Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:16

Жаҳондаги етакчи кийим-кечак брэндлари ўзбек пахтасини бойкот қилмоқда


Яқинда ўзбек пахтаси бойкотчилари сафига Gucci брэндининг ҳам қўшилгани айтилмоқда.
Яқинда ўзбек пахтаси бойкотчилари сафига Gucci брэндининг ҳам қўшилгани айтилмоқда.

Британиянинг нуфузли The Daily Telegraph газетаси 18 сентябр кунги сонида ана шундай сарлавҳа остидаги мақола эълон қилинди.


The Daily Telegraph газетасининг Олмаотадаги мухбири Жэймс Килнернинг мақоласи мазмунини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болаларни меҳнатга мажбурлаши хусусидаги иддаолар боис жаҳоннинг 60 дан ортиқ етакчи кийим-кечак ширкати, жумладан Burberry ва Levi ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишини билдирди.

Швециянинг машҳур H&M ширкати, Adidas ва Puma каби спорт кийимлари компаниялари Марказий Осиёдаги собиқ Совет мамлакатидан болалар тергани аниқ бўлган пахтани сотиб олмасликка сўз берган брэндлар орасидадир.

Бу ширкатлар бойкот ташаббусчиси АҚШда жойлашган “As You Sow” (Нимани эксанг, шуни ўрасан маъносида – таҳр.) инсон ҳуқуқлари гуруҳи амалга ошираётган Responsible Sourcing Network (хом-ашё сотиб олишда масъулиятли бўлиш маъносида – таҳр.) лойиҳаси доирасида эълон қилинган баёнот остига имзо чекди.

H&M ширкати жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Ҳенрик Лампа “Биз кўплаб ширкатлар каби пахтанинг йирик истеъмолчимиз ва қайси мамлакат бўлишидан қатъий назар болалар меҳнатига қарши аниқ позициямиз бор”, дея таъкидлади.

800 ширкатни ўз ичига олувчи АҚШнинг American Apparel and Footwear Association (Америка кийим ва пойафзал уюшмаси) саноат гуруҳи бундай баёнотни аввал ҳам имзолаган, лекин "As You Sow" ташкилоти бош ижрочи директори Эндрю Беҳарнинг айтишича, бунга оид янги мажбурият қўшимча аҳамиятга эгадир.

“Бу холислик ва шаффолик нуқтаи назаридан муҳимдир. Ҳар бир ширкат алоҳида қўл қўйиб, ўз логотипини бунга илова қилиши муҳим аҳамиятга эга”, деди у.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда изоҳ бермади.

Мазкур қадам инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг жорий ойда Ўзбекистон режими устидан иккинчи ғалабасини англатади.

9 сентябр куни Нью Йорк модалар ҳафталиги ташкилотчилари, матбуот ва ҳуқуқ ташкилотлари босими остида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи либослар томошасини бекор қилди.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонни 1991 йил Совет Иттифоқидан мустақил бўлганидан бери бошқариб келаётган 73 ёшли жаноб Каримовни демократияни топтаётганлик, қийноқлар ва қотилликларда айблаб келади. Жаноб Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини бузаётганлари ва болалар меҳнатига оид айбловларни инкор қилиб келади.

Марказий Осиё юрагида жойлашган ва 27,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистон минтақанинг иқтисодий маркази бўлиши керак, лекин ҳукумат бу мамлакатни ташқи дунёдан узиб қўйган.

Газ ва олтин билан биргаликда пахта бу мамлакат элитаси учун энг қимматбаҳо экспорт маҳсулотидир.

Фаоллар ва ҳуқуқ гуруҳлари минглаб мактаб болалари ҳар йили синфларни тарк этиб, далаларга йўл олиши ва кунлар давомида пахта териб тер тўкиши хусусида ҳужжатларни тўплаб келади.

Ўзбекистон унивеситетлари талабалари белгиланган миқдорда пахта териб бермаса, имтиҳонларда ўтказилмасликларини айтиб келадилар.

Нью Йоркдаги International Labor Rights Forum (Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми) гуруҳи директори Тим Ньюманнинг айтишича, жорий йилда 13 ёшли болаларнинг пахта теримига сафарбар қилингани ҳақида хабарлар келмоқда.

“Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, пахта мавсуми икки миллионга яқини болага таъсир қилади”, дейди у.

“Болаларга маълум миқдорда пахта териб бериш белгиланади ва улар кун бўйи пахта теришга мажбур бўлади”, дея қўшимча қилади жаноб Ньюман.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон бу борада ўзгачадир. Чунки болалар меҳнати кўплаб ривожланаётган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муаммо ҳисобланса-да, Ўзбекистонда бу ҳолат ташкилотчиси ва ҳомийси давлатдир. Бу муаммо систематик тус олган.

Жаноб Ньюманнинг айтишича, Ўзбекистондан пахта сотиб олмаслик мажбурияти ва Нью Йорк мода ҳафталигида Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримова томошасининг бекор қилингани мода (кийим-кечак) саноатида ўз маҳсулотлари тайёрланадиган хом-ашё қаердан сотиб олинаётганига эътибор кучаяётганидан даракдир.

Нью Йорк мода ҳафталиги ташкилотчиларига ўчакишиб Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси лавозимини ҳам эгаллайдиган Каримова хоним ўзининг Guli номли кийим-кечак коллекцияси томошасини пайшанба куни Нью Йоркдаги ҳашаматли ресторанларидан бирида ўтказди. Томошада унинг ўзи қатнашмади.
XS
SM
MD
LG