Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:25

Тожикистон қийноқларга қарши курашмоқчи


Тожикистонда маҳбусни қийноққа солган Адлия вазирлигининг уч ходими турли муддатларга қамалди.

Тожикистон Адлия вазирлигининг вақтинча сақлаш изолятори ходимлари Раҳмонали Раҳмонов, Юсуф Иброҳимов ва Латиф Давлатов республика Жиноят кодексининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик банди билан айбланиб маҳкамага тортилганди.

Душанбе шаҳар Исмоил Сомоний туман судининг маҳкамага раислик қилган судяси Қутбиддин Ҳусейнов Озодликка Адлия вазирлиги ходимларига қўйилган айблов, яъни 32 ёшли маҳбус Исмоил Бачажоновга жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллагани ўз тасдиғини топганини айтди.

- Шуни назарга олган ҳолда Адлия вазирлигининг вақтинча сақлаш изолятори ходимлари Раҳмонали Раҳмонов, Юсуф Иброҳимов ва Латиф Давлатовлар турли муддатларга, яъни уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Улар жазони қаттиқ режимли колонияда ўтайдилар, - деб билдирди Қутбиддин Ҳусейнов.

Наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда айбланиб, Адлия вазирлиги изоляторида сақланган 32 ёшли маҳбус Исмоил Бачажонов суд ҳукмидан сўнг қамоқхонага этап қилинаётган куни жон бнрганди.

Тиббий экспертиза хулосасида собиқ маҳбус вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилган чоғида бу идора ходимлари томонидан калтаклангани қайд этилган.

Ўшанда Тожикистонда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор халқаро ташкилотлар қийноқлар билан боғлиқ бу ҳолат инсон ҳуқуқларига оид вазият Тожикистонда ташвишланарли эканидан дарак бераётганини таъкидлашган эди.

Кўп ўтмай Адлия вазирлигининг уч ходими Раҳмонали Раҳмонов, Юсуф Иброҳимов ва Латиф Давлатов бу жиноятда қўли борликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Аснода қийноқлардан жон таслим қилган собиқ маҳбус Исмоил Бачажоновнинг яқинлари Адлия вазирлиги ходимларига жуда енгил жазо белгиланганини идда қилишиб, Олий Судга шикоят аризаси билан мурожаат қилганларини билдирдилар.

Тожикистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг мунтазам равишда қўлланилаётгани яқин йилларгача сир тутилиб келинарди.

Бироқ замон талаби билан зиндонлар девори ортидаги бу сирлар жамиятга ошкор бўлди.

Тожикситон Жиноят кодексига қийноқ учун жазолашни кўзда тутган махсус банд киритилишига оид лойиҳа шу йил июлида мамлакат парламентига тақдим қилинди.

Тожикситонлик ҳуқуқшунослар агар бу лойиҳа парламент тасдиғидан ўтса, қонунга киритилаётган ўзгартишлар Тожикистон қонунларини халқаро меъёрлар талабига мувофиқлаштиришга хизмат қилишига ишонмоқдалар.

Бироқ соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Абдуқаюм Юуспов бу фикрларни қувватламайди.

Унингча Адлия тизимида малакали мутахасислар фаолият қилмас экан, қонунлар қоғоздан амалга кўчмайди.

- Шўро замонида Адлия тизими ходимлари Россия, Қозоғистонда тажриба орттириб қайтарди. Бироқ бугун ўша йиллардаги сингари малакали, ҳуқуқий саводли кадрлар Адлия тизимида жуда кам. Тасодифий ходимларнинг ҳуқуқ идораларида фаолият қилишига чек қўйилмас экан, қонунларимиз қоғоздан амалга кўчмаслиги табиий, - дейди Абдуқаюм Юсупов.

Гарчи Тожикистон парламенти 1995 йилда БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясини ратификация қилган бўлса-да, таҳлилчининг айтишича, шу кунгача мамлакат Жиноят кодексига ана шундай оғир жиноят учун махсус банд киритилмаган.
XS
SM
MD
LG