- Гулнора Каримова бўлгани учун эмас, Ўзбекистон номидан чиқаëтгани учун, дейди биз билан Skype орқали боғланган суҳбатдош.


“Каримовнинг пенсияга чиқишга ҳақи йўқми?”

Бу савол билан "Эркин микрофон"га Ўзбекистон президентининг андижонлик тенгдоши мурожаат қилди.

Саволга жавобимиз йўқ эди.

- Менинг битта саволим бор сизга. Ишчилар бор, олимлар бор, бошқалар бор. Одамларни бошқаришлик энг қийин иш деб биламан. Масалан¸ менинг оиламда олти-еттита одам бўлса, бола-чақани бошқариш жуда қийин. Бирига у, бирига бу дейсиз. Мана милициялар ишлар экан. 25 йил ишлаб секин пенсияга чиқиб кетар экан. Мажбурий чиқарар экан. Буларнинг иши калтакни ушлаб олиб у ëққа бориб, бу ëққа келиб юриб кунни ўтказиб пулни олар экан. Битта қоровул ҳам ойликни олар эканда у ҳам 60 га кириб пенсияга чиқиб, роҳат қилиб юраркан.

Озодлик: Демоқчисизки, бу дунëда ҳамма песнияга чиқади агар ўлмай етиб олса.

- Ҳа, етса чиқади.

Озодлик: Буни айтишдан мақсад нима?

- Айтишдан мақсад¸ подшойимиз Ислом ака Каримовни нимага пенсияга чиқармайди экан? Кимда айб шуларни чиқармасликка. У киши ҳам мана 70 дан ошиб кетди. Бу қийин ишда. Бу кишининг ҳаққи йўқми¸ эл қатори оддий қоровулчалик ëки оддий милиция сингари дам олиб, невараларини ўйнатиб дамини олиб қариган вақтида роҳат қилишга ҳаққи йўқми, дейманда. Депутатлар чиқармасмикан дейманда.

Озодлик: Демак, сизнинг фикрингизча шуни пенсияга чиқармаслигига депутатлар айбдор.

- Депутатлар айбдор бўлса керакда. Ëки бўлмаса атрофидагилар “Йўқ, Ислом ака. Сиз пенсияга чиқсангиз, биз ҳам чиқишимиз керак. Энди сизнинг паноҳингизда турибмиз” деган мақсадда илтимос қилиб, 100 хил баҳона қилиб маҳкам ушлаб туришармикан дейманда. Сиз кўпчилик билан гаплашгансиз. Сабабини билсангиз, айтиб берсангиз, саволимизга жавоб бўлиб қоларди.

Озодлик: Мен ҳам у киши нимага пенсияга чиқмаëтганининг сабабини билмайман. Энди ҳар ким пенсияга чиқар экан, ишхонасининг раҳбари чиқаради. Каримовнинг ишхонасининг раҳбари йўқ. У кишидан катта одам йўқ. Шунинг учун пенсияга чиқа олмаëтган бўлса керак.

- Ҳа, ҳа, ҳа, дейди андижонлик суҳбатдош.

Андижонлик суҳбатдошимизчининг саволига жавобан ҳазил қилганимизни тушундингиз, албатта.

Ҳазил – ҳазилу лекин чинини чиндан ҳам билмаймиз.

Балки, Сиз муштарий биларсиз чинини?

Билсангиз, бизга айтинг. Биз қолганларга айтамиз.


“Нима учун Хайрулла Ҳамидовни ҳамкасблари ҳимоя қилмаяпти?”

Бу оғир савол билан "Эркин микрофон"га Skype орқали исмини айтишга ҳайиққан, лекин Хайрулланинг ижодини мукаммал биладиган ашаддий бир мухлиси мурожаат қилди.

Журналистнинг вазифаси нафақат тайёр жавоблар топиб бериш, балки жамиятни қийнаётган саволларни жамиятнинг ўзига эшиттириб туриш ҳамдир, дедик-да, қамоқдаги журналистнинг саволларини ҳам эшиттириб қўйишга қарор қилдик.

- Хайрулла Ҳамидов масаласи бўйичада. Қамалганидан бери тинчим йўқда. Шунинг учун фикр билдирмоқчи эдимки, ўзининг мухлислари ўзининг йўлигаю, лекин у билан бирга ишлаган ëки таниган инсонлар ҳозирги кунда унга ëрдам бериши керак деб ўйлайманда. Ташқаридан ëрдам берилганидан кўра ичкаридан ëрдам берилгани яхши.

“Одамлар орасдида” гаетасида бирга ишлаган болалар бор, Ўзбекистон телевидениесида ишлаганлар бор, ҳозирги кунда Спорт директори бўлиб турган Давлат Турдиалиев бор. Олдин булар кўп газеталарда фаолият олиб борган. Олтитами-еттита газетада хизмат кўрсатганда у. Лекин битта нарсани эътиборга олиш керакки, Хайрулла Ҳамидовни фақатгина “Холислик сари” дастури эмас, эътибор беришган бўлса Наврўз радиосида яна “Қўрғонимсан ватан” деган эшиттириш бўлган. Бу Наврўз радиосининг архивида бўлиши мумкин. Лекин ўшанда олиб чиққан мавзуларини эътибор берадиган бўлсангиз, шу вақтгача Ўзбекистон мактабларида ëки университетларида миллий ғоя, ватанпарварлик руҳидаги китоблар ëзишмасин лекин ана шу боланинг ўнта дастури кўпчиликка ватан нималигини билдириб қўйганда.

Озодлик: Ўша бирга ишлаганлар бнима учун ҳимоясига отланмаяпти? Балки улар ҳам қўрқаëтгандир. Уларни ҳам тушуниш керакдир балки.

- Тўғри, ҳамма ҳам қўрқади. Масалан, эътибор берадиган бўлсангиз, бизнинг шароитда оддий порахўрлик ëки бошқа нарсада чиқиш тезлашади. Бир-икки ойда чиққанини кўрганмиз, эшитганмиз. Лекин диний бўлиб кириб кетганларга чиқиш ҳақиқатан қийину, лекин ҳаракат қилинса чиқиш мумкин деб ўйлайман. Менимча, Юсуф Жуманинг чиқишида диний нарса рол ўйнамаган. Чунки Юсуф Жума диний одам бўлиб кириб кетмаган. Чунки у одам фақатгина сиëсий маҳбус. Эътибор берсангиз, шу вақтгача диний маҳбус бўлиб чиқанлар умуман йўқ. Санай олмайсиз, менга мисол қилиб келтириб бера олмайсиз. Лекин сиëсий маҳбус бўлиб чиққанлар бор. Шуни ҳисобга олиш керак. Ўзи олти йил берилган бўлса ҳам бу 60 йилга чўзилиб кетади. Уни бирга ўқиган болалари ҳаммаси ўзига тўқ болалар. Олий маълумотли болалар ҳаммаси, яхши ишларда ишлаб турибди. Ана шу болалар мустаҳкам бўлиб туриб, шу болага ëрдам бериши керакда, дейди Озодликка Skype орқали боғланган Хайрулланинг ижодини мукаммал биладиган ашаддий бир мухлиси.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG