Линклар

logo-print

Америкалик икки сайёҳ озод этилди


Жош Фаттал ва Шейн Бауэр.

Жош Фаттал ва Шейн Бауэр.

Эрон қамоғида икки йилдан бери тутқунликда бўлган икки америкалик озод этилди. Жош Фаттал ва Шейн Бауэр Теҳрондан Уммонга етиб келди ва яқинлари билан юз кўришди. Уларнинг озодликка чиққани ҳақида дастлаб чоршанба куни Эрон расмий агентлиги хабар қилди. АҚШ Президенти Барак Обама бу воқеа барча америкаликлар учун хушхабар эканини баён қилди.


Икки йилдан бери Эронда тутқунликда бўлган 28 ёшли Жош Фаттал ва 29 ёшли Шейн Бауэрларни Уммон пойтахти Мускатда уларнинг яқинлари кутиб олди. Йигитларнинг яқинлари учун бу ҳаётларининг энг бахтли кунларидан бири бўлди.

Фатталнинг акаси Алекс матбуотга йигитларни “соғ, кайфиятлари чоғ ва иродаси синмаган”, дея таърифлаб берди.

Президент Барак Обама ва Давлат котиби Ҳиллари Клинтон алоҳида баёнотлар эълон қилиб, икковлоннинг озод этилишини қутладилар.

Обама “йигитларнинг анчадан бери кутилган қайтишларини уларнинг яқинлари билан биргаликда барча америкаликлар байрам қилмоқда”, дея таъкидлади.

Иккала раҳбар ҳам Уммон, Ироқ ва Швейцария ҳукуматларига йигитларнинг озод этилишида кўмаклашганлари учун миннатдорчилик билдирди.

Фаттал ва Бауэр Теҳрондан маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин жўнаб кетди.

Эронда жосусликда айбланиб, ўтган ойда саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган америкаликларнинг озод этилгани ҳақида дастлаб Эроннинг IRNA расмий агентлиги хабар қилди.

Йигитларни Теҳроннинг Меҳробод аэропортидан жўнатиб юборар экан, Швейцариянинг Эрондаги элчиси Ливия Лью Агости ўз қувончи билан ўртоқлашди:

- Улар ҳозир жўнаб кетишаяпти ва мен бундан жуда-жуда хурсандман. Улар бу дамларни узоқ кутишди ва бунинг учун биз катта ишни амалга оширдик. Мен буни амалга оширишда кўмаклашган барча одамлар, хусусан, Уммон вакиллари ва, албатта, ироқликларга миннатдорчилик билдирмоқчиман, - деди Швейцария элчиси.

Америкаликларнинг адвокати Масъуд Шафаийнинг маълум қилишича, чоршанба куни Эрон адлия идораси икковлоннинг 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товон пули эвазига озод этилишини маъқуллаган.

Эрон билан Қўшма Штатлар ўртасида дипломатик алоқалар бўлмагани боис пул Уммон орқали ўтказилган. 1979 йилдаги Исломий Инқилобдан кейин Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги алоқалар узилгач, АҚШнинг Эрондаги манфаатлари учун Швейцария вакиллик қилади.

Бауэр ва Фаттал яна бир шериклари АҚШ фуқароси Сара Шоурд билан биргаликда 2009 йилнинг июл ойида Эрон-Ироқ чегарасидаги тоғларда сайёҳлик қилиб юрганларида ҳибсга олинган эдилар. Шоурд 2010 йилнинг сентябрида Уммон воситачилигидаги музокаралар туфайли, соғлиғи ёмонлашгани важи билан 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига озод этилган эди.

Америкаликлар Эрон чегарасини адашиб кесиб ўтганларини айтиб келади. Лекин ўтган ой Теҳронда якунланган судда Фаттал билан Бауэр жосуслик ва чегарани ноқонуни тарзда кесиб ўтганликда айбдор, деб топилди ва саккиз йилданга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўтган ҳафта президент Маҳмуд Аҳмадийнажот АҚШ фуқаролари озод этилишини эълон қилгач, вазият янгича ривожлана бошлади.

Кузатувчилар Аҳмадийнажот қарорини ўзининг БМТ Бош ассамблеясидаги иштирокидан аввал халқаро майдондаги обрўсини яхшилаш уриниши ўлароқ баҳоладилар.

Ироқ расмийлари америкалик сайёҳларнинг озод этилишида Ироқ президенти Жалол Талабоний кўмаклашганини айтмоқда.

Ўтган ҳафта Эрон адлия идораси Аҳмадийнажотнинг баёнотини инкор қилиб, америкаликларни озод этилиши масаласи ҳали узил-кесил ҳал этилмаганини таъкидлади. Лекин чоршанба куни мазкур идора Бауэр билан Фаттални товон пули эвазига озод этиш қарорини чиқарди.

АҚШ ҳукумати Бауэр, Фаттал ва Шоурдларнинг жосус эканига оид иддаоларни рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG