Линклар

Қирғизистонда президентликка номзодлар сони камаймоқда


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзолари ўзларига нисбатан расмийлар томонидан босим кўрсатилганини инкор қилмоқдалар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзолари ўзларига нисбатан расмийлар томонидан босим кўрсатилганини инкор қилмоқдалар.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси элагидан ўтмай қолган номзодлар уларга расмийлар томонидан босим кўрсатилганини иддао қилаяпти.

“Яшасин Қирғизистон” партиясидан президентликка номзоди кўрсатилган Тўқтайим Уметалиевани Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Қирғизистон сайлов қонунчилигига кўра, президентликка номзод Марказий сайлов комиссиясига сайловчилардан 30 минг имзо йиғиб топшириши керак. Марказий сайлов комиссиясига кўра, Тўқтайим Уметалиева топширган мазкур рўйхатда қалбаки имзолар аниқланган.

Айни пайтда Тўқтайим Уметалиева Марказий сайлов комиссиясига 30 минг эмас, 35 минг имзо йиғиб топширганини, комиссия аъзолари ҳукумат босими билан турли баҳоналар топиб, уни сайловдан четлатганини билдирди.

Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, қирғизистонликлар, айниқса бишкекликлар орасида жуда катта обрў-эътиборга эга бўлган сиёсатчи, пойтахтнинг собиқ мэри Нариман Тюлеевни ҳам қалбаки имзо тўплашда айблаб, президентлик сайловидан четлатган. Қизиғи шундаки, президент Бакиев даврида Бишкек мэри лавозимида ишлаган Нариман Тулеевни президентликка 2010 йил инқилобида иштирок этган ёшларнинг “7 апрел” ҳаракати президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.

- Марказий сайлов комиссияси 30-31 минг имзо тўплаган шахсларни президентликка номзод сифатида рўйхатга олди. Менинг номзодим учун эса сайловчилардан 136 минг имзо йиғилган эди. Бу имзоларнинг ҳаммаси қалбаки бўлиши мумкин эмас-ку. Мен бу борада судга ариза топширдим. Марказий сайлов комиссияси мени президентликка номзод сифатида рўйхатга олишга мажбур бўлади, - деди Нариман Тюлеев.

Нариман Тюлеевнинг тарафдорлари эса Марказий сайлов комиссияси биноси олдига минглаб одамларни митингга олиб чиқиш билан таҳдид қилмоқда.

Бироқ Марказий сайлов комиссияси аъзоси Жекниш Ақматов прездентликка собиқ номзодларнинг бундай иддаоларини асоссиз, деб ҳисоблайди.

- Ҳукумат бизга ҳеч қандай босим кўрсатаётгани йўқ. Биз номзод учун йиғилган имзоларни текширганимизда ҳақиқий имзолар 30 мингга етмай қолди. Биз бу ҳақда Нариман Тюлеевнинг ишончли вакилларига хабар берганмиз. Шунинг учун суд Нариман Тюлеев фойдасига ҳукм чиқармагунича, биз уни президентликка номзод сифатида рўйхатга ололмаймиз, - деди Жениш Ақматов.

Айтиб ўтиш лозимки, президентликка номзод сифатида рўйхатга олиш илтимоси билан Марказий сайлов комиссиясига 80 дан зиёд номзод мурожаат қилган эди. Уларнинг бир қисми қонунчиликка биноан 100 минг сўм гаров пули тўламагани, 30 минг имзо йиға олмагани ва қирғиз тили имтиҳонидан ўта олмагани учун президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмади. Нариман Тюлеев, Тўқтайим Уметалиева сингари бир қатор таниқли сиёсатчилар эса қалбаки имзолар тўплаганликда айбланиб, президентлик сайловидан четлатилди. Айни пайтда президентликка номзод сифатида 25 одам рўйхатга олинди.

Қирғизистонлик бир қатор сиёсатшунослар фикрича, Нариман Тюлеев каби халқ орасида катта обрўга эга бўлган сиёсатчининг президентлик сайловидан четлатилиши сайлов арафасида кўп минг кишилик митингларнинг бошланишига туртки бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG