Линклар

logo-print

Ўзбекларнинг "сиркаси" қачон сув кўтаради?


Аксарияти ўтмишдаги буюк боболари билан мақтаниб¸ улар ҳайкаллари соясида дам оладиган ўзбекларнинг бугунги авлоди келажак насллар фахрланишга арзигулик бирор иш қилдими, деб сўрайди сиздан Дилдора қиз...

Аксарияти ўтмишдаги буюк боболари билан мақтаниб¸ улар ҳайкаллари соясида дам оладиган ўзбекларнинг бугунги авлоди келажак насллар фахрланишга арзигулик бирор иш қилдими, деб сўрайди сиздан Дилдора қиз...

Озодлик орқали ўз миллатдошлари билан фикрлашмоқчи бўлган хорижда яшаëтган ўзбеклардан бири ана шу саволга жавоб изламоқда.


Шу йилнинг 2 сентябр куни Германия ва Австрия миллий футбол жамоалари 2012 йилда бўлиб ўтадиган Европа кубоги мусобақаси саралаш ўйинининг навбатдаги босқичини ўтказдилар. Ўйин 6:2 ҳисоби билан Германия фойдасига ҳал бўлди. Нафақат футболнинг ашаддий мухлислари, балки унинг нуфузли мутахассислари хам бу ўйиннинг юқори даражада ўтганини алоҳида таъкидладилар.

"Шу кунгача DFB (Германия футбол федерацияси) ўзининг узоқ футбол тарихи давомида ҳеч қачон саралаш ўйинининг барида ғолиб чиқмаган. Шунингдек, саккизта ўйинда кетма-кет ғолиблик ҳам ҳали насиб этмаган эди"¸ деб ëзди Nationalmannschaft – Fußball –sportschau.de ўз онлайн саҳифасида.

Натижани кўриб¸ Германия ўз спортчилари учун мақтовларни худди гулчамбарлардек ëғдирган бўлса керак, деб ўйласангиз¸ янглишасиз. Худди шу манбанинг ўзи бу ўйин ва ўйинчилар таҳлилида давом этиб¸ жумладан шундай деб ўзади:

"Мануэл Нойер (дарвозабон), асли гелзенкирхэнлик ўйинчи¸ икки марта рақиб урган тўпни ўз дарбозасидан олиб чиқишга мажбур бўлганини ҳисобга олмасак, деярли ишсиз ўтирди. Ўша иккита урилган тўпларга қарши чиқишга эса унинг ҳеч қандай имконияти бўлмади.

Ҳозирда энг кўп сотилаëтган автобиография муаллифи Филипп Лаьм (ҳимоячи), чап тарафни базўрға куч ва югур-югур билан ҳимоя қилишга эришди. Бу ҳам етмагандек¸ у ҳужум давомида бир нечта хатоларга йул қўйди".

Немис футболчиларининг ҳам бундай танқидларга қулоқлари кўникиб кетган шекилли, нега шунча яхши ўйнасак ҳам танқид қиласизлар¸ деб на бир оғиз эътироз билдиришди, на бундан нолишди. Балки¸ аксинча, "спорт мухлисларининг яхшироқ ўйин талаб қилишга ҳаққи бор, бундан тўғри хулоса чиқариб, яхшироқ ўйнашимиз керак"¸ деган фикрни билдирдилар.

Хўш¸ бунинг бизга нима қизиғи бор¸ десангиз ажаб эмас. Бунақа мисол-таҳлиллар билан Германия оммавий ахбарот воситаларида кунора дуч келасиз ва улар нафақат спорт, балки шу жамиятнинг ҳар бир соҳасини - сиëсат, иқтисод, ишлаб чикариш, билим, санъат ва ҳокозоларни қамраб олади. Биргина футбол ўйини ва у ҳақдаги мақолани ўқиб, мен немис халқининг ҳеч қачон эришган ютуқлари билан тўхтаб қолмаслигига яна бир карра амин бўлдим ва менинг бу борада уларга ҳавасим келади.

Ҳавасим келгани, улар ҳеч қачон эришган ютуқлари туфайли камчиликларини унутмайдилар.

Ëки муваффақиятлари орқасидан¸ албатта¸ қўйган хатоларини тилга олишади. Камчиликларни бўйнига олиш, танқидларга йўл бериш ва энг муҳими¸ уларга қулоқ тутиш катта мардлик¸ назаримда. Бу мардликнинг орқасидан баъзида улкан муваффақиятлар ҳам эргашиб келишини ҳар доим ҳам эътиборга олавермаймиз.

Масалан¸ айнан шундай танқидлар ҳам Германияни ҳозирги эгаллаб турган мавқеъга олиб келган¸ назаримда. Агар буларнинг тарихини кузатсангиз¸ бунга яққол амин бўласиз. Узоққа бориб нима қиламиз - шу йилнинг март ойида Япониянинг Фукусима шаҳрида бўлиб ўтган мудҳиш воқеаларидан сўнг, Германия Канцлери Меркел хоним катта танқид остида қолди.

Чунки у шу пайтгача электр энергияни атом станциялари томонидан ишлаб чиқарилиши тарафдори эди. Бунга қатьий қарши бўлган "Яшиллар" партияси Фукусимадан мувофиқ хулоса чиқарашни талаб қилиб, ҳозирда давлатни бошқариб турган CDU/CSU ва FDP ни қаттиқ танқидга олди.

Натижада Фрау Меркел ўзининг бутун бошли энергия сиëсатидан воз кечишга мажбур бўлди ва оппозиция талаб қилган янги қонунни қабул қилди. Унга кўра¸ барча атом электр станциялари Германияда 2017 йилга қадар ўчирилиши керак. Меркел хоним ҳам¸ юқоридаги ўйинчилар каби¸ танқидларга қулоқ тутди.

Энди биз бу борада назаримизни жонажон ватанимизга қаратамиз. Мана куни-кеча мустақиллигимизнинг 20 йиллик байрамини нишонладик. Ўзбекистондан Интернет орқали етиб келган манбаларни кузатиб, Ўзбекистон аллақачон утопия, эртаксимон давлатлардан бирига айланиб кетибди, деган хулосага келим. Бирорта фильм, хоҳ бадиий, хоҳ ҳужжатли бўлсинки, ҳали мана бундай камчиликаримиз бор деб, оғзига ҳам олмади. Бунинг ўрнига биз бундай нарсаларга эришдик, бутун дунë бизга ҳавас, `баъзи ëмон` давлатлар эса ҳасад қилади ва ҳоказо мазмундаги гаплар.

Ҳеч ким ўша ўрислар биздан `кетишганида` юртимизда яхшигина инфраструктура бор эди, биз ҳар ҳолда ҳамма нарсани `0`дан бошлаганимиз йўқ-ку, демайди. Мана яна шу немисларни оладиган бўлсак, иккинчи жаҳон урушидан кейин деярли ер билан битта бўлиб ëтган юртни орадан 50 йил ўтиб-ўтмай жаҳоннинг етакчи давлатларидан бирига айлантиришга улгуришган. Ваҳоланки буларда сотгани на пахта, на олтин, на буғдой ва ҳоказо бор. Биз ҳам мустақилликдан 50 йил ўтиб, бунга эришамиз десангиз, айтилган вақтнинг деярли ярмига келаяпмиз, аммо ишнинг тўртдан бирини ҳам якунламаганимизни ҳаммамиз кўриб-билиб турибмизку!

Эркакларимиз болаларининг кўзларига тик қарагани уялишади. Фарзандларимни боқаман деб, улардан йиллаб воз кечиб, ҳали у ернинг¸ ҳали бу ернинг қурилишида қўлидаги олий ўқув юртининг дипломи билан лой қориб юришибди. Омади келганлари¸ йиллар ўтиб фарзандларини кўрар, омади келмаганларининг эса ўликлари қайтаяпти.

Аëлларимиз эса ўзларини ўтга-чўққа уриб қилмаëтган юмушлари қолмаяпти. Мен ўзбек аëлларидек меҳнаткаш аëлларни ҳали Европанинг бирорта бир давлатида учратмадим. Афсуски¸ қанчалик меҳнаткаш бўлмасинлар, шунчалик хор бўлиб яшаëтганлар ҳам бошқа давлатларда кам учрайди.

Мен Ўзбекистонни 20 йил ичида ундоқ қилдик, бундоқ қилдик¸ деб гўë кўксига маймундек қулочлаб уриб мақтанаëтган сиëсатчиларни мана шундай муаммоларга ҳам эътибор қаратишларини хоҳлардим.

Советнинг даврида ўзбекнинг болалари йиртиқ калишларда даладан бери келмай, фақат улар учун ишлайди¸ деб ўзимизни оқлардик. Лекин мана охирги 20 йилда ҳам уларнинг калишлари бутун бўлгани йўқ, лекин энди ким учун тераяпти улар пахтани? Мустақиллик шунча яхши бўлса, нега эрта-ю кеч асаларидек тинмайдиган ўзбекнинг косаси оқармайди?

Нимага бизнинг болаларимиз бола бўлиб кўча чангитиб ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум? Нимага улар ўзларининг кичкина елкаларида баъзи бир катта одамга ҳам оғирлик қиладиган ташвишларни кўтариб яшашлари керак?

Шахсан мен Ўзбекистон ҳукуматининг ҳали мақтанишга ҳаққи йўқ¸ деб биламан. У ерда 20 йиллик ишнинг ярми ҳам қилинган эмас.

Бу ерда гап фақат сиëсатдаги танқид ҳақида¸ десак адашамиз. Баъзи-баъзида юртдошларимизнииг Youtube дагими, MyVideo дагими ўзаро танқид ва унга бўлган муносабатларини кўриб/ўқиб, биз ўзбекларнинг ҳақиқатдан ҳам сиркамиз сув кўтармаса керак¸ деб ўйлайман.

Ўзбекистонни ўзбек бўла туриб `ҳали қолоқ давлат` деб аташ, баъзи бир юртдошларимиз учун сизни, айниқса сиз бошқа юртда яшасангиз, ватан хоини деб аташга бемалол асос бўлади. Бунга ўзим ҳам бир неча марта амин бўлганман.

Ваҳоланки¸ бундай форумларда асосан шахсий фикрларга таяниб ëзилади. Масалан¸ сиз у ерда бир кино кўрдингиз ëки қўшиқ тингладингиз. Муаллифнинг ишидан кўнглингиз тўлмай¸ бунга яраша мулоҳаза билдирасиз. Агар бу кимгадир ëқмаса, сизнинг ҳам шахсингизга `чиройли сифатлар` келиб тегиши тайин.

Бундай ҳолатларни кузатиб, танқидни "ҳазм килиш санъатини" ҳам балки энди ўрганишимиз керакдир, деб ўйладим. Ахир танқиднинг ҳам ўзига яраша жуда кўп ижобий тарафлари бор - у бор жойда иш "юради" ва унинг савияси кўтарилади.

Мен ҳам ўзбекман, лекин ўзимизнинг бўлар-бўлмас мақтовларимиздан, бизнинг боболаримиз бундай ишларни килиб кетишган, бундай нарсаларга эришишган, деган гапларимиздан чарчаганман.

Нимага биз фақат боболаримиз билан мақтанамиз ëки яна неччи йил мақтанамиз? Бу кетишда набираларимизга раҳмим келади. Улар кейин ким билан мақтанишаркин?

Ҳурмат билан Дилдора қиз.
2011 йил, сентябр

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG