Линклар

Ўзбекистонда Қуёш энергияси институти очилади


Франциядаги қуёш батареялари.

Франциядаги қуёш батареялари.

Ўзбекистон ҳукумати 2013 йилга қадар Осиё Тараққиёт Банки кўмагида Қуёш энергияси институти ташкил қилишни режаламоқда.

Trend агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларга таяниб хабар қилишича, янги институт илмий-техник ва лойиҳалаш ташкилоти ўлароқ фаолият юритади.

Хабарда айтилишича, серқуёш Ўзбекистонда бундай муассасанинг очилишини тўлиқ қувватлаган ОТБ Ўзбекистон ҳукумати таклифини қувватлаган.

Бунга қадар ОТБ раҳбари Харухико Курода Осиёда экологик тоза энергия заҳираларидан фойдаланиш масаласига қаратилган форумда Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини энергиянинг муқобил манбаларини ўзлаштириш борасида жиддий чора кўришга чақирган эди.

Айни кезда ОТБ Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Таиланд ва Покистон каби давлатларда қуёш энергиясини ишлаб чиқариш ва бу борадаги илмий техник тадқиқотларга оид лойиҳаларни фаол молиялаштириб келмоқда.

Шунингдек, бунга қадар Россиянинг ЛУКОЙЛ ширкати Ўзбекистонда қуёш электр станциясини қуришни режалаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар марказининг тахминича, ҳозирги кўламда ишлатиладиган бўлса, Ўзбекистондаги табиий газ ва кўмир заҳиралари кейинги 20-30 йилга етиши мумкин, холос. Нефт заҳиралари эса бўшаб қолган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2010 йилда олинган суюқ углеводорот ҳажми 2009 йилдагига қараганда 17,9 фоизга, газ конденсати ҳажми 22,5 фоизга, табиий газ ҳажми эса 2,1 фоизга камайган.
XS
SM
MD
LG