Линклар

Кобулда Афғонистон Тинчлик олий кенгаши раиси, собиқ президент Бурҳониддин Раббоний суиқасд қурбони бўлди. Асли тожик сиёсатчининг ўлдирилиши Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларига жиддий путур етказиши мумкинлиги айтилмоқда.


Афғонистон полицияси тарқатган хабарга кўра, мамлакат Тинчлик олий кенгаши раиси, собиқ президент Бурҳониддин Раббоний Кобулдаги уйида худкуш шахс ҳужуми қурбони бўлган.

Раббоний раислик қилган кенгаш афғон ҳукумати номидан Толибон ҳаракати билан музокара қилиб келган.

Кобул шаҳар полиция матбуот вакили Ҳашматуллоҳ Стникзаининг айтишича, Раббоний портловчи мосламани салласига яширган худкушнинг қурбони бўлган. Полицияга кўра, портлаш оқибатида яна бир неча киши жароҳатланган.

Афғонистон ҳукуматининг исми сир қолишини истаган расмийси Озодлик радиосига Раббоний билан учрашув пайтида ўзини портлатиб юборган шахс Толибон қўмондонларидан бири бўлганини маълум қилди.

Раббоний бир йилдан бери Афғонистонда урушни тўхтатишга қаратилган сиёсий музокараларга бошчилик қилиб келди.

Шу йилнинг март ойида Раббоний Озодликка берган суҳбатида музокаралар орқали Толибон билан урушни тўхтатиш истиқболлари ҳақида некбин фикрларни билдирган эди.

- Биз мухолифат, яъни Толибон билан алоқа ўрната бошладик. Улар билан бир неча марта учрашдик ҳам. Бундай учрашувлар давом этмоқда. Биз улар билан ёзма таклифларни ҳам ўзаро алмашмоқдамиз. Лекин ҳозирча бу мулоқот натижалари оммага ошкор қилгудек даражага етгани йўқ, - деганди Раббоний

Лекин кобуллик таҳлилчи Воҳид Мўждаҳнинг айтишича, кейинги пайтларда Раббоний толиб жанггариларининг тинчлик исташига ишонмай қўйган.

Таҳлилчи бундан бир неча кун аввал Раббоний билан учрашганини айтади.

- Кейинги пайтларда Раббоний Толибондан анча хафсаласи пир бўлиб қолган эди. Ундан бир неча марта улар, яъни толиблар тинчликка тайёр эмас, қабилидаги гапларни эшитган эдим. У Толибонга қарши кескин позицияни тута бошлади. Тинчлик кенгаши раиси бўлиб туриб, толиблар билан мулоқот ўрнатиш ўрнига уларга бундай кескин қарагани учун дўстлари ҳатто уни танқид ҳам қилишди. Афтидан, Раббоний тинчлик кенгаши раислигидан анча чарчаган ва бу лавозимдан кетиш истагида эди, - деди Воҳид Мўждаҳ.

Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясида қатнашаётган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШ президенти Барак Обама билан учрашув олдидан Раббонийнинг ўлдирилиши тинчлик ўрнатиш уринишларини тўхтата олмаслигини таъкидлади.

- У амалга оширган вазифа, жаноб президент, афғон халқи ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва тинчлиги учун ўта муҳим эди. Менимча, жаноб президент, унинг ўрнини тўлдиришимиз осон иш бўлмайди, - деди президент Карзай.

Обама Раббонийнинг ўлдирилишини қоралади ва айни пайтда Афғонистон раҳбарияти билан урушни музокаралар воситасида тўхтатиш уринишларини давом эттиражагини таъкидлади.

- Бу воқеага қарамасдан, афғонистонликлар эркинлик ва хавфсизлик, тинчлик ва равнақда яшай олишлари имконини берадиган урунишлардан қайтара олмайди. Ва беҳуда зўравонликларни тўхтатиш учун афғон жамиятининг барча вакилларини бир жойга тўплаш ўта муҳим масала бўлиб қолаверади, - деди Афғонистон президенти.

Карзай Обама билан учрашувдан кейин Афғонистонга қайтишни режалаштираётган эди.

Этник тожик бўлган Раббоний 1980-йилларда Афғонистон советлар босиб олган пайтда мужоҳидларга етакчилик қилган ва совет қўшинлари олиб чиқилгач, мамлакат президенти лавозимини эгаллаган.

1990-йиллар ўрталарида Толибон ҳокимият тепасига келгач, у де-факто Шимолий алянс етакчисига айланган. 2001 йилда Толибон ҳокимиятдан қувилгач, Раббоний етакчилигидаги шимолий алянс Кобулдаги ҳокимият вакуумини тўлдирди.

Раббоний ўлдирилишидан бир ҳафта аввал жанггарилар Кобулнинг ғарб элчихоналари ва НАТО базаси жойлашган минтақасида 20 соат давомида йирик ҳуружларни амалга оширди.

Бу июн ойидан бери амалга оширилган учинчи йирик ҳуруж бўлди ва унда камида беш полициячи ва 11 фуқаро ҳалок бўлди.

Бу ҳужумларнинг ҳаммасини Толибонга алоқадор ва Афғонистон-Покистон чегарасида жойлашган Ҳаққоний тармоғи номли жанггари гуруҳ амалга оширгани айтилмоқда.

Покистон ҳукумати Раббонийнинг ўлдирилишини кескин қоралади. Қўшма баёнотда президент Осиф Али Зардорий ва Бош вазир Юсуф Ризо Ғилоний марҳумни "Покистоннинг дўсти" дея таърифладилар.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ҳам Раббонийнинг ўлдирилишига муносабат билдириб, қотиллик ортида турганлар ўз мақсадига эриша олмайди, дея таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG