Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:35

Ғаллаоролда бир кунда 13 мактаб директори ишдан бўшатилди


Ўзбекистон вилоятлари мактабларида ўқувчидан бошқа ҳамма нарса бор...
Ўзбекистон вилоятлари мактабларида ўқувчидан бошқа ҳамма нарса бор...

Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси янги ўқув йилини ана шу қарор билан бошлади.


“Норозилигимизни кўзимиздан уқиб туради”

Ғаллаорол туманидаги 91 та мактабдан 13 тасининг директори янги ўқув йилининг бошида ишдан бўшатилди.

Туман марказидаги 25-мактаб директори, 53 ёшли Дилором Жабборованинг айтишича, 2 сентябр куни буйруқни кўрсатмасдан мактабга келиб унинг ишдан бўшатилгани ва мактабга туман Халқ таълими бўлимида методист бўлиб ишлаётган Пардаев тайинланганини эълон қилишган. Дилором Жабборовага кўра¸ унга ҳатто оддий дарс соатлари ҳам берилмаган ва маҳаллий ҳокимият қаҳрига учраган директорлар, вилоят Халқ таълими бошқармаси буйруғига кўра ишдан олинган:

- Энди ҳокимиятнинг айтганини қилаяпмиз. Қилган билан мажбурий қилаяпмизу, шунинг нотўғри эканлигини¸ масалан¸ мен ҳис қилиб тураман. Мана шуни ҳокимият менинг башарамдан ўқиб туради. Ўзингиз биласиз, ҳақиқатни айтган одам ҳеч қачон бу дунëга сиғмайди. Шунинг учун улар қандайдир ишимиз ëки ишлаëтган мактабимиздаги таълим сифати билан ҳисоблашишмади. Пенсионерми, демак шуларни йўқ қилиб ташлашимиз керак. Ҳозир мана 19-мактабни оладиган бўлсам, тўртми беш йилга ҳам етмаган, стажга эга бўлмаган Райононинг югурдакчасини олиб бориб қўйишди. У ўзи ўнглаб дарс ўта олмайди. Битта дарсни қўйиб берсангиз, анализ қила олмайди экан. Бошқа мактабларда ҳам худди шундай, дейди Дилором Жабборова.

Ғаллаорол туманидаги 78- мактабнинг собиқ директори 54 ёшли Зебо Қосимова ҳам вилоят халқ таълими бошқармасининг ўзини ишдан олиш ҳақидаги буйруғини асоссиз деб ҳисоблайди:

- Бир умр мактабда жонимни жабборга бериб ишладим. Ҳатто бир оғиз ҳам огоҳлантирмасдан бошқа одамни мактабга олиб бориб, бугундан бошлаб ана шу одам ишлайди, деб айтиб келаяпти. Ҳурматсизликда, инсонни қадри йўқ, деди Зебо Қосимова.

Ўзини ноқонуний ишдан бўшатилган деб ҳисоблаётган 34-мактаб собиқ директори 57 ёшли Фарҳод Эшматовнинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 7-бандига кўра, агар пенсия ёшига етган одам ишлайман деса, унинг ишлаш қобилияти бўлса ва ишга яроқли бўлса ишлаши мумкин, деб ëзилган бўлсада¸ вилоятда пенсия ёшига етган директорларни бир чеккадан “қириб” ташлашган.

“Мажлисларда таълим сифати эмас, пул ҳақида гап бўлади”

Собиқ мактаб директорларига кўра, пенсия ёши аслида уларни ишдан бўшатиш учун баҳона бўлган¸ холос. Бунинг асл сабаби¸ ҳокимият учун айтганини ерга теккизмай бажарадиган мўмин ва қобил директорлар кераклигида¸ дейишмоқда Озодлик суҳбатлашган собиқ директорлар.

Собиқ директор Дилором Жабборовага кўра, сўнгги пайтда мажлислар таълим сифатини яхшилаш ҳақида эмас, балки ҳокимият топшириқларини қанчалик бажарилганини тафтиш қилиш учун ўтказиладиган бўлиб қолган:

- Уч ойдан бери йиғилиш қилса, безоримиз чиқиб кетади. ўнта топшириқ бўйича 91 та мактаб директорларини ўн марталаб турғизиб, фақат шуни разбор қилади¸ холос. “Вкладга неча пул ўтказдинг? Нимага ўтказмадинг, нимага ўтказдинг? Кўмирга нега ўтказмадинг? Фалон нарсага нимага ўтказмадинг”, энди 91 та мактаб 10 марта туриб ўтиргандан кейин ҳамманинг асаби ўйнаб кетади. Фақат пулнинг разбори бўлади. Топширилмаган нарсанинг разбори бўлади¸ холос, дейди ўқитувчи.

Синган “Зеромаксга” ўқитувчи кўмаги

Дилором Жабборова ҳокимиятда ўтказилган йиғилишлардан бири ҳақида шундай мисол келтиради:

- Шундай ҳокимият залида катта йиғилиш қилаяпти. Кераксиз одамларни чиқариб юборишдида¸ фақат мактаб директорлари қолди. Халқ таълими бўлими мудири Норқулов “Зеромакс”нинг Зарбдор туманидаги Нурафшон хўжалигига чопиққа борасизлар. Автобус топасизлар. Ҳамманг ўқитувчиларингни босасан. Бир ҳафтага ўша ерга борасизлар” деди. Бу 11-12-август кунлари бўлаяпти.

Озодлик: Жорий йилдами?

- Ҳа. Кейин ўнта директорнинг ичидан Фарҳод ака (34-мактаб директори) деган турдида “Мен бу ишни қилолмайман. Бу иш менинг қўлимдан келмайди. Чунки, ўзимизнинг жойда бўлса ҳам майли эди, Зарбдор туманига бориб ўқитувчи бу ишни қилолмайди. Айтинг, ундан кўра 10 минг дейсизми, 15 минг дейсизми пулини қилиб берайлик. Мардикорлар бор. Лекин ўқитувчини у ерга олиб бора олмайман” деди. Залда биттаси “2500дан йиғайлик” деди. Биттаси “Яқиндагина ўзи тез юрар поезд деворига деб 3000 дан ўқитувчи бошига йиққанмиз. Жуда бир ўқитувчилар ҳам дод-вой бўлади” деди. Охири кимдир 1000 сўм¸ деди. Мудирга жон кириб кетдида “Бўлади. Ҳар бир мактаб ўқитувчи бошига 1000 сўмдан йиғиб берсин. Буни фақат бошқа ëқ эшитмасин. Ҳеч кимга билдирманглар. Жанжал бўлмасин” деди, дейди Дилором Жабборова.

Битмай қолган уйларга ҳам ўқитувчи кўмаги керак

Муаллимага кўра, қишлоқ жойлардаги уй-жойлар қурилиши ҳам битмай қолса, ўқитувчи унга пул ўтказишга мажбур:

- Ана энди иккинчи бир мисол. Банкка вклад қўясизлар, дейди. “Ҳар бир мактаб 100 мингдан мажбурий вклад қўясан” деди. Барибир мажбурлашгандан кейин менинг бир ўқитувчимдан олдик 100 минг пул пластигидан. Уни пул қилдик 16 фоизга ва 84 мингни вкладга қўйдик. Қишлоқ мактаблариникининг ҳаммасини ариза ëздириб, уй-жой қурилишига ўтказиб юборишди.

Озодлик: Бу уй-жой қурилиши кимга энди у?

- Ҳар бир туманлар ўзлари уй-жой қураяптику ижарага беришга. Ана шунақа уй-жой қурилишига ўша қурилиш тўхтаб қолган. Унга пул етмаган. Ўтган йил 100 мингдан йиғиб, районода Шодмонқулов Собиржон ишлар эди, ўша “Халқ таълими битта уйни олиши керак” деган қанақадир гап бўлдида 100 мингдан мактаблардан йиғиб, ўша Шодмонқулов Собиржоннинг номига уй қурилишига ўтказиб юборилди, дейди собиқ директор.

Дилором Жабборова ишлаётган 25-мактаб қишда газ билан иситилади. Бироқ, барча мактабларга тоннаси 139 минг сўм турадиган бир ярим тоннадан кўмирга пул ўтказишга мажбур қилинган.

Мажбурий “фидойилик”

Дилором Жабборовага кўра, агар йўқсиллар доҳийси Ленин тирик бўлганда, ғаллаороллик ўқитувчиларнинг бу “фидойи”лигидан жуда мамнун бўлган бўларди. Зеро, ҳар ойда ўқитувчиларнинг бир кунлик маоши шанбалик ҳисобига мажбуран ўтказилади, бироқ бу пуллар қаерга кетаётгани ҳеч кимга маълум эмас:

- Ҳар ойда мажбурий шанбалик ўтказилади. Одатий тусга айланган. Бечора ўқитувчилар ҳам кўникиб кетган. Лекин булар қанча-қанча пул бўладику. Улар қаерга сарфланади? Шанбаликда бир кунлик иш маоши ҳар ойда олиб қолинади. Ҳар ойда бор бизда. Назаримда шу бу йил 13-14та, чунки август ойида иккита ўтказиладида, икки кунлик ўтказилади, лекин уни мажбурий ўтказмасангиз, жони ҳолатингизга қўйилмайди, дейди Дилором Жабборова.

Август ойида эса мустақиллик байрами арафасидаги ободончилик ишлари учун ҳам директор жавобгар, дейди собиқ директор, мактаб директорларининг маҳаллий ҳокимиятнинг мактабдан ташқари буйруқларини сўзсиз бажаришга мажбур эканлигини қистириб ўтар экан:

- Ҳамамизга жой бўлиб берилган, одамларнинг уйларига бориб кўча деворларни оқлатишим керак, агар оқламаса ўзим одам ёллаб оқлатишим керак, дейди Дилором Жабборова.

Мактаб директори – “пиллакор” ва “ғаллакор”

Озодлик билан суҳбатдош бўлган барча собиқ директорлар маҳаллий ҳокимият директорлар устидан бевосита хўжайин бўлиб олганлиги ва қишлоқ хўжалик ишларида уларни жойларга “уполномоченний”, яъни ҳокимият вакили қилиб тайинланишини айтдилар.

Собиқ директор Дилором Жабборова директорларнинг мактабдан ташқари бажариши шарт бўлган ишларини ўз мисолида санаб ўтади:

Директорлар ҳозир қарийб деҳқоннинг ўзи бўлиб қолган, баҳорда деҳқон ташвиши бошланиши билан мактаб директорининг юрагига ҳам ғулу оралайди, дейди Дилором Жабборова.

- Баҳорга чиққан вақтимиз бизлар пилла бажариш учун фермерга бириктириламизда, азоб еб то ўша фермер охиригача, свотка топширгунча унинг орқасидан юрамиз. Масалан¸ фермернинг уйига бораман. Аниқлайман¸ қайси жойларда боқаяпти. Боққан жойига бораман. Нима камчилик, кириб кўраман, аҳволи қандай, неча кунлик, неча соатлик, нима етишаяпти, нима етишмаяпти ўшани келиб кечқурун ҳокимиятга свотка бераман, дейди Дилором Жабборова.

Пилланинг ортидан ғалланинг ташвиши чиқади, дейди собиқ директор:

- Мен аëл кишиман. Уполномоченнийлик қўлимдан келмайдида. Лекин мажбурман. Ўша ғаллани, ҳалиги одамнинг уйини топаман, қаерда ғалласи экилган ғалласининг бошига бораман, неча кило топширди, қандай бўлган ҳолати, уни яна свотка қиламан. Эртаси куни бориб яна ялинаман¸ ғаллани бажаришимиз керак ë ҳокимнинг олдига юринг, ҳокимиятга юринг, хуллас калом бир ой июл ойи яна ғаллада юрдик, дейди Дилором Жабборова.

Ўқитувчи газчи ва светчи ҳам

Дилором Жабборовага кўра, мактаб директорлари ёз ойларида таътил деган нарсани билмайди:

- Ана энди ўқитувчилар билан 30 мингдан газга мажбурий йиғ¸ деб буйруқ келган. Бу нарсани ўқитувчиларга айтишлик ниҳоят оғир. Чунки уларнинг функциясига кирмайдиган иш бу. Лекин ўқитувчиларга боягидай тушунтираман “Сиз билан биз зиëли инсон. Газовикларнинг бир ғирромлиги бордирки, сиз билан мени ҳаққоний инсон деб қўйган” деб айтаман. Улар йўқ демайди, уйма-уй юради. “Бор, дарсингни берсанг бўлмайдими” деган гапларни эшитадида булар. Баъзида улар одамлардан ҳақорат эшитганлиги учун ëки жонидан ўтиб кетганидан бормайдида, гарчи газ, светдан қарз бўлмаса ҳам чўнтагидан тўлаб юборишга мажбур бўлади. Ҳокимиятга худди шу керак. Чунки планга қўшимча тўлов бўладида. Пахта терими мавсумида эса ўзингиздан қолар гап йўқ, деб сўзига хотима қилади Дилором Жабборова.

Ўқитувчи ва директорлар “фидойи” бўлиши керак

Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармасидан ишдан бўшатилган мактаб директорларининг иддаоларига муносабат олишнинг имкони бўлмади, бошлиқ ўрнида йўқ экан.

Ғалларол туман Халқ таълими бўлими мудири Ғофир Норқулов мактаб директорларининг ишдан бўшатилиши қонуний асосда амалга оширилганини айтар экан, директорларнинг мактабдан ташқари ишларини “фидойилик” деб атади:

- Ишдан бўшатганимиз йўқ. Улар нафақада бўлганда. Мен ҳам яқинда бўлганман, лекин уч ой олдин огоҳлантириш хати берилган пенсионерларнинг ҳаммасига бошқарма томонидан. Уни мен бўшатган эмасман. Бошқармадан чиқади буйруқ. Менда улар ҳаммаси нафақадада. Бир хили 60дан ошиб кетган эркаклар, аëллар 55 дан ошиб 60 га бориб қолган.

Ғалларол туман Халқ таълими бўлими мудири Ғофир Норқулов ишдан бўшатилган директорларнинг ўқитувчига болаларга билим ва тарбия беришдан бошқа ҳамма қора ишлар юклатилгани ва уларнинг ҳокимият югурдакларига айлантирилганини инкор этмади¸ фақат буни кўнгилли равишда қилинаëтган фидойилик¸ деб баҳолади.

- Унга мен ҳеч нарса демайман. Бутун республика бўйича фидойи гуруҳлар тузилган. Фидойи гуруҳлар булар ўзларининг хоҳиши билан кўрсаткичларни аниқлаб беради¸ деди бир кунда 13 мактаб директори ишдан бўшатилган туман расмийси.

Ғалларол туман Халқ таълими бўлими мудири Ғофир Норқулов билан суҳбат давомида Озодлик мухбири ишдан олинган директорлар тилга олган аксар масалаларга муносабат сўради. Аммо уларга берилган ëки берилмаган жавобларни суҳбатнинг охири билан таҳрирсиз танишиб¸ ўзингиз англаб олишингиз мумкин:

Озодлик: Масалан, сиз “Зеромакснинг Зарбдорда ери бор. Ўшанга бориш керак чопиққа” деб 10-11 августда ўзингиз айтган экансизку директорларга.

- Йўқ, у ....

Озодлик: Сизга ким буйруқ берган?

- Вилоятдан буйруқ бўлган.

Озодлик: Ҳокимиятданми, бошқармаданми?

- У ерда ер берилганда, ҳаммага берилганда. Ҳамма ташкилотга берган. Ëрдам қилганмиз.

Озодлик: Ўқитувчининг вазифаси мактабда ишлаш, дарс бериш эмасми? Чопиққа нима алоқаси бор?

- Ҳа, шундай. Энди у чопиққа боргани ҳам йўқ ўзи ўқитувчилар.

Озодлик: Мана ўзингиз виждонан гапиринг. Ўқитувчи ҳозир ҳокимиятнинг дастëрига, мардикорига айланиб қолмадими?

- Шуни кейинроқ гаплашайлик. Ҳозир бу ерда йиғилиш бор эди. Мен шунга кирмоқчи бўлаяпманда, деди Ғалларол туман Халқ таълими бўлими бошлиғи Ғофир Норқулов.

Биз Ғофир Норқулов билан қайта боғландик ва ёдимиздан кўтарилган битта саволни бердик:

Озодлик: Сиз ўзингиз ҳам пенсия ёшида экансиз, нега сизни ишдан бўшатишмади?

- Кейин гаплашайлик, мен ҳозир бандман...

Бу саволимиз ҳам жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG