Линклар

Россияда миллатчилар судланди


Россияда рус бўлмаганларга қарши миллатчилик кайфиятлари пасаймаëтир.

Россияда рус бўлмаганларга қарши миллатчилик кайфиятлари пасаймаëтир.

Нижний Новгородда уч шахс икки меҳнат муҳожирини ўлдирганлик¸ яна иккисини ўлдиришга уринганликда айбдор деб топилди.


Нижний Новгород вилоят суди исми ошкор этилмаётган уч нафар россияликни миллий адоват асосида содир этган қатор қотилликлари учун 25, 22 ва 21 йилга озодликдан маҳрум этди. Умрининг келгуси 20 йилдан ортиқроқ қисмини Россиянинг қаттиқ режимли колонияларида ўтказадиган бу ошналарнинг миллатчи гуруҳларга алоқадор эканлиги айтилмоқда.

Мазкур жиноий иш юзасидан терговни судгача олиб борган Нижний Новгород Тергов қўмитаси расмийси Светлана Ковалёванинг Озодликка айтишича, келтирилган исбот ва далилларга қарамасдан¸ жиноятчилар суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси топширган.

- Бу ғирт экстремистик иш, аммо менимча¸ улар аллақачон кассация аризаларини топширишга улгурган. Судда улар ўз айбларига иқрор бўлмади, лекин суднинг чиқарган бу қарорини ўта тўғри, деб ҳисоблайман. Айниқса¸ бу жиноятлар қандай ваҳшийлик билан содир этилгани ҳисобга олинса, дейди Светлана Ковалева.

Терговчи тилга олган маълумотларига кўра, жиноятчилар асосан рус миллатига мансуб бўлмаган шахсларга овлоқ жойларда ҳужум қилиш билан шуғулланиб келган.

Миллатчилар биринчи “ўлжасини” ўтган йилнинг 27 февралида Нижний Новгороднинг “Канавинская” автобекати ёнидаги савдо расталаридан бирида кўриб қолган. Кейинчалик Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланган бу шахсни судланганлар кўздан четроқ жойда ушлаб олган. Исми ошкор этилмаётган жиноятчилардан бирининг сўзларига қараганда, улар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини темир чойнак билан уриб ўлдирган.

Мазкур қотилликка қўшилганлар ўзбек йигитининг белига икки марта¸ қўлига бир марта пичоқ солган ва жиноят жойидан қочиб кетган. Жабрдийда кўп ўтмай маҳаллий шифохоналардан бирида кўп қон йўқотиш оқибатида жон берган.

Худди шундай судланувчилар 2010 йилнинг 22 августида Нижний Новгороднинг Мешчерское кўли ёнида Озарбайжон фуқаросини чавақлаб ўлдиришган. 19 жойидан пичоқланган озарбайжонлик бу йигит жиноят жойида ҳалок бўлган.

Бу жиноятлари учун жазосиз қолганидан руҳланган новгородлик миллатчилар ташқи кўриниши русга ўхшамаган бир қиз ва жувонга пичоқ билан ташланган.

Тергов давомида рус эканлиги аниқланган жабрдийда жиноятчиларга қаршилик кўрсатиб уларнинг жиноий мақсадлари амалга ошишига йўл қўймаган. Ҳужум пайтида улар қизлардан бирига жиддий жароҳат еткизган.

Суд келтирилган исбот-далилларни ҳисобга олган ҳолда, барча жиноятлар миллий адоват юзасидан содир этилган, деган хулосага келди.

Бундан ташқари суд жабрланганларга судланган жиноятчилар ҳисобидан 150 минг рубл жарима пули ундирилиши ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Нижний Новгород вилоятидаги фош этилган бу жиноят ҳақида лавҳа ҳозирланаëтган 21 сентябр куни Москва вилоятининг Солнечногорск тумани Поварово посёлкасида яна бир ўзбек йигитининг пичоқлаб кетилгани ҳақида хабар келди.

- Мен Поваровога таниш болаларга телефон қилган эдим. Ака, деди, мана шу ерда заводда ишлайдиган андижонлик болани – цистерналар чиқарадиган завод бор-да - ишдан қайтаётганида тропинкадан кетаётганида ўлдириб кетишган, ким пичоқлагани номаълум. Андижонлик йигит деяпти, исмини ҳам ҳали билганимиз йўқ, дейишяпти. Дарров келиб мелисалар моргга олиб кетди, деди. Ўтган йили ўша ерда иккита бола ўлган экан: бир андижонлик бола сувга чўкиб ўлган, яна бир болани Поваровка локомотив жойида болалар уриб ўлдирган экан. Мана бу йил яна биттасини ўлдиришди. Аниқ эмас, местнийлар дейишаяпти, дея хабар қилди Поваровода меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Расулжон Исоқов.

Ҳозирча бу маълумот Москва вилояти Тергов қўмитаси томонидан тасдиқланмади.

- Ҳозирча бизда Ўзбекистон фуқароси ўлдирилгани ҳақида маълумот келганича йўқ, деди гўшакни кўтарган Москва вилояти Тергов қўмитаси ахборот бўлими раҳбари Ирина Гумённая.

Айни пайтда миллатчи ва тақирбошлар томонидан рус миллатига мансуб бўлмаганларга қарши жиноятларнинг камаймаётгани кенг жамоатчиликни хавотирга солмоқда.

Россиядаги тожик жамоатчилиги ва халқаро ташкилот вакиллари Россияда миллатчилик кайфияти сўнмаётгани, тожик фуқароларнинг жасадлари тинимсиз Тожикистонга жўнатилаётгани юзасидан Россия ва Тожикистон ҳукуматига, БМТ Бош Ассамблеясига, Европа Кенгаши ва Парламенти ҳамда бир қатор бошқа ташкилотларга махсус мурожатнома йўлладилар.

Ҳужжат остига имзо чекканлар Россия ҳукуматидан миллий адоват юзасидан содир этилаётган жиноятлар¸ хусусан ҳукуматнинг юқори поғоналарида янграётган миллатчилик чақириқларига чек қўйиш ва бунинг учун барча зарурий чораларни қўллашни талаб қилдилар.

Россияда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан содир этилган ва этилаётган жиноятлар ҳамда қонунбузарликлар юзасидан Ўзбекистон ҳукумати бирор марта Москва расмийларига мурожаат қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG