Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:18

Қирғиз депутатлари Қаптағаев ишдан олинишини сўрамоқда


Эмилбек Қаптағаев 2010 йил апрел инқилобидан сўнг аввалига Қирғизистон Муваққат ҳукумати аппарати раҳбари, кейин эса Қирғизистон президенти маъмурияти бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Эмилбек Қаптағаев 2010 йил апрел инқилобидан сўнг аввалига Қирғизистон Муваққат ҳукумати аппарати раҳбари, кейин эса Қирғизистон президенти маъмурияти бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Қирғизистон парламенти президент маъмурияти раҳбари Эмил Қаптагаевга қарши ҳужумга ўтди.

Депутатлар фикрича, Эмил Қаптагаев президент маъмурияти раҳбари лавозимида коррупция билан шуғулланмоқда ва коррупционерларни ўз қаноти остига олмоқда.

Эмил Қаптагаевни президент маъмурияти раҳбари лавозимидан бўшатиш таклифини қўллаб овоз берган парламент депутатларининг кўпчилиги бу борада Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаевага мурожаатнома йўлладилар.

Депутатлар мазкур сиёсатчи ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда ўтган йилги Ҳаж мавсумини уюштириш ишларига аралашган ва миллионлаб доллар маблағни ўзлаштириб олган, деган ишончдалар.

- Қаптагаевнинг Ҳаж масаласига алоқадорлигини парламент аниқлаб, бу борада махсус қарор қабул қилган. Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизматига Қаптагаевнинг ҳаж билан боғлиқ коррупцион фаолиятини текшириш ҳақида кўрсатма берилган. Бироқ мазкур ташкилотлар ҳеч қандай чора кўрмадилар. Бундан ташқари, Қаптагаев Иссиқкўлдаги бир қатор оромгоҳларни судлар орқали қариндошларига олиб бермоқда. Унинг коррупцион фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар жуда кўп, - деди парламент депутати Садир Жапаров.

Қирғизистонда ўтган йили ҳаж масаласи жуда катта жанжалга сабаб бўлган эди. Махсус хизматлар Ҳаж зиёратини уюштиришга масъул бўлган ҳукумат амалдорлари бир неча минг хориж фуқароларини муайян миқдордаги пора эвазига Қирғизистон орқали ҳажга жўнатишганини, зиёратчилардан ортиқча пул йиғилиб, ўзлаштириб олинганини аниқлаган. Бу борада бир қатор давлат амалдорларига нисбатан жиноят ишлари очилган ҳамда ҳаж билан боғлиқ коррупцион схемаларда Эмил Қаптагаевнинг қўли борлиги айтилган эди.

Бироқ текширувлар давомида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Эмил Қаптагаевнинг коррупцион ишларга аралашганига оид далиллар топилмаганини эълон қилган. Қирғиз парламенти депутатлари эса ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг бундай хулосасига қарши фикр билдириб келмоқда.

Айни пайтда президентнинг парламентдаги вакили Данияр Наринбеков парламент депутатларининг Эмил Қаптагаевни ишдан бўшатиш тўғрисидаги талаби қонуний асосларга эга эмаслигини билдирмоқда.

- Ҳокимият бутоқларининг ҳар бири ўз ваколатига эга. Бу ваколатлар чекланган. Шунинг учун депутатлар президентни маъмурият раҳбарини бўшатишга мажбур қила олмайди. Аммо президент депутатлар таклифини ўрганиб, қарор чиқариши мумкин. Айни пайтда Эмил Қаптагаевга боғлиқ айрим маълумотлар текширилаяпти. Текширув якунлангачгина президент маъмурияти раҳбари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, - деди Данияр Наринбеков.

Аснода Қирғизистон депутатларининг бир гуруҳи Эмил Қаптагаевга ишончсизлик билдириш бўйича яна бир марта овоз бериш жараёни ўтказилишини талаб қилишмоқда. Парламент депутатларига кўра, аввалги овоз бериш жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва жамоатчилик бу жараён ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, депутатлар гуруҳи бу гал очиқ равишда овоз берилишини ва бу жараён телеканалларда намойиш этилишини талаб қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG