Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

Сиз Гулнорага ачиндингизми?


Гулнора Каримова Ғарб киборлари даврасида кунда-шундалардан бири.
Гулнора Каримова Ғарб киборлари даврасида кунда-шундалардан бири.

Ўзбек маданиятини Ғарбда ëйиш иддаоси билан Ню Йорк Мода ҳафталигида қатнашмоқчи бўлган Гулнора Каримованинг ундан қувилиши ана шундай инсоний саволни кун тартибига қўйди.



Озодлик ҳафта давомида ëзганидек¸ Ню Йоркдаги Мода ҳафталиги ташкилотчилари ҳуқуқ ҳимоячилари босими остида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Guli либослар коллекциясини Линколн марказида намойиш қилишдан бош тортганидан сўнг¸ бу шоу 15 сентябр куни Манҳеттен марказидаги Cipriani ресторанида ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мазкур ресторан олдида Линколн марказидаги каби норозилик пикети ва ёш болаларнинг пахта теришга мажбурланаëтгани тасвирланган театрлаштирилган саҳна намойиш қилдилар.

АҚШ матбуоти¸ Ҳюман Райтс Уотч¸ Халқаро меҳнат ҳақлари форуми¸ АҚШ Ўқитувчилар федерацияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Америкадаги фаоллари норозилиги оқибатида¸ "диктаторнинг тўнғичи"¸ "ўзбек маликаси" деб танилган Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ ташкилотлари ва Испаниядаги элчиси Гулнора Каримованинг мода тўйи қарийб азага айланди.

Араб баҳоридан сўнг нафақат Ғарб ҳукуматлари¸ балки санъат ва маданият намояндаларининг ҳам мустабид режимлар билан апоқ-чапоқлигига тоқати тоқ бўлган жамоатчилик қаҳридан қўрқиб¸ Guli томошасига мода дунëсининг бирор эътиборли вакили келмади¸ тадбир асосан Ню Йоркда яшовчи постсовет ҳудудидан келганлар иштирокида ўтказилди. Айни пайтда¸ ўзи намояндаси бўлган режим ва отаси шаънига билдирилаëтган кескин танқидлардан юзи шувут бўлган Каримованинг ўзи ҳам¸ ўз шоусига келмади. New York Post шарҳловчиси¸ Каримованинг катта пул сарфлаб¸ ўз имиджини яхшилаш мақсадида қилган уриниши "мутлақ шармандалик" билан тугаганини ëзди.

Халқаро оммавий ахборот воситалари ҳали-ҳамон Гулнора Каримованинг Ню Йорк Мода ҳафталигидаги мағлубиятини муҳокама қилаëтган айни кунларда¸ Озодлик таниқли ўзбекистонликларга ўтган ҳафта ривожланган Guli драмасини кузатиш асносида “Сиз Гулнорага ачиндингизми?” деган савол билан мурожаат қилди.

Владимир Березовский¸ ўзбекистонлик журналист:

- Аслида мен Гулнора Каримова ҳаракатларини қўллаб-қууватлайман. Мен у катта маданий ишлар, айниқса, Ўзбекистон ёшлари орасида катта маданий ишларни амалга ошираяпти деб ҳисоблайман. Гулнора ёш истеъдод соҳибларига йўл очмоқда. Баъзан у Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан кўра кўпроқ ишларни амалга оширмоқда. Ню Йоркдаги воқеа эса Ўзбекистон ташқарисида рўй берган. Гулнора мухолифларининг нимага асосланиб баҳо бергани ва қандай эътирозлар билдирганларидан хабарим йўқ. Умуман олганда, Гулнора Каримова янги авлодни, маърифатли янги авлодни яратаяпти. Ёшларни диний фанатизм чангалидан тортиб олмоқда, уларни дунё қадриятлари ва маданияти билан таништиряпти. Бунинг ҳаммаси ижобий.

Анвар Усмонов, Германияда яшовчи мустақил журналист:

- Гулнора Каримовага мен қаршиман. Гулнора Каримовани жиноятчи деб ҳисоблайман. Бу биринчидан. Иккинчидан, дадасининг положениесидан фойдаланиб, анча ўз ҳунарини кўрсатаяпти. Бўлган воқеа жуда ҳам яхши. Гулнора ўз жойига тушди. Мана келгусида кўрасизлар¸ Гулнора Каримова судда бўлади. Бу менинг фикрим.


Жасур Ҳамроев, Shov-shuv.uz сайти бош директори:

- Йўқ. Сабаби¸ бу аëлни мен биламанки, менинг ўзимнинг қарашларим бўйича¸ жуда кучли аëл. Жуда узоқни кўра биладиган ва ўзининг қай даражада истеъдодлик эканлигини ҳақиқий англай олган ва эзгулик нималигини биладиган ва менинг назаримда¸ кучли аëл. Бу аëлни бунақа майда-чуйда нарсалар шунчаки руҳан синдира олмайди¸ деб ҳисоблайман. Мана шу воқеани кузатиб турган ва мана шу воқеага атрофлича ëндашган инсонлар¸ қалбан Гулнора Каримова билан бирга бўлди¸ деб ҳисоблайман.



Мўътабар Тожибоева, Францияда яшаëтган ҳуқуқ фаоли:

- Гулнорага раҳмим келди. Сабаби¸ шунча вақтдан буëн у ўзини қудратли шахс, қудратли хоним¸ деб ҳис қилиб юрган аëл ҳуқуқ фаолларининг жиддий қилган ҳаракатлари сабабли зарбага учради. Чунки у бундай зарбаларга дуч келишини хаëлига келтирмаган эди. Асосан диктаторлар ва уларнинг оилалари айнан қудратдан кетгандан кейин зарбага учрардилар. Бизнинг диктаторнинг фарзандлари мана Лола судда зарба олди, Гулнора мода ҳафталигида қатнаша олмай зарба олди.


Баҳром Ëқубов, ўзбекистонлик кинорежиссёр:

- Мен, тўғриси муносабатимни билдира олмайман. Ачинаман, деб икки оғиз сўз билан ҳам айта олмайман. Чунки ачиниш ëки хурсандчиликни шу одамнинг (Гулноранинг) яқинида турганлар, яъни, бу ишга ўзининг меҳнатини, ўзининг вақтини сарфлаган одамларгина била олади. Мен ëки бошқалардан сўрасангиз, икки оғиз гап билан ачинаман ëки ачинмайман¸ деб айтиб юборишим мумкин. Лекин одамзоднинг ичидаги фикрини биладиган бўлсангиз, агар режалаган мақсади ўхшамайдиган бўлса¸ бу одамзод учун жуда ҳам оғир кечади.


Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Халқ ҳаракати етакчиси:

- Халққа раҳми келмаган инсонларга раҳм қилиш¸ албатта¸ жуда олийжанобликнинг каттаси бўлар эди. Лекин золимларга қарши бундай раҳм менда йўқ. Бир зиëли сифатида буларни Оллоҳга ҳавола қилишим мумкин. Лекин менда бу оилага раҳм деган нарса бўлиши мумкин эмас. Чунки халқ 22 йилдан бери мана шу оиланинг зулми остида яшаяпти.


Дилором Исоқова, Бирдамлик ҳаракати аъзоси:

- Ўзининг мода ҳафталигини ўзи истагандай ўтказа олмаганига, дабдабалар бўлмаганига жуда сиқилиб қолган Гулнорага мен ачинмайман. Нима учун? Чунки бир миллат азоб чекиб ëтибди шу оиланинг дастидан, унинг атрофидагиларнинг дастидан. Гулнора миллатга ачинаëтгани йўқ. Нимага биз унга ачинишимиз керак?

Бундан ташқари¸ Гулноранинг шунақа ўзини овутадиган нарсалари кўпки, бу ëқда тилла тақинчоқ ишлаб чиқарадиган линияси бор, ООНда Ўзбекистоннинг вакили, бу ëқда ҳамма унга тўхтамасдан мақтовларни ëғдириб ëтибди. Унинг ҳеч нарсадан сиқиладиган жойи йўқ. Бу болалар меҳнатининг эвазига, халқнинг азобининг эвазига бўлаëтган нарсалар ҳаммаси. Ҳатто у ерда модельер ҳам Гулноранинг ўзи эмас. Шунинг учун Гулнорага менда мутлақо ачиниш ҳисси йўқ. Аксинча¸ мен жуда хурсанд бўлдим. Чунки улар “Биз нима истасак қилишимиз мумкин. Бизга ҳамма ерда эшик очиқ. Аҳамияти йўқ Ўзбекистон нима бўлаëтгани¸ биз истаган ишимизни қиламиз” деган фикрдаги одамларга яхшигина дарс бўлди. Мен ҳеч ҳам Гулнорага ачинганим йўқ.


Дилшод, Ўзбекистон Халқ артисти¸ Гулнора Каримова зиëфатларида мунтазам қатнашувчи Сардор Раҳимхоннинг продюсери:

- Мода бўйича мен тушунчага эга эмасман. У уларнинг ўзининг иши. Сиëсатга менинг дахлим ҳам йўқ¸ аралашишни ҳам хоҳламайман. Уларнинг ўзининг ишдир. Мен нимага унақа бўлганини билмайман. Мен бу саволингизга жавоб бера олмайман.


Тошпўлат Йўлдошев, собиқ дипломат, мустақил сиёсатшунос:

- Мен Гулнора Каримовага ачинмайман. Сабаби¸ ҳозир кўпгина компаниялар ўзбек пахтасини сотиб олаётган бир пайтда, болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланаётган бир пайтда Америкада мода кўргазмасини кўрсатиши бу кулгили нарса.

Гулнора Каримова ким ўзи? Давлат арбобими ёки кутурье сифатида модалар кўргазмасини ташкил қиладиган одамми? Энди ўзи битта ишни охиригача эплаб, билиши керак. Ўзим дипломат бўлганлигим сабабли айтаманки, дипломатия ниҳоятда мураккаб соҳа. Агар мияни бир жойга қўйиб ишламаса, ундан бир нарса чиқмайди. Гулнора ўзини у ёққа ташлайди, бу ёққа ташлайди. Энди шу соҳани тушунган, умуман вазиятни тушунган одамлар¸ албатта¸ унинг устидан, Каримовнинг устидан кулади. Шунинг учун мен Гулнорага эмас¸ балки халқимизга ачинаман - наҳотки бизнинг ўзбек халқи ичидан шунақалар чиқибди¸деб. Йўқ мен Каримовага ачинмайман.
XS
SM
MD
LG