Линклар

Тошкент ва Пекин ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи


Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илиқликни икки давлат раҳбарлари учрашувларида ҳам кузатиш мумкин.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илиқликни икки давлат раҳбарлари учрашувларида ҳам кузатиш мумкин.

20 сентябр куни Ўзбекистонга Умумхитой халқ вакиллари йиғини доимий қўмитаси раҳбари У Банго бошчилигида парламент делегацияси ташриф буюради.

Регнум ахборот агентлигининг Олий Мажлис Сенатидаги манбаси таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур ташриф доирасида хитойлик депутатларнинг Олий мажлис ҳар икки палатаси вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказиши ҳамда Самарқанд шаҳрини зиёрат этиши режаланган.

- Учрашувлар чоғида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича конкрет тадбирлар, қонун чиқариш ва буни назорат қилиш фаолияти бўйича тажриба алмашиш каби масалалар, шунингдек, икки томонни қизиқтирган долзарб муаммолар муҳокама қилинади, - дея иқтибос келтиради ўз манбасидан Регнум.

Маълумотларга кўра, Сенатдаги музокаралар якунида Олий мажлис юқори палатаси ва Умумхитой халқ вакиллари йиғини ўртасида ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоланиши режалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг июл ойида Олий Мажлис Сенатининг раиси Илгизар Собиров расмий ташриф билан Хитой халқ республикасига борганди. Бир ҳафта давом этган мазкур ташрифда Илгизар Собиров Умумхитой халқ вакиллари йиғини доимий қўмитаси раҳбари У Банго, Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши бош вазир ўринбосари Ли Кэцян ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Учрашувларда икки мамлакат парламентининг барча соҳаларда, шу жумладан, стратегик аҳамиятга молик йирик объектлар қурилишида ҳамкор қилиш учун қонунчилик базасини таъминлаши хусусида сўзлашилгани матбуотга маълум қилинганди.

Хитой Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, 2010 йилда иккитомонлама товар айланмаси ҳажми 2,48 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Ҳозирда Ўзбекистонда Хитой иштирокидаги сармоя билан ишловчи корхоналар сони 200 дан ошган. Қиёс учун: 2005 йилда бундай корхоналар сони 83 та эди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқалари 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан Пекин расмий Тошкент позициясини қўллаганидан сўнг кучайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG