Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

Дилором Исҳоқова: Курашни шоирдан эмас, халқдан талаб қилиш керак


Ўзбекистонлик шоира Дилором Исҳоқова халқ ўз ҳуқуқи учун ўзи курашиши шартлигини айтади.

Озодлик: Дилором опа, бугун “Шоир билан суҳбат” дастуримизда биринчи марта шеър ўқилмайдиган кун. Чунки сиз билан бу дастурда суҳбат ўтказиш борасида келишаëтганимизда “Мен анчадан бери шеър ўқимай қўйдим. Шеър ўқишни хоҳламайман” деган гапни айтган эдингиз.

Мен сиз билан суҳбатни режалаштираëтганда “Биз кейинги пайтларда Дилором Исҳоқова деган шоирни унутиб қўяëтгандекмиз. Биз кўпроқ Дилором Исҳоқова деган сиëсатчини билаяпмиз” деган савол бериб, бунинг сабабларини сўрамоқчи эдим. Энди мен саволни бошқачароқ қўймоқчиман. Дилором Исҳоқова деган шоирни шеърдан безитган нарса нима бўлди?


- Дилором Исҳоқовани шеърдан безитган нарса энг авваламбор, менимча, Дилором Исҳоқова сиëсатга аралашиб қолган шароити бўлди. Чунки менинг бирорта ëзган нарсам ҳеч қаерда чоп этилгани йўқ, мана шунча йиллар давомида. Ҳеч нарса. На бир мақола, на бир шеър. Мустақилликка эришганимиздан бери ҳеч нарсам ҳеч қаерда чоп этилгани йўқ. Нашриëтларда, редакцияларда рўйхатлар бор, чоп этилиши мумкин бўлмаган муаллифларнинг. Ана шу рўйхатда мен ҳам борман. Мана шунинг ўзи инсонни ғалати бир аҳволга туширар экан. Ҳеч ким ўқимайдиган нарсани ëзиш шартмикан? Шунга қарамасдан бир неча йил давомида барибир, ўрганган кўнгил, шеърлар ëзиб юрдим, албатта. Стол тортмасида қандай аҳволда қолган бўлса, шундай ҳолда турибди.

Иккинчидан, Дилором Исҳоқовада шундай ҳолат бўлдики, менинг ëзган шеърларим кимга керак ҳозир. Мен шу даражада кучли шеър ëза олсамки, мана шу шеърим бировга туртки бўлса, бировни уйғота олса, бировга таъсир қила олса, ëзсам ярашади.

Озодлик: Дилором опа, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарида Воланднинг “Қўлëзмалар ëнмайди” деган машҳур бир гапи бор. Ўйлайманки, сизнинг қўлëзмаларингиз ҳам ëнмаган бўлар эди. Сиз ўзингизни ўртамиëна бир шоира сифатида баҳолаяпсизу, лекин сизнинг мухлисларингиз, мен буни аниқ биламан, Ўзбекистон даражасида ҳам, Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар орасида ҳам жуда кўп эди.

- Булгаков қаҳрамонининг гапида, албатта, жон бор. Қўлëзмалар ўзим ëқиб ташламасам ëнмайди. Балки бир кун келиб уларнинг ҳаммаси чоп этилар. Энг қизиғи, нима десам экан, мана Юсуф Жума. Юсуф Жума ҳатто қамоқхонада ëтиб ҳам шеърлар ëзди. Бугун унинг имкониятлари бор чоп этиш. Мен ҳам ëзган нарсаларимнинг ҳаммасини интернетга беришим мумкин. Менинг кўнглим тўлмайди. Мен нима учундир бугун умуман шеърга, айнан шеърга, ҳеч бир бугун қилаëтган ишимизга нафи тегадиган нарса деб тушунмай қолганман. Бир наф борми шундан, деган саволни қўяманда.

Интернетга беришим мумкин, сайтларда чоп қилишим мумкин. Шунинг нафи борми? Муҳаббат ҳақида ëзган шеърларим ëки ўзимнинг ҳолатим тасвири, шунинг кераги борми, деган савол доим кўндаланг туради. Менинг ҳамиша жавобим битта: Бугун кераги йўқ шунинг. Кейинги пайт ëзаëтган нарсани ўқиëтганимда ҳам, бошқаларнинг шеърларини ўқиëтганимда ҳам доим қарайман. Шу керакми ҳозир?

Баъзида ўйлайманки, Ғарбда, жамиятда шеър анча қадрсиз. Прозага қараганда, публицистикага қараганда шеър деярли қадрсиз. Бундан 20 йил олдин Франциядан келган бир меҳмон, биласиз француз миллати қандай гўзал шоирларни берган миллат, ана шу ерда ҳам ҳатто бир шоирнинг шеърият кечасига 30та одам йиғилса, катта ғалаба ҳисобланар экан. Мен баъзида ўйлайманки, ривожланиш, мана 21 аср, биз энди орқада бўлганимиз учун ҳам бизга шу нарса келаяпти, кўпроқ ҳозир моддий манфаатлар олдинга чиқди инсонларда шеърга қизиқишдан кўра.

Озодлик: Мана бизда Эркин микрофон дастури бор. Жуда ҳам кўп ўзбекистонликлар бу дастурга телефон қилишади. Мен мана шу дастурда иккита ҳолатни эслаб ўтмоқчиман. Биринчи ҳолада бир тингловчимиз айтдики, Ўзбекистонда бугун ҳукумат билан халқнинг ўртасида кўприк бўла оладиган ижодкор қолмади. Шоирлар, ëзувчилар халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприк эди. Иккинчи ҳолатда ҳам худди мана шундай гап. “Шоир билан суҳбат” даструри ҳақида гапирган мухлисимиз “Халқ билан ҳокимият ўртасида кўприк бўла олмаëтган шоирлардан сўрангларчи. Улар нега жим туришибди? Нега бизнинг бугунги муаммоларимизни кўтариб чиқиша олмаяпти?” деб савол ташлаяпти. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбек жамиятида барибир шеъриятга, шеъриятга бўлмаган тақдирда ҳам шоирларга эҳтиëж бор экан.

- Биласизми, бу айнан шундай. Мен ҳам қўлимдан келган ишни айнан бир ижодкор сифатида демасам ҳам бир инсон сифатида барибир қўлимдан келган ишни қилаяпман. Бошқа ижодкорлар ҳам шундай. Шеър билан бўлмаса ҳам ҳеч бўлмаса Озодлик радиосида чиқиб ўзининг фикрини билдираяпти, ўшани халққа етказишга ҳаракат қилаяпти. Бошқа бутун воситаларнинг ҳаммаси берк. Ҳукуматнинг позициясида турмаган ижодкор учун ҳамма каналлар берк. Йўл йўқ ҳеч қаерга чиқишга, халққа ўз фикрини етказишга. Ичини кемириб ëтган дардини етказишга бошқа имкони йўқ.

Мана мисол учун мен Озодлик радиоси орқали ўйлаган ўйларимни, ҳамиша нима истагим, бугун мени нима қийнаяпти, Ўзбекистоннинг бугунги аҳволи қанақа ҳаракатимни қиламан. Лекин ҳамма ҳам шундай эмас. Биз бунинг учун шоирларни айбламаслигимиз керак. Биласизми, айнан мана шу нарса жуда кўп панд берди. Нима учун биз доим шоирлардан талаб қиламиз? Жуда озчилик қолди ахир. Ҳақиқий ижодкор жуда оз. Асл талантлар ҳам оз, жуда оз, бармоқ билан санарли. Масалан уларнинг сиëсатга аралашгиси келмаса, фақат ижод билан бўлса, биз бунинг учун уларни қораламаслигимиз керак.

Улар ўзларини сиëсатчи деб билмайди. Ҳақиқий, тоза, соф ижодкорман деб ўйлайди. Майли ўша ижодини қилсин. Лекин ўшаларнинг шеърларида ҳам барибир бугунги аҳволимизни билиб тургани, юрагидан ачишиб, ичидан қиринди ўтаëтгани барибир билиниб туради. Иложи йўқ. Бу нарсанинг чиқмаслигининг иложи йўқ. Майли, шу ҳам кураш, шу ҳам меҳнат.

Мен аввал хафа бўлардим “Нима учун Эркин Воҳидов ундай қилмайди, Абдулла Орипов бундай қилмайди?” деб. Истамайдими ëки қўлидан келмайдими ëки бошқа сабаблари борми, уларнинг дунëқарашлари бошқачами уларнинг ўзига қўйиб бериш керак. Вақт-соати бор, олий ҳакам бор уни кўрсатади. Курашни доимо халқдан талаб қилиш керак. 10-15та шоир билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

Агарда кураш бўлса, халқда жон бўлиб, халқ бир нарсани қилмоқчи бўлса, шунга ҳаракат бўлса, ҳамма тушадиган зарбани бошига олиб унинг авангардида ижодкор турса, бу бошқа нарса. Ҳозир ҳам шундай бўлаяпти аслида.

Ўзбекистонда мажвуд қайси ҳаракат борки, қайси партия борки , бундан 20 йил олдин шоир ва ижодкорлар шуни бошлаган. Шоир ва ижодкорлар шуни ташкил қилган ва зарбанинг энг қаттиғини ҳам шоир ва ëзувчи еган. Зарбанинг энг қаттиғини шоирлар еган, репрессиянинг энг қаттиғига ҳам шоирлар учраган. Агар халқда қайта қуриш давридагидай кўтарилиш бўлса, халқда бир уйғониш бўлса, халқ шундай кўкрагини кериб кўчага чиқса, зарбнинг биринчиси олдинда кетаëтган ижодкорга бўлади.

Озодлик: Дилором опа, мана ҳозир сиз “Доим жамиятнинг авангардида шоирлар бўлган ва халқ шоирларнинг орқасидан эргашган” дедингиз. Ҳамма одамлар ҳам шоирларнинг шеърларини ўқийвермаган ва шеърларни ўқиганларнинг ҳаммаси ҳам шоир нима демоқчи бўлганлигини тушунавермаган. Лекин барибир шу шоирнинг орқасидан эргашаверган. Нега шунақа? Шоирнинг бир илоҳий мўъжизаси борми, нимага шундай? Халқ тушунса ҳам, тушунмаса ҳам нега шоирнинг орқасидан эргашаверади.

- Тушунса ҳам, тушунмаса ҳам шоирнинг орқасидан эргашган, ўзингиз айтгандай илоҳий, Оллоҳ юқтирган бир нима бор барибир. Бу албатта шеър ëзувчи ҳақида эмас, шеър ëзаëтганлар ҳақида эмас, шоир ҳақида айтилган гап. Соф ва тоза шоир ҳақидаги гап бу. Албатта ҳалқ шиорга доим эргашган, ишонган.

Кейин сўзнинг қудрати бор бу ерда. Сўз жуда қудратли нарса. Сўзнинг оҳанрабоси бор. Мана шу ҳам жуда катта фактор. Шунинг учун ҳамиша халқ халқ дардини айта олган шоирга эргашган. Бугун нима учун бу аҳволда қолиб кетдик?

Биринчидан, Совет Иттифоқининг ҳамма фуқаролари дейлик кўп китоб ўқирди. Китоб қаттиқ пропаганда қилинарди. Шеърга, адабиëтга кўпроқ эътибор бериларди.

Бугун Ўзбекистон нимага шу аҳволга тушиб қолди? Ўзбекистонда ҳеч ким китоб ўқимайди. Китоб ўқимай қўйган бу халқ. Ҳозирги пайтда айнан келган чанқоқлик билан қидириб, биз студентлигимизда “фалончанинг китоби чиқибди” деса, қидирардик дўконларни. Дўконлардан қидирардик, топа олмасак, бир-биримиздан сўраб олиб кечалари ухламасдан шеър ўқирдик, китоб ўқирдик. Бу нарса қолмаган. Китоб ўқишга иштиëқ йўқ. Бугун Ўзбекистоннинг ҳаëтини ҳал қилиши керак бўлган ëшларда, Ўзбекистон фуқароларида, халқимизда унақа иштиëқ йўқ китоб ўқишга.

Озодлик: Нимага?

- Биласизми, ҳаммада бир апатия бор. Ҳамма ҳафсаласиз бўлиб қолган. Албатта элита бундан мустасно. Элита ҳам ўзбек адабиëтини ўқимайди, шубҳасиз. Шоирларни ҳам билмайди. Битта мисрасини билса ўлай агар. Ўқимайди. Балки чет эл адабиëтини, Гарри Поттерни ўқишар, асосан қайси бирини сўрасангиз, Гарри Поттерни ëддан билади. Оддий халқ эса жуда йироқлашиб кетган. Китоб ўқимайди. Газетани олиш бефойда. Чунки газетада иқтидорли шоирнинг шеъридан кўра тўхтовсиз мақтанаëтган кланни кўрасиз. Бу албатта Каримовлар клани бўлади, унинг яқинлари бўлади, ҳамма газетада бир хил нарса кўрасиз. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Шунинг учун газеталарнинг тиражи тушиб кетган, уни олиб ўқишмайди одамлар. Адабиëт газетасини олиб қарасангиз ҳам чиқаëтган ҳамма шеърларни умуман шеърга алоқаси йўқ дея олмайман. Жуда гўзал шеърлар ҳам чиқади.

Озодлик: Қарс икки қўлдан чиқади деган гап бор. Шу нуқтаи назардан келиб чиқадиган бўлсак, мана сиз “ўзбек жамиятида адабиëтга апатия пайдо бўлган” деяпсиз. Балки бизнинг адабиëтчиларимиз жамиятнинг талабларига жавоб бера олмаëтгандир?

- Жамият, биринчидан, адабиётга ҳеч қанақа талаб қўяëтгани йўқ. Гап мана шунда. Жамиятнинг ўзгаришини истаган, реформаларни истаган, қулликдан чиқишни истаган, бошини кўтариб турган, кўзи теран бир қисми бор, албатта. Уларнинг талабига жавоб берадиган одамлар ҳеч қаерга чиқа олмайди. Чиқиб кетиши мумкин бўлса, чет элга чиқиб кетади. Чиқиб кетиши мумкин бўлмаса, оғзини очса, қамоқда ўтиради.

Соф шеър нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, жуда қизиқ нарса борда бу ерда. Масалан, Усмон Носир. Усмон Носирнинг китобларини олиб қарасангиз, соф шеър нуқтаи назардан қарасангиз, у жуда катта шоир эмас, катта бир иқтидор эгаси эмас. Лекин биз уни ўқиймиз, биз уни унутмаймиз. Китобларни топиб ўқиганмиз. Кўчалар унинг номига қўйилаяпти:? Нима учун? Чунки у репрессия қилинган. Чунки у қайдадир жуда қаттиқ жабр чеккан ва ўлиб кетган. Мана шунинг учун халқ уни эслаб қолган, уни ўқишади, биз эслаймиз.

Юсуф Жуманинг шеърларини қаранг. Юсуф Жуманинг шеърларига шеър нуқтаи назаридан қарасангиз, умуман шеър эмас аслида. Шеъриятнинг бирор қонун-қоидасига жавоб берадиган нарса эмас. Лекин биз уни севиб ўқиймиз. Чунки у шеърида курашаяпти, унинг шеъри курашаяпти. У курашчи бўлгани учун, жабр чеккани учун ва айнан шеърлари шунақа чақириқ бўлгани учун Юсуф Жумани билган интертнетда қидириб топиб ўқиши мумкин. Имкони бўлган одамлар ҳаммаси топиб ўқийди. Жуда зўр, талантли шоирларимиз бор. Жуда зўр, гўзал шеърлари бор. Фақатгина ҳақиқий шеърнинг иштиëқманди, шеъриятга ошиқ одамлар топиб ўқийди.

Озодлик: Дилором опа, Дилором Исҳоқова деган биз севган шоира адабиëтга яна қачон қайтади ва умуман қайтмоқчими?

- Мен ўйлайманки, жуда яхши кунлар келади ҳали. Менинг ҳам даста-даста ëзган нарсаларим ëтибди. Мен билмайман уларнинг даражаси қанақа. Кимга манзур бўлар, кимга манзур бўлмас. Албатта мен уларни чиқаришга ҳаракат қилиб кўраман. Босмадан чиқишини, китобим чиқишини жуда истайман. Бу кунлар ҳам келар албатта.

Аммо шеъриятдан бу даражада кўнглим қолиши бир касаллик бўлиб қолди. Кимлардир уч-тўрт шеър сўради интернетга қўйишга, шуни беришга ҳам уяламан. Чунки менинг шеърларим бугун мен билган, мен ҳис қилган нарсаларга жавоб бермайди. Бу миллат дарди шу даражада оғирки бугун, мен ўша шеърларимни босишга уяламан. Ўша ерда катта дардга соя йўқ. Шунинг учун мен кўпроқ гапирганим яхши ва билган нарсаларимни радио орқали беришга ҳаракат қилганим, кичкинагина қўнғироқча бўлса ҳам шуни чалиб турганим яхши.
XS
SM
MD
LG