Линклар

Обама Каримовга хушомад қилаëтганликда айбланмоқда


Каримов режими моҳиятини яхши билган ҳолда президент Обама¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸қисқа муддатли хавфсизлик манфаатларига ëн босмоқда.

Каримов режими моҳиятини яхши билган ҳолда президент Обама¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸қисқа муддатли хавфсизлик манфаатларига ëн босмоқда.

Афғонистондаги АҚШ қўшинларини Ўзбекистон орқали очиб чиқиш эвазига Обама Тошкентга ҳарбий ëрдамни қайта тикламоқчи.


“Гарчи жамоатчилик орасида шов-шув уйғотмаëтган бўлса-да¸ Афғонистон халқига эркинлик олиб келиш иддаоси билан 10 йилдан буëн давом этаëтган уруш ниҳоясида¸ Обама маъмурияти режаси амалга ошса¸ қўшни ўзбекистонликлар эркинлиги янада чекланиши мумкин.

Афғонистон шимолига туташ ҳудудларни бошқараëтган диктатор Афғонистондаги уруш¸ хусусан АҚШ аскарлари таъминот йўлининг ўзгаргани ва қўшинларни бу мамлакатга олиб кириб¸ олиб чиқиш жараëнидан энг катта фойда кўрганлардан биридир”¸ деб ëзади АҚШдаги мустақил Salon.com нашри.

2004 йили Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятини ëмонлашаëтгани муносабати билан Америка Конгресси Тошкент ҳукуматига АҚШ томонидан берилаëтган ҳарбий ва хавфсизлик ëрдамини тўхтатишга қарор қилган эди. Аммо айни кунларда АҚШдаги инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Обама маъмуриятининг бу қарорни ўзгартириш ва Каримов ҳукуматига ҳарбий –хавфсизлик ëрдами беришни қайта тиклаш борасида Конгрессга кучли босим ўтказаëтганидан бонг урмоқдалар.

Айрим манбаларга кўра¸ келаси йилдан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни режалаëтган Вашингтон уларни Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқмоқчи¸ Тошкент эса¸ бунинг эвазига ҳарбий ëрдамни тиклашни талаб қилмоқда.

Дунëдаги энг золим диктаторлардан бири деб танилган Каримов режимига ҳарбий ëрдам бериш¸ бу режимни халқаро майдонда реабилитация қилиш ва унинг инсон ҳақларини топташ сиëсатини қўллаш бўлади¸ деб бонг ураëтган қатор ташкилотлар куни-кеча АҚШ Конгресси намояндаларига мактуб йўллаб¸ Обама маъмурияти босимига ëн бермасликни сўрадилар.

АҚШ Сенати қошидаги Молия қўмитаси аъзоси Lindsay Graham номига йўлланган бу мактубга Amnesty International, Freedom House, Human Rights Watch, International Labor Rights Forum, Freedom Now, Open Society Policy Center, Responsible Sourcing Network , The Union of Councils for Jews in the Former Soviet Union ва The Institute on Religion and Public Policy гуруҳлари имзо чеккан.

“Бу мактубни ëзишдан мақсадимиз Ўзбекистон расмийлари фуқаролик жамияти фаоллари¸ мустақил журналистлар ва сиëсий мухолифларининг овозини бўғишни давом эттираëтган; сўз ва дин эркинлигини кескин чеклаëтган ва болаларни кенг кўламда мажбурий меҳнатга зўрлаëтган бир пайтда АҚШ солиқ тўловчилари пулининг Ўзбекистон ҳукуматига ҳарбий ëхуд хавфсизлик ëрдами сифатида берилишига ўз норозилигимизни билдиришдир”¸ деб бошланади сенаторга ëзилган хат.

2004 йилда АҚШ Конгресси Ўзбекистондаги инсон ҳақлари¸ сўз ва дин эркинлиги вазияти яхши томонга ўзгармагунича Тошкент ҳукуматига ҳарбий-хавфсизлик ëрдами берилмаслиги шарти билан миллионлаб долларлик ëрдам пули берилишини тўхтатган эди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай¸ вазият яхшиланиш ўрнига ëмонлашиб кетган бир вазиятда бу ëрдамни қайта йўлга қўйиш¸ унга ўз халқини янада эзишни кучайтиришга имкон берувчи қуроллар бериш¸ ҳуқуқ фаолларига кўра¸ диктатор режимни рағбатлантиришдан ўзга нарса эмас.

- Конгрессдаги ўз манбаларимиздан тушунишимизча¸ АҚШ ва НАТО қўшинларига ўз ҳудуди орқали таъминот юклари етказиш ва келажакда Афғонистондан олиб чиқиладиган АҚШ қўшинларига транзит коридори бериш учун Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазияти туфайли ўзига жорий этилган чекловлар олиб ташланишини талаб қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ҳам АҚШдан ҳарбий ускуналар олмоқчи¸ ҳам ўзининг инсон ҳақларини топтовчи ҳукумат эмаслиги даъвоси устига Америка тасдиқ муҳри босилишини истамоқда¸ дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Тахминларга кўра¸ АҚШ ва НАТО қўшинларига мўлжалланган таъминот молларини Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтказиш учун Вашингтон ҳукумати юзлаб миллион доллар пул тўламоқда ва Свердлов каби мустақил кузатувчилар фикрича¸ бу пуллар асосан Каримовлар оиласига тегишли экани гумон қилинадиган ширкатлар қўлига тушмоқда.

Обама маъмуриятини ўзбек халқининг фундаментал ҳақ-ҳуқуқларини қўллаш ўрнига қисқа муддатли хавфсизлик манфаатларини афзал билаëтганликда айблаëтган ҳуқуқ фаоллари¸ Араб баҳори мустабид режимлар билан яқин ҳамкорликнинг Ғарб демократияси учун қанчалар зиëнли эканини кўрсатганини таъкидлайдилар.

Бундай танқид ва даъватларга Foreign Policy нашри орқали муносабат билдирган АҚШ маъмуриятининг ўз исми келтирилишини истамаган юқори даражали расмийси¸ Вашингтон Каримов ҳукуматига пора таклиф қилмаëтгани¸ бунинг ўрнига Конгрессдан Ўзбекистон ҳарбийларига мамлакат ҳудудидан ўтувчи Шимолий Таъминот Тармоғига жанггарилар таҳдид солгудек бўлса¸ уни ҳимоя қилиш учун ëрдам беришни сўраëтганини айтди. Каримовнинг ўз мухолифларига нечоғли тоқатсизлигини яхши биладиган вашингтондагилар¸ маъмурият расмийсига кўра¸ ҳарбий ëрдамни берар экан¸ Тошкентни инсон ҳақлари бобида ëн беришга ундайди.

Аммо Ўзбекистондаги жанггариларнинг АҚШ ва НАТО таъминот моллари ўтадиган темир йўлларга эҳтимолий ҳужуми олдини олиш учун Ўзбекистон ҳукуматига янги қурол-аслаҳа бериш лозим¸ деган баҳонанинг ўзиëқ¸ ҳуқуқ фаолларини сергак торттирмоқда.

Ўзбекистонда ҳукуматга мухолиф жанггарилик амалиëтлари у ëқда турсин¸ ўзгача фикрловчиларнинг бари ë хорижга чиқиб кетган¸ ëхуд қамоққа ташланган бир пайтда¸ қандайдир эҳтимолий ҳужум баҳонасида бундай репрессив режим қўлига янги қурол бериш¸ мамлакат ичкарисида янги репрессияларга асос бўлади¸ холос¸ дейишмоқда америкалик ҳуқуқ фаоллари.

Айни пайтда мустақил кузатувчилар¸ Оқ уй маъмурияти Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари тарихида Вашингтон учун ҳеч қачон ҳозиргидек муҳим иттифоқчи бўлиб кўринмаган Каримовни хафа қилишга бормаслиги ва Афғонистон “эркинлиги” йўлида Ўзбекистон халқи эркинлигини қурбон қилиши эҳтимолининг кучли эканини эътироф қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG