Линклар

Якшанба куни Россияда минглаб зобитлар мудофаа вазири Анатолий Сердюков ислоҳотларига қарши норозилик акцияси ўтказди.

“Армия Сердюковга қарши” номли бутунроссия акциясини Ҳарбийлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамоатчилик кенгаши уюштирган. Уларнинг асосий талаби мудофаа вазирининг истеъфога кетишидир.

Ҳарбийлар Сердюковни Россия армияси ва мудофаа буюртмасини барбод қилишда, етарли миқдорда пул ололмаётган ҳарбий пенсионерлар геноцидида айбламоқдалар.

- Асосий эътироз бу 200 минг зобит оиласининг қонунга мувофиқ равишда уй-жой билан таъминланмагани бўйичадир. Давлат ваъда қилган, давлат кафолатлаган, давлат бунинг учун тўлалигича масъул, аммо давлат буларни бажариш у ёқда турсин, ҳатто ҳарбийлар билан қандайдир мулоқот олиб боришдан ҳам бош тортмоқда. 22 май куни биз Пушкин майдонида (Москва шаҳрида – таҳр.) митинг ўтказгандик. Ўшанда бизнинг олдимизга Мудофаа вазирлигининг уй-жой билан таъминлаш департаменти бошлиғи келиб, узр сўраган, ҳарбийлар масаласини ҳал қилишга ёрдам беришни ваъда қилганди, бироқ бу ҳеч қандай натижа бермади. Шунинг учун бу акция янада қаттиқроқ талаблар билан бўлади. Сердюков истеъфоси билан бирга биз Хавфсизлик кенгаши тўғрисида ва Парламент назорати тўғрисида қатор қонунлар қабул қилинишини ҳам талаб қиламиз. Агар ҳозир Сердюков Пупкин, Иванов ёки бошқа бирор киши билан алмаштирилган тақдирда ҳам уларнинг нима билан машғул бўлишини англашимиз лозим, - деди ҳарбийлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамоатчилик кенгаши аъзоси, "Справедливая Россия” партияси ёшлар қаноти раҳбари Дмитрий Гудков.

У тадбирда фақат ҳарбийлар ва уларнинг оиласигина эмас, балки Россия Ҳарбий денгизчилар уюшмаси ва Десантчилар уюшмаси вакиллари ҳам қатнашишини айтди.

“Комсомольская правда” газетаси шарҳловчиси Виктор Баранецга кўра, Россияда айни пайтда ҳарбийларнинг кўчага чиқиши учун анча сабаблар бор.

– Армияни шунчаки аҳмоқ қилаяптилар, ўйин қоидаларини мунтазам равишда ўзгартириб бораяптилар. Бу ерда жуда жиддий жиҳатни – ҳарбийлар маълум гуруҳларга уюша бошлаганини кузатиш мумкин. Ҳукумат бунга эътибор қаратиши лозим, бироқ у қайсарлик билан бу ишни қилгиси келмаяпти. Менда “ё улар Сердюковни танқид қилишга қўрқаяптилар, ёки ҳарбий ислоҳот муваффақиятсизликка учраганини очиқ тан олишдан чўчимоқдалар” деган таассурот пайдо бўлди. Намойишга чиққан ва Сердюковнинг ислоҳот ўтказиш усулларидан норози бўлган кишилар пировардида қандайдир қарорга келиниши учун Кремл, ҳукумат, давлат, Давлат думаси эшигини қоқмоқдалар, - деди Виктор Баранец.

Шарҳловчи армия ислоҳотининг шу шаклда давом эттирилиши унинг бутунлай барбод бўлишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил кузида Россия армиясининг янги шамойилини яратиш бўйича иш бошлангани эълон қилинганди. Ҳарбий ислоҳот ҳарбий тузилмани тўрт бўғинли (ҳарбий округ - армия - дивизия - полк) тизим бошқарувидан (округ – тезкор қўмондонлик - бригада) уч бўғинли тизим бошқарувига ўтказишни, марказий ҳарбий бошқарув органларини қайта ташкил этишни, зобитлар таркибини қисқартиришни, прапоршчиклар ва мичманлар институтининг тугатилишини ва бошқа чора-тадбирларни кўзда тутади.

Мазкур ислоҳот доирасида қатор ҳарбий бўлинмалар ва олий ўқув юртларини тарқатиш, ҳарбий кучларни эса 1,13 миллион кишидан 1 миллион кишигача қисқартириш, ҳарбий муассаса марказий аппаратини 2,5 баробар, яъни 8,5 минг кишигача қисқартириш, армия ва флотдаги зобитлик лавозимларини эса 355 мингдан 150 минггача камайтириш режаланган.
XS
SM
MD
LG