Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:19

Жасур Ҳамроев: Гулноранинг ишларига тасанно!


Жасур Ҳамроевнинг 'Shov-shuv.uz сайтидан олинган сурати.
Жасур Ҳамроевнинг 'Shov-shuv.uz сайтидан олинган сурати.

Shov-shuv.uz сайти бош директори Ню Йорк Мода ҳафталиги супасидан қувилган Гулнора Каримовани қалбан қувватлашини билдирди.


Россиялик машҳур поп қўшиқчи Филип Киркоров ва телебошловчи Андрей Малаховдан кейин Гулнора Каримова ҳимоясига ëш ўзбек журналисти Жасур Ҳамрoев чиқди.

16 сентябр куни Ўзбекистондаги шоу бизнес янгиликларини ëритувчи Shov-shuv.uz сайти бош директори Жасур Ҳамроев ўз сайтида "Океан ортида ҳасад ва ғайирлик ортда қолди" деб номланган мақола ëзиб чиқди. Бу эса Ҳамроевнинг Гулнора Каримованинг Ню Йоркдаги кўргазмаси ошига пашша тушганидан бери ëзган биринчи чиқиши эмас.

Ўзбекистон президенти тўнғичи Гулнора Каримованинг Мода аренасидан ресторанга кўчган либос кўргазмаси кейинги бир ҳафта мобайнида АҚШ газеталари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларинимнг ашаддий танқидига нишон бўлди.

Газеталар Гулнорани сифатлашда “Фашист диктаторнинг қизи”¸ "талончи малика"¸ "Ўзбекистонда энг кўп нафрат қилинадиган аëл" деган қатъий жумлаларни ишлатишди.

Бунинг баробарида Тошкент ва Москвада Гулнора Каримовани қўллаëтганларнинг сийрак гуруҳи ҳам пайдо бўлди.

Россиялик поп машшоқ Филипп Киркоров, Россия телеканалининг машҳур бошловчиси Андрей Малахов Гулнора Каримова тарафини олиб чиқди.

Жорий ҳафтада Facebook ижтимоий тамоғида ўзбек ëшларига нисбат берилган “Наша культура вне политики” деган саҳифа пайдо бўлди.

Бу саҳифа фаоллари ўзбек ëшларини Гулнорани ҳимоя қилиш учун бир ëқадан бош чиқаришга чорлашди.

Гулнора Каримова Ню Йоркдаги Мода ҳафталигидан қувилиб, ўз томошасини 15 сентябр куни Манҳеттен марказидаги Cipriani ресторанида ўтказганидан кейин унинг ҳимоясига 28 яшар ўзбек журналисти Жасур Ҳамроев чиқди.

Жасур Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Ғарбнинг Гулнорани топташига чидаб тура олмаганини таъкидлар экан¸ президент тўнғичи¸ мамлакатдаги шоу бизнесни ҳам ўз назоратига олгани тахмин қилинадиган Гулнора Каримовани хушомадгўйлик учун эмас¸ самимий севишини айтади.

- Менинг муносабатимни билмоқчи бўлсангиз, бу муносабат нафақат менинг фикрим деб ўйлайман кўплаб Ўзбекистонда истиқомат қилаëтган ëшларнинг фикри десам муболаға бўлмайди. Мен баралла айтишим мумкин бу ифтихор ва фахр. Бошидан бери айтиб келаяпмиз шу фикрни. Бу ҳақиқат. Бу ҳеч қанақа бир, нима дейди, бўялган фикрлар эмас, самимий юракдан чиққан гапларда. Барибир шу нарса амалга оширилдими биз жуда ҳам хурсандмиз бу нарсадан ва ўйлайманки, мана суратларни ҳам томоша қилиб турибман, мен фахрланаяпман. Мана ўзбегим модаси, умуман олганда ўзбек либослари дунëнинг энг олди шаҳарларида намойиш этилаëтгани назаримда ҳар битта ўзбекни фахрлантиради.

Озодлик: Бу либослар коллекцияси билан сиз Тошкентдаги либослар кўргазмасида ҳам таниш бўлгансиз. Шунақа тушунаяпман-а?

- Йўқ, энди бу янги коллекция. Бу бизлар учун ҳам сюрприз эдида мана шу нарсани кўриш. Мана масалан дунëнинг энг олди шаҳарларида айланиб келишининг ўзи бир катта фахрда. Ҳали бизлар буни кўрмадик. Мана энди суратларини кўрдик. Баҳор-ëз коллекцияси бўлгани учун биринчи ўша Mercedes Benz Fashion weekда намойиш этилиши керак эди. Мана шуни бизлар ҳам интизорлик билан кутган эдик.

Озодлик: Mercedes Benz Fashion weekда намойиш қилинмасдан ресторанга кўчди ва норозилик намойишлари бўлиб ўтди кичкина бўлса ҳам. Бу рақобатчиларнинг ишими ë ҳақиқатан муаммо борми?

- Бу ноҳақчилик. Энди ўйлаб қарангда нимага энди айнан Guli коллекцияларига нисбатан шунақа иш бўлгани мени ўйлантириб қолдида. Масалан мода билан сиëсат умуман бошқа-бошқа нарса. Буни ҳаммамиз таъкидладик. Менинг назаримда бошқа журналистлар ҳам тўхталиб ўтди бу нарсага. Айтмоқчи бўлганим, бу ўзи номидан маълум Fashion week бўлгандан кейин у ëққа нима дейди пикет ëки нималарнидир ëки бўлмаса қаршилик намойишларини қилишнинг ўзи ахмоқгарчилик деб ҳисоблайманда мен ва мақсад ноаниқ.

Озодлик: Одамлар “Агар президентнинг қизи бўлмаганида бунақа имкониятлар бўлмас эди. Ўзбекистондан бошқалар чиқмаяптику” дейишаяптида. Суиистеъмоллик йўқмикан, деб эҳтимол қилишаяпти.

- Албатта суиистеъмоллик йўқ. Чунки мен бу шахснинг ижодини узоқдан туриб кузатаман ва битта нарсага қойил қоламан – ўзида ижодкорлиги борлиги билан ҳамма ëшларнинг олдида ҳурмати бор. Ўзининг ижодкорлигини, ўша ишларини мода орқали кўрсатаяптими тан бериш керак.

Озодлик: Тошкентдан Слава Охунов деган рассом айтаяптики, “Бир фолклор деган стил бор. Ундан ривожланмаяпти. Музейдаги кийимларни олиб моделларга кийгизса ҳам шунақа эффект бўлади. Йўл йўқ, йўналиш йўқ” деяпти.

- Энди ҳамманинг ўзининг фикри бор. Мен билмайман улар қанақа фикрда, лекин мен ўзимнинг шахсий фикримни айтишим мумкин. Mана шу ўзимизнинг Тошкентда ўтадиган style.uz санъат ҳафталиги доирасида ҳам, мана бир неча йиллардан бери кузатиб келамиз, қанча-қанча бутун дунëдан машҳур модельер, дизайнерлар ташриф буюрадида буларнинг ишини кўриб тан берган. Ва мана шу санъат ҳафталиги давомида, миллий либослар фестивалини оласизми ëки бошқа чиқишни оласизми ўзининг йўналиши бўлгани учун ҳам ўшалар тан бераяптида. Ўзининг фикрларини кўплаб жаҳон оммавий ахборот воситаларида билдираяпти. Биз бундан ўқиб, нима дейди, ўзимизга яраша фикр чиқараяпмиз. Энди бу битта ўша рассомнинг фикри. Ҳамма ўзининг шахсий фикрига эга. Менинг назаримда тўғри баҳо бериш керак ва кенг қамровда фикрлай билиш керак.

Озодлик: Яна битта тарафига эътибор беришаяпти. Ўзбекистон патриархал мамлакат. Шунинг учун аëлларга унақа кенг имконият берилмайди ва шу зеҳнияти ҳам бор, олақараш бор. Аëл киши уйида ўтирсин овқатини қилиб, нима қилади модаларга аралашиб, деган гаплар ҳам бор. Бунга нима дейсиз?

- Қайси ахмоқ одамдан шунақа фикр чиқиши мумкин. Масалан бутун дунëни оладиган бўлсангиз, ҳамма ривожланган мамлакатларда аëлларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиб борилаяпти мана йиллардан йилларга эътибор берсангиз. Ва хусусан, мен буни фахр билан айта оламан, бу аниқ факт, Ўзбекистонимизда мустақиллик йилларидан кейин аëлларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиб борилаяпти. Чунки, нима дейди, аëлларга нисбатан иккинчи шахс деб қаралиши ëки бўлмаса камситилиш нуқтаи назаридан иккиламчи инсон қарашига барҳам берилиши менинг назаримда мусатқилликнинг янги ғалабаларидан бири деб ҳисоблайман. Нимага аëл ижодкор бўлса, унинг ижодига тўсқинлик қилишимиз керак? Нимага энди аëл маданиятини, ижтимоий ҳаëтимизда қайсидир бир жабҳаларни юксалтиришга ўзида бир иқтидори бўлса, бизлар унга қаршилик қилишимиз керак? Менинг назаримда, билмадим, бу ақлга сиғадиган тушунча эмас.

Озодлик: “Ҳамма ëшларнинг севимли қаҳрамони Гулнора Каримова” деб айтдингиз. Нақадар самимий бу фикрларингиз?

- Бу шу қадар самимийки, қанақа қилиб мен сизга ...

Озодлик: Яъни хушомадгўйлик эмас-а?

- Бу хушомадгўйлик эмас. Агар шу инсоннинг ишларини, нима дейди, Ню Йорк пост мухбири ҳам роса қоралаб чиқди, мана ўша қораланаëтган аëлнинг бугунги ишларини кўрсангиз эди мана шу юртга келиб, шунчаки тан берардингиз. Бу шунчаки хушомадгўйлик эмас ëки пахта тўшаш гаплардан йироқ бу. Холис бўлган фикрларда бу, самимий фикрлар.

Мана яқинда бўлган нарсани мен айтиб ўтмоқчи эдим. Мана навоийлик битта аëл мурожаат қилди. Таниш-таниш бўлиб илтимос қилишдики, саратон касалига чалинган экан, қиммат дори-дармонларни олсам, шу касалимга нима қилсам, чунки иқтисодий тарафим оғир деганда, биз айнан Фонд Форумга мурожаат қилишни таклиф қилдик. Ҳақиқатан боғланиб нима қилганда аëллар кенгаши жамоат бирлашмаси бор. Ўшалар орқали шу аëлга ëрдам кўрсатганлигини эшитиб мен жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бунақа мисоллар жуда ҳам кўп. Мана бугун ëшларни оласизми, ëшлар учун яратилаëтган имкониятларни оласизми, янги авлод дейсизми, келажак овози – ҳаммаси ëшлар учун қилинаяпти ва бунга шунчаки атрофдан қараб тасанно дейишдан бошқа нарса эмас. Шу нарса қилинмаслиги ҳам мумкин эдику аслида. Маданий ҳаëтимиздаги бир юксалишни назарда тутиб қилинган ҳафталик, ўша art weekни олсангиз ҳам бўлади, қанақа диққат марказда бўлади ўша Ўзбекистон, Тошкент шаҳри. Ëки бўлмаса “Асрлар садоси”ни олинг. Умуман ҳар битта жабҳада бўлаëтган нарсаларни кузата туриб шунчаки тан беришдан бошқа чора йўқда. Бу юракдан чиқаëтган самимий гаплар.

Озодлик: Ню Йоркдаги кўргазмада қатнашган рассом Олга Попович айтдики, “Гулнорани қўллаб-қувватлаш учун келдик либослар кўргазмасига. Чунки у киши рағбатга муҳтож бироз кайфияти бузилди” деди. Шу ростми? Гулнора Каримова шу мададга муҳтожми?

- Менинг назаримда йўқ. Сабаби бу аëлни мен биламанки, менинг ўзимнинг қарашларим бўйича жуда кучли аëл. Жуда узоқни кўра биладиган ва ўзининг қайдаражада истеъдодлик эканлигини ҳақиқий англай олган ва эзгулик нималигини биладиган ва шунчаки менинг назаримда кучли аëл. Бу аëлни бунақа майда-чудай нарсалар шунчаки руҳан синдира олмайди деб ҳисоблайман. Ва ўйлашимчаки ҳар битта мана шу воқеани кузатиб турган ва мана шу воқеага атрофлича ëндашган инсонлар қалбан у инсон билан, яъни Гулнора Каримова билан бирга бўлди деб ҳисоблайман.

Озодлик: Сиз ҳам қўллаб-қувватладингиз яъни Жасур Ҳамроев ўзбекистонлик ëш журналист?

- Мен энди самимият билан. Юрак-юракдан тилагим ҳам шу бўлдики, мана шу кўргазма бўлсин. Мана шунақа гўзаллик, юксак дид билан яратилган ўзбекона ижод асарларидан бутун дунëдан келадиган томошабинлар ëки мижозлар, ижодкорлар баҳраманд бўлишини юрак-юракдан хоҳладим ва Яратгандан ҳам сўрадим.

Озодлик: Ўзбек болалари мактабда ўқиш ўрнига пахтада юришибди ва пахтадан тикилган кийимлар булар, булар тозамас, дейишаяпти.

- Хусуматдан бошқа нарса эмас. Бу бизларнинг миллий бойлигимиз бўлса. Яна бир бор айтаман миллий бойлигимизни қанақа қилиб йиғиб-териб олишимизни яхши биламиз...

Қуйида Жасур Ҳамроев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG