Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Остона ва Бишкек сув, газ ва сармоя масаласида келишиб олди


Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов (ў) ва Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев (ч).
Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов (ў) ва Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев (ч).

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов 22 сентябр куни Қирғизистонга ўтган ҳафтада амалга оширган иш сафари натижалари ҳақида маълумот берди.

Карим Масимов қирғиз ва қозоқ матбуотига берган баёнотида Қирғизистон билан 3 та соҳада келишувга эришилганини ва бу икки давлат муносабатларида “жуда катта олға силжиш” бўлганини билдирган.

Қозоғистон Бош вазирига кўра, бу уч соҳа сув, газ ва инвестицияга оиддир. Қозоғистон Қирғизистондан 1 миллион кВт/соат қўшимча электр энергияси сотиб оладиган бўлган. Масимов бу билан ҳар икки давлатда қўшимча ишчи ўринлари яратилишига ва иқтисоднинг ривожланишига имконият яратилганини эътироф этди. Шунингдек, Қирғизистон ёзда Қозоғистонни керакли миқдорда сув билан таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган. Қозоғистон Қирғизистонда электрстанциялар қурилишига сармоя ётқизади.

Бундан ташқари, Қозоғистон Қирғизистонни Ўзбекистон гази қарамлигидан чиқариш масъулиятини ҳам олган. Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовга кўра, газ масаласида Қирғизистон билан принципиал тарзда келишиб олинган ва Қозоғистон Қирғизистонни узлуксиз равишда газ билан таъминлайди.

“Қирғизгаз” ширкати раҳбари Турғунбек Қалмурзаевга кўра, расмий Тошкент газ нархини жорий йилнинг 8 ойи ичида 223 доллардан 278 долларга кўтариб юборгани ва Қирғизистонга “зангори олов”ни фақат жаҳон баҳсида сотишини билдираётгани учун ҳам Қозоғистон билан шартнома тузишга эҳтиёж пайдо бўлган.

- Ҳозир Қозоғистон ва Россиянинг “Газпром” ширкатлари билан газ таъминоти масаласини ҳал қилаяпмиз. Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда, “Қозоғистон трансгаз” ширкати билан шартнома тузамиз, - деди Турғунбек Қалмурзаев.

Мутахассиларнинг айтишларича, Қозоғистон Қирғизистонга Ўзбекистондан олинаётган газни сотади. Аммо бу газнинг нархи Ўзбекистон белгилаган нархдан анча арзон бўлади.
Маълум бўлишича, Қозоғистонга газ Бухоро-Тошкент-Бишкек –Олмаота қувури орқали етиб боради. Қозоғистон мана шу қувурдан ўзи учун берилаётган газнинг бир қисми Бишкекда қолдиради. Агар Бишкек Ўзбекистондан 200 миллион куб метр газ олаётган бўлса, Қозоғистон 300 миллион куб метр газ беради.

Қирғизистонлик эксперт Жанибек Ўрмунов Қозоғистон билан тузилган мазкур келишим фақат вақтинчалик кучга эга бўлади, деган фикрда.

- Менимча, газ келишими вақтинчалик кучга эга бўлади. Негаки, бизнинг газ қувурларимиз аҳволи ўта ночор. Шунинг учун ҳам газ қувурида йўқотишлар жуда катта. Шунинг учун қозоқлар йўқотишларни камайтириш учун янги газ қувури қурилишини талаб қилади, - дейди Жанибек Ўрмунов.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон газига қарамликдан қутилиш мақсадида Россиянинг “Газпром” ширкатига “Қирғизгаз” акцияларини сотиш масаласини ҳам кун тартибига қўйган. Бунинг эвазига “Газпром” Қирғизистонни узлуксиз газ билан таъминлаш, газ қувурларини янгилаш ва мамлакат ҳудудида газ ҳамда нефт конларини излаш мажбуриятини олмоқчи.
XS
SM
MD
LG