Линклар

КХШТ интернет тармоқларини назорат қилмоқчи


Беларус президенти КХШТ директори билан.

Беларус президенти КХШТ директори билан.

Тунис ва Мисрдаги каби халқ исëнларига йўл қўймаслик мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар Интернет назоратини кучайтирмоқда.



КХШТ нинг ижтимоий тармоқларни назоратга олиш ниятида эканига оид хабарларга 30 августда Минскда бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбари Николай Бордюжа ва Беларус президенти Александр Лукашенко учрашувида қилинган баёнотлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Мазкур учрашувда Лукашенко эҳтимолий давлат тўнтаришлари олдини олиш мақсадида КХШТ қошидаги тезкор ҳарбий тузилмаларни ишлатиш мумкинлигини ҳақида гапира туриб¸ аъзо давлатларда ички назоратни ҳам кучайтиришни таклиф этган эди.

- Биласизми, бизга қарши биров очиқчасига уруш очмайди. Лекин конституциявий тузумни ағдаришга кўпчиликнинг қўли қичиб турибди. Биз КХШТ давлатларининг яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилмоғимиз зарур, деган эди Беларус президенти Минскдаги учрашувда жумладан.

Бундай таклиф ўзига ҳам хуш ëққанини яширмаган КХШТ директори Николай Бордюжа ҳукуматларга таҳдид солувчи эҳтимолий сценарийлар олдини олиш учун амалий ҳаракатлар бошланганини қўшимча қилган эди.

- Яқинда президентларимиз ахборот хавфсизлигига оид вазиятни жиддий равишда муҳокама этдилар. КХШТнинг айрим мамлакатларида вазиятни издан чиқариш айнан ахборот тармоқлари воситасида амалга ошганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Бунинг учун юқори даражали махсус гуруҳ тузилади ва мазкур масалага оид тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади, деган эди "Европанинг сўнгги диктатори" деб танилган Лукашенко билан ëнма-ëн баëнот берган Николай Бордюжа.

Шу тариқа КХШТ расмийси ижтимоий тармоқларни назорат остига олиш ташаббуси президентлар даражасида муҳокама этилаётганини маълум қилган эди.

Бундай назорат заруратини изоҳлаган “Известия” нашрининг КХШТдаги манбаси¸ ҳозирда мавжуд инфратузилмалар истаган, ҳатто ўзига тўқ ва тараққий этган мамлакатлардаги вазиятни издан чиқариши мумкинлиги¸ бунинг учун мобил алоқа, ижтимоий тармоқлар, турли нодавлат ижтимоий ташкилотлар ишлатилиши мумкинлигидан баҳс этади.

Айни пайтда¸ интернетдаги ижтимоий тармоқлар, хусусан Facebook ва Twitterни тўлиқ назорат остига олишнинг ҳам техник¸ ҳам сиëсий имконлари савол остида қолмоқда.

Коллектив хавфсизлик ташкилоти Котибияти расмийси Владимир Зайнутдиновнинг Озодликка билдиришича¸ КХШТ ижтимоий тармоқларини тўлиқ назорат қилиш ниятида эмас:

- КХШТ ижтимоий тармоқларни назорат остига олишни режалаштираётгани йўқ. Биз шунчаки Интернетдаги жиноятчиликка қарши амалиёт олиб бормоқдамиз¸ холос. “ПРОКСИ”, деб номланмиш бу амалиётимиз бир неча йилдан бери давом этаяпти. Сўзсиз, бу амалиёт жараёнида барча ахборот ресурслари олинади, жумладан Facebook, Twitter тармоқлари ҳам назоратга олинади. Масалан, “ПРОКСИ” амалиёти давомида 2010 йилда 1600 яқин террорчи ва экстремист деб топилган сайтлар аниқланган, улардан кўпи ёпиб ташланган. Лекин КХШТ мамлакатлари орасида ахборот хуружига қарши келишмовчилик борлигини тан оламиз. Бу масала устидан мамлакатларимиз парламентларида ҳам иш олиб борилмоқда, дейди КХШТ матбуот маркази раҳбари Владимир Зайнутдинов.

Бу расмийга кўра¸ КХШТ раҳбари Минскда Интернет тармоқларининг умумий назорати ҳақида гапирмаган, оммавий ахборот воситалари унинг баëнотини нотўғри талқин этган.

Бироқ 14 сентябр куни Минскда йиғилган МДҲ Бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгашида сўзга чиққан Россия Бош прокурори Юрий Чайка ҳам ижтимоий тармоқларни назорат остига олиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

“Лондонда нима бўлганини кўрдингизми. Менимча бир нарса аниқ: бу фаолият устидан назорат бўлмоғи зарур ва мен ўйлайманки¸ бу оқилона назорат фуқароларимиз эркинликлари ҳимояси учун хизмат қилади”, деди Юрий Чайка.

Бу йиғилишда МДҲ аъзолари Интернетни ҳатто хавфли, деб аташди ва уни назорат остига олишнинг халқаро қоидаларини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Шунга қарамасдан, мутахассислар Интернетни тўлиқ назорат остига олишнинг мутлақо имкони йўқлигини гапиришмовда.

Россиялик машҳур блоггер Илья Глушкога кўра¸ Интернетни тўсиш – ойни этак билан ëпишдек имконсиз уриниш:

- Интернетни назорат остига олиш, бу ҳавони назорат қилиш билан баробар. Ҳеч қанақа истиқболга эга бўлмаган, мутлақо бемаъни ташаббус, деб ўйлайман. Айрим тоталитар ва авторитар давлат бош прокурорлари томонидан илгари сурилаётган Интернет майдонлари, тармоқларини назорат остига олиш ҳақидаги таклифлари шунчаки қўрқитиш учун бошланган уйин, деб ўйлайман. Қандай қилиб Интернетда тотал назорат ўрнатиш мумкин?! Бунга урингудек бўлишса¸ бир неча кун ичида ҳамма анонимайзер ва проксилардан фойдаланишга ўтиб кетади, дейди машҳур блоггер Илья Глушко.

Аммо Марказий Осиëдаги янги медиалар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиев айрим тоталитар тузумларда ижтимоий тармоқлар устидан назорат ўрнатиш муаммо эмас, деган фикрда.

- Интернетни, айниқса ижтимоий тармоқларни мутлақ назоратга олиш мумкин нарса. Ҳозирги технологиялар бунга имкон беради. Лекин назорат деганда улар фақат кузатиб бориши мумкин. Одамлар қайси сайтларга кираяпти, нима қилаяпти – буни кузатиши мумкин. Айниқса Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан Ўзбекистонда Интернет бир тармоқ орқали ўтади, “Ўзбектелеком” тармоғи орқали бошқа провайдерларга ўтади. Шу бир канал орқали назорат қилиш жуда қўлай. Лекин Ўзбекистон учун бу керакми, йўқми бу бошқа савол, дейди Тўлқин Умаралиев.

Бу мутахассисга кўра, Ўзбекистонда Facebook фойдаланувчиларининг сони атиги 84-85 мингни, Twitterда эса ундан ҳам оз – 2 000 ни ташкил этади.

“Шу сабабли бу ижтимоий тармоқлар¸ ҳозирча¸ Ўзбекистон ҳукуматига ҳеч бир таҳдид қила олмайди”, дея хулоса қилди Марказий Осиëдаги янги медиалар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиев
XS
SM
MD
LG