Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:46

Душанбеда ансоруллоҳчилар даъвати текширилмоқда


"Ансоруллоҳ жамоати" вакили тожикистонликларни жиҳодга даъват қилмоқда.
"Ансоруллоҳ жамоати" вакили тожикистонликларни жиҳодга даъват қилмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси “Ансоруллоҳ жамоати” тарқатган видеотасвирни текширишга киришди.

Ўтган ҳафта сўнгида ўзларини “Ансоруллоҳ жамоати” аъзолари деб таништирган шахсларнинг жиҳодга даъвати ёзилган видеотасвир интернетда тарқалганди.

Сифати унчалик яхши бўлмаган видеотасвирда ўзини “Ансоруллоҳ жамоати” аъзоси деб танитган шахс Қуръон оятларидан тиловат қилгач, ўз жамоасининг асосий мақсади “мансаб учун курашиш эмас”, балки “Қуръон қонунлари дунёвий қонунлардан юқори бўлган ҳокимият барпо этилиши” эканини таъкидлайди. Уларга кўра, “Демократик қонунлар диний қонунларга зиддир”.

Исмини айтмаган бу киши сўзида давом этаркан, тожикистонлик дин уламолари “агар эълон қилинган жиҳодга қарши чиқсалар, уларга қарши ҳам жиҳод эълон қилинажаги”дан огоҳлантирган.

Интернет саҳифасига шу йил 7 сентябрида жойланган бу видео тасвирдан тожикистонликларнинг аксарияти 16 сентябр куни хабар топганди.

Интернет бўйлаб ёйинланган бу видеодаъватга Тожикистон расмийлари ҳозирча муносабат билдирганича йўқ.

Аснода мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси масъули Нозиржон Бўриев мазкур видеотасвир ўз идораси томонидан ўрганилаётганини билдирди.

- Мутахассисларимиз тадқиқот ўтказаяптилар. Натижа эълон қилинмагунича бирорта ҳам изоҳ берилмайди, - деди Нозиржон Бўриев.

Тожик жамиятида унчалик танилмаган “Ансоруллоҳ жамоати” ўтган йили Интернетда нашр қилинган бир баёнотида 2010 йил 3 сентябрида Хўжанд содир этилган террорчилик ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Бироқ ўшанда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари Сўғддаги қонли фожеада Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг қўли борлигини таъкидлагандилар. Чунки тожик расмийлари “Ансоруллоҳ жамаоти” мавжудлигига шубҳа билан қарарди.

Жорий йил апрел ойи ўрталарида собиқ дала қўмондони мулла Абдулло ва у билан бирга 14 жанггари ўлдирилган Рашт водийсидаги баланд тоғда “Ансоруллоҳ жамоати”нинг байроғи топилди.

Жанггариларнинг 50 метр баландликдаги махсус лагери саҳнида топилган байроқ “Ансоруллоҳ жамоати” мавжудлигини далиллагандай бўлди.

Яқин кунларгача Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралар расмийлари Раштда мулла Абдулло ва унинг каттагина гуруҳи батамом йўқ қилингани, эндиликда Тожикистон учун ҳеч қандай таҳдид йўқлигига фуқароларни ишонтириб келарди.

Бироқ куни кеча Интернетда ёйинланган видеодаъват “Тожикистондаги барқарорликнинг мустаҳкамлигига соя солиб қўйди”, демоқда мустақил таҳлилчилар.

“Диалог” таҳлилий маркази масъули Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича, Ислом дини номидан гапираётган бундай гуруҳлар ортида минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистонда тинчлик барқарорлигидан манфаатдор бўлмаган учинчи гуруҳлар турибди.

- Бундай даъватларнинг интернетда пайдо бўлиши ва Тожикистондаги сиёсатга билдирилган бундай позиция жаҳондаги айрим манфаатдор доираларнинг иши. Аммо буларнинг ўзлари (“Ансоруллоҳ жамоати” назарда тутилаяпти – таҳр.) якка ҳолда қўлларидан ҳеч қандай иш келмайди, ҳатто жўнгина бир даъват ҳам, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

Бироқ Сайфуллозода фикрларини қувватламаган бошқа бир таҳлилчи Маҳди Собир, агар бундай гуруҳлар вақтида йўқ қилинмаса, улар жамиятнинг икки қисмга бўлинишига албатта таъсир ўтказишига шубҳа қилмаслигини айтади.

Маҳди Собирга кўра, Тожикистондаги ижтимоий тенгсизлик, иқтисодий оғир аҳвол туфайли шусиз ҳам жамият ана шундай бўлинишга тайёр бўлиб қолган.

- Бу гуруҳлар Тожикистонга жуда катта таҳдид солаяпти. Чунки бу гуруҳларнинг қўлида қурол ҳам, катта маблағ ҳам бор. Булар миллатни иккига бўлиб ташлашга, умуман, жамиятни беқарорлаштиришга кучлари етади, деб ўйлайман. Бошқа томондан бу гуруҳга Тожикистон шарқи ва шимолида анчагина одамлар қўшилиши мумкин, - дейди Маҳди Собир.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябр куни Тожикистон шарқи Камаробда юз берган қонли фожеага роса бир йил тўлди. Ўтган йилнинг шу куни бу ҳудудда Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужум ортидан 28 аскар ҳалок бўлганди.

Кейинчалик Тожикистон ҳукумат кучлари аскарлар ўлимида мулла Абдулло ва Али Бедакий бошлиқ жанггарилар гуруҳини айблаганди.
XS
SM
MD
LG