Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Қирғизистон Ўзбекистон газ қарамлигидан қутилмоқчи


Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Бишкекда президент Роза Ўтунбаева билан ҳам учрашди.
Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Бишкекда президент Роза Ўтунбаева билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон газига қарам бўлган Қирғизистон бундан буён Қозоғистондан газ ола бошлайди.

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев билан икки давлат иқтисоди учун фойдали бўлган шартномалар изоланганини ва бир қатор муаммоли масалаларни ҳал этиш йўллари топилганини билдирди.

- Биринчидан, Қирғизистондан қўшимча электр энергияси сотиб оладиган бўлдик. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги учун энг керакли бўлган сув масаласини ҳал этдик. Қирғизистон Қозоғистонга сув берадиган бўлди. Қозоғистон эса Қирғизистонга газ беради. Қишда Қирғизистон иссиқлик ва газсиз қолмайди. Буни яқинда ўзинглар ҳис қиласизлар, -деди Қозоғистон Бош вазири.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон газ борасида Ўзбекистонга қарам эди. Бунинг оқибатида Қирғизистон Ўзбекистондан газни жаҳон баҳосида сотиб олишга мажбур бўлаётган эди. Айни пайтда Ўзбекистон газнинг жаҳон нархи қимматлагни муносабати билан, Қирғизистонга йил бошида 223 доллардан бераётган газ миқдорини шу кунларда 278 долларга кўтарган.

Қозоғистон эса Қирғизистонга сув борасида қарам. Жорий йилда сувсизлик туфайли қозоқ далаларида минглаб гектар ердаги экинлар қовжираб қолган. Бундан ташқари Қозоғистон Қирғизистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 19 фоизини сотиб олади.

Бош вазирларнинг таъкидларича, ҳар икки давлат ўзларида мавжуд бу муаммоларни ҳал этишнинг ўзаро манфаатли йўлларини топа олишган.

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев қозоғистонлик ҳамкасби билан сўзлашувлар доирасида Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари ва чегарадан ўтиш муаммоларини кўтарганини билдирди.

- Чегара ва божхона бекатларини кесиб ўтиш жараёнида халқимиз бир неча соатлаб навбат кутиб, қийналиб қолаяпти. Учрашувда чегара ўтказиш пунктларини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди. Аммо бу муаммолар тўлалигича Қирғизистон Божхона иттифоқига аъзо бўлгачгина ҳал этилиши мумкин, -деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати Россия, Қозоғистон ва Белорус иштирокида ташкил этилган Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан ҳам расмий Москва билан музокаралар ўтказмоқда.

Қирғизистоннинг 2009 йилда Божхона иттифоқига қўшилишдан бош тортгани оқибатида Қозоғистон ва Россияни кийим –кечак билан таъминлайдиган қирғиз тикувчилик саноати ва Дўрдўй бозорида тушкунлик ҳолати кузатилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати тарқатган маълумотга кўра, мамлакатда етиштирилган мева –чева ва озиқ-овқат маҳсулотларининг 31 фоизи, электр энергиясининг 19 фоизи, Қирғизистонга хориждан олиб келинган автомашиналарнинг 4 фоизи харидори Қозоғистон бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG