Линклар

Тожикистонда гендер тенглиги бўйича дастур бажарилмади

  • Гулнора Равшан

Тожик жамиятида аёлларга фақат она ёки уй бекаси сифатида қараш ҳали ҳам кучли.

Тожик жамиятида аёлларга фақат она ёки уй бекаси сифатида қараш ҳали ҳам кучли.

Тожикистон сиёсатчилари миллий уюшмаси ўтказган тадқиқот натижаларидан ана шундай хулосага келиш мумкин.

Уюшма тадқиқоти натижаларига кўра, Тожикистонда давлат тизимида атиги 5 фоиз, Тожикистон парламенти қуйи палатасида 19 фоиз ҳамда парламент юқори палатасида 14 фоиз аёллар фаолият кўрсатиши аниқланган.

“Тожикистонлик аёлларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги ўрни” мавзуига бағишлаб Душанбе шаҳрида 20 сентябр куни ўтказилган ва гендер муаммосига оид тадқиқот натижалари очиқланган тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги “Янги босқичга ўтаётган тожик жамиятида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш учун сиёсий лидер аёллар зарур”, деган хулосага келдилар.

ЕХҲТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси элчиси Ивар Викки демократик принципларга асосланган тожик жамиятида аёллар орасида сиёсий лидерларнинг йўқлигини бу мамлакатда гендер мувозанатининг йўқлиги билан изоҳлади.

Хўш, мустақиллигининг икки ўн йиллигини босиб ўтган Тожикистонда нега шу кунгача аёллар орасида ҳеч бўлмаганда минтақа давлатлари орасида танилган бирорта ҳам сиёсий раҳбар йўқ?

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов фикрича, бунга тожик жамиятидаги диний гуруҳлар сабабчи.

- Жамият ижтимоий ва сиёсий ҳаётида аёллар фаолиятининг баъзи диний гуруҳлар томонидан чекланиши аёлларимиз орасида сиёсий етук кишилар тарбияланиб чиқишига тўғаноқ бўлмоқда, деб ўйлайман. Улар тожик аёллари фақат уй ишлари, фарзанд тарбияси билан банд бўлиши лозимлигини уқтириб келади. Табиийки, зеҳниятимиз боис ҳам тожик оилаларининг аксариятида қиз болани кичкиналигидан фақат яхши она, яхши уй бекаси бўлиш руҳида тарбиялаб келинади, - дейди Шарипов.

Тожик мулозими ўз давлати хорижий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан бу стереотипни синдиришга қанча уринмасин, ҳали-ҳамон кутилган натижага эришишга имкон бўлмаганини очиқ эътироф этди.

“Аёлларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги ўрни” номли тадқиқот муаллифларидан бири Алла Қувватова давлат мулозими Суҳроб Шарипов фикрларига қўшилмайди.

- Аёлларимиз сиёсий ҳаётда фаол бўлишдан қўрқадилар. Чунки жамиятимизда аёлларнинг фаол бўлиши тўғри қабул қилинмайди. Яъни сиёсий фаол аёллар ҳаётига албатта таҳдид бор. Табиийки, аёлларимиз ўз фарзандлари ва оиласи хавфсизлиги борасида кўпроқ қайғуради. 1991-1992 йиллардаги (Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган йиллар назарда тутилаяпти - таҳр.) қўрқинч ҳанузгача аёлларда сақланиб қолган, - дейди Алла Қувватова.

Шу нуқтаи назардан, фалсафа фанлар номзоди Қувватовага кўра, тожикистонлик аёллар кўпроқ нодавлат ташкилотларида фаолият юритиш билан чекланадилар, холос.

Тожикистон Социал-демократик партия раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, тожик жамиятида нодавлат ташкилотларининг ўзларини “сиёсатдан ташқари” деган ақида билан иш тутишлари нотўғридир.

- Агар Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги бу масалага оид вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, у ерда жамият ҳаёти учун курашадиган асосий мухолиф куч бу нодавлат ташкилотларидир, - дейди социал-демократлар партияси лидери Зоиров.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил қилади.

Тожикистон сиёсатчилари миллий уюшмаси ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, аёлларнинг парламентда камлигининг бошқа бир сабаби номзодларга сайловда қатнашиш учун тўловнинг қимматлигида экан. Маҳаллий сайлов қонунчилигига кўра, Тожикистон парламенти сайловларида қатнашиш учун ҳар бир номзод 7 минг сомоний ёки 1500 АҚШ доллари тўлаши лозим.

Бунча катта маблағ, тадқиқот муаллифи Алла Қувватовага кўра, тожикистонлик аёллар учун катта тўсиқ бўлиб ҳисобланади. Зеро, Тожикистонда аксарият аёллар ишсиз бўлиб, улар ишлаб топган маблағ ҳатто оиласини зўрға боқишга етади, холос.
XS
SM
MD
LG