Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:55

AI: Тожикистонда маҳбуслар хўрланмоқда


Amnesty International ташкилоти Тожикистонда ҳибсхоналарида қийноқлар билан боғлиқ ҳолатлар кўпаяётганидан ташвиш билдирди.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг янги ҳисоботида Тожикистонда ҳибсга олинган бир маҳбусга хавфсизлик ходимлари тажовуз қилганини иддао қилинади.

Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, тожик жамиятида, хусусан, экстремизм ва террорчиликда айбланиб қўлга олинганларга нисбатан қийноқларнинг энг ваҳшиёна усуллари қўлланилади.

Ташкилот маълумотларига кўра, ўтган йил сентябр ойи бошида Хўжанд шаҳрида юз берган террорчилик ҳужумида гумонланиб ҳибсга олинган 53 маҳбус устидан маҳкама давом этмоқда.

“Ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган маҳкамада, - дейилади Amnesty International ҳисоботида, - судланувчилардан бири – Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётган Илҳом Исмонов суд ҳакамларига иқрорлик кўрсатмаларини хавфсизлик ходимларининг ноинсоний таҳқирлашлари туфайли берганини айтган. Бошқа бир судланувчи эса хавфсизлик ходимлари томонидан жинсий тажовуз қилинганини айтиб берган”.

Ҳисоботни тайёрлаган экспертларининг ёзишича, маҳбуслар кўпинча Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ва Сўғд вилоятидаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш минтақавий бўлимидаги махсус ертўлаларда қийноққа солинади.

У ерда қийноққа тутилган маҳбуслардан бирининг яқини - Саодат исмли суҳбатдошимизнинг айтишича, қаллобликда гумонланиб ҳибсга олинган укасидан иқрорлик кўрсатмаси олишда электр токидан фойдаланилган.

- Жинсий органларига ток қўйиш билан укамдан иқрорлик кўрсатмаси олинган. Буни исботловчи далилларимиз бор қўлимизда. Лекин энди милиция ходимлари ўз айбларини бўйнига олишмаяпти, - дейди душанбелик Саодатхон.

Тожикистонлик адвокат Абдуқаюм Юсупов ўз иш тажрибасида кўп ҳолларда ўз ҳимоясидаги кишиларга дастлабки тергов жараёнида қийноқлар қўлланилганини айтади.

- Афсуски, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш систематик тус олмоқда. Масалан, энг кенг тарқалган усул бу маҳбусни токка қўйиш, баъзида бошидан совуқ ёки қайноқ сув қўйиш каби усуллар кўп қўлланилади. Албатта бу билан маҳбус ўлмайди, лекин унинг саломатлигига сезиларли зиён етказилади, - дейди адвокат Юсупов.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, гарчи Тожикистон 1995 йили БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясини ратификация қилган бўлса-да, барча ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида қийноқлар қўлланилаётганидан ташвиш билдирган.

Аснода Тожикистон Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси масъули полковник Валихон Муллаев “Amnesty International ташкилоти эълон қилган ҳисобот Тожикистон ва тожикистонликларга нисбатан туҳмат” эканини таъкидлайди.

- Ҳақиқатан аввалги йилларда ходимларимиз томонидан ҳибсга олинганларга нисбатан зўравонлик қилиш ҳолатлари қайдга олинган. Лекин, мана бир неча йилдирки, ходимларимиз орасида тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида бу масала ўз ечимини топган. Халқаро экспертларнинг бошқармамизда қийноқлар учун махсус ертўла борлиги ҳақида айтганлари Тожикистон ва тожикистонликлар ҳақига қуруқ туҳматдир, - дейди тожик зобити Муллаев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган ҳафта Душанбе шаҳрига қарашли Исмоил Сомоний туман суди 32 ёшли маҳбус Исмоил Бачажоновга жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаб, унинг ўлимига сабаб бўлган Адлия вазирлиги ҳибсхонасининг уч ходими Раҳмонали Раҳмонов, Юсуф Иброҳимов ва Латиф Давлатовни турли йилларга озодликдан маҳрум этди.

Тожикистон Жиноят кодексига ҳозирча қийноқ қўллаганлик учун жазо беришни кўзда тутган модданинг киритилмагани сабабли Адлия вазирлиги ходимлари республика Жиноят кодексининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик моддаси билан судландилар.
XS
SM
MD
LG