Линклар

logo-print

Обама Фаластин сўровига қарши чиқди


АҚШ Исроил-Фаластин тинчлик музокараларидаги асосий воситачилардан бири.

АҚШ Исроил-Фаластин тинчлик музокараларидаги асосий воситачилардан бири.

АҚШ президентининг БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши Исроилда олқиш¸ Яқин Шарқда эса¸ койиш билан қарши олинди.


БМТ Бош Ассамблеясининг Ню Йоркда бошланган навбатдаги йиллик йиғинининг илк кунида сўзга чиққан давлат етакчилари араб мамлакатларида юз берган инқилобларнинг миллий ва диний можаролар¸ атроф-муҳит ўзгариши¸ иқтисодий ва молиявий бўҳрон қаршисида қолган ер юзи бўйлаб янги умид баҳорини бошлаб берганини таъкидладилар.

Хусусан¸ йиғин очилишида сўзлаган нутқида АҚШ президенти Барак Обама араб баҳорининг йиллардан бери овози бостирилган мазлумлар учун эркинлик¸ озодлик ва фаровонлик эшигини очганини таъкидлай туриб¸ ўз ҳукумати Миср¸ Тунис ва Ливиядаги халқ қўзғолонларида эзилганлар билан бирга бўлганини баëн қилди.

- Биз инсон ҳақларини топтаëтганларнинг мамлакатимизга киришларини тақиқладик¸ уларнинг хориждаги бойликларини жазога тортдик. Биз ҳамиша овози ўчирилган мазлумларнинг овози бўлиб хизмат қиламиз¸ деди БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида қилган нутқида Оқ уй раҳбари.

Араб баҳорининг¸ дунëда барқарор тинчлик ўрнатилиши учун қўйилган муҳим қадам эканини таъкидлаган Обама¸ айни пайтда кейинги ўн йилликлар давомида дунëнинг кўпгина ҳудудларидаги можаро ва норозиликларга асос бўлиб хизмат қилаëтган энг йирик халқаро муаммо – Исроил-Фаластин тинчлик жараëнида¸ мустақил шарҳловчилар фикрича¸ очиқчасига Исроил томонини олди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши¸ АҚШнинг вето қилиш пўписаси боис¸ мустақил Фаластин давлатини тан олиш сўровини қабул қилмай келаëтган бир пайтда¸ Фаластин маъмурияти¸ АҚШ ветосига чап бериш учун¸ тўғридан-тўғри БМТ Бош Ассамблеясига мурожаат қилиш ва масалани Бош Ассамблеяда овозга қўйишни режаламоқда.

Аммо мустақил Фаластин давлати эълон қилиш масаласи фақат Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари орқали¸ томонлар муросага келганидан сўнг эълон қилинишини таъкидлаëтган Вашингтон раҳбари¸ БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб фаластинликлар режасига қаршилигини изҳор қилди.

- Чегаралар¸ хавфсизлик ¸ қочқинлар ва Қуддус мақоми каби Исроил ва фаластинликлар орасига зиддият солиб келаëтган масалалар бўйича биз билан сиз эмас¸ балки исроиллик ва фаластинлик келишиб олиши керак. Тинчлик тақдири бизнинг бу ердаги маърузаларимиз тугаб¸ берган овозларимиз санаб битганидан кейин ҳам узоқ муддат ëнма-ëн яшашга маҳкум икки халқ ўртасидаги муросага боғлиқ¸ деди Обама Фаластин сўровига қаршилигини асослай туриб.

- Исроил тан олинишга лойиқ давлат. Исроил ўз қўшнилари билан нормал муносабатларга ҳам лойиқ. Ўзини фаластинликлар дўстиман деганлар бу ҳақиқатни инкор этиш билан Фаластинга хайр келтираëтганлари йўқ. Худди шундай¸ Исроил дўстлари ҳам мустақил Фаластинга қўшни бўлган барқарор Исроилдан иборат икки давлат ечимини тан олмоқлари лозим¸ деб давом этди АҚШ президенти.

Обаманинг бу нутқи Исроил ва АҚШ даги яҳудий гуруҳлари томонидан олқиш билан қарши олинди. Time журналининг ëзишича¸ бу маърузадан сўнг Исроилнинг ашаддий ўнгчи Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман “Мен президент Обамани қутлайман. Унинг бугунги нутқига ўз номимдан имзо чекишга тайëрман”¸ деган. Нашрнинг ëзишича¸ Либерманни хурсанд қилган бу маърузанинг¸ араб¸ қолаверса мусулмон дунëсида айнан аксинча¸ қаттиқ хафа қилганини тасаввур қилиш қийин эмас.

"Ғарб ва мусулмон дунëси ўртасидаги ўзаро ишончсизликка барҳам беришга қаратилган Қоҳира нутқидан фарқли¸ БМТ минбаридан туриб Обама фақат исроилликлар жафоси¸ исроилликлар ҳаққи ҳақида гапирди¸ фаластинликларнинг 60 йиллик кўргуликлари ҳақида лом-мим демади"¸ деб ëзди Тиме нашри.

Мустақил шарҳловчиларга кўра¸ БМТдаги маърузасида очиқдан-очиқ Исроил манфаатларини ҳимоя қилиш орқали Обама ҳозирда ўзи учун устивор вазифа Исроил-Фаластин тинчлик музокараларида ҳалол ва бетараф воситачи бўлишдан кўра¸ келаси йилги сайловларда қайта сайланишни таъминлаш эканини кўрсатган. "Қайта сайланиш учун эса Обамага исроилпараст сайловчилар ва АҚШ даги яҳудий донорлари ишончини қозониш сув билан ҳаводек зарур"¸ деб ëзди жумладан америкалик сиëсаий шарҳловчи Тони Керрон.

Ички сиëсий масалаларни халқаро муаммолар ечимига аралаштирув эса¸ деб хулосалайди бу шарҳловчи¸ АҚШнинг Яқин Шарқда шундоқ ҳам дарз кетган обрўсига обрў қўшмайди¸ аксинча.
XS
SM
MD
LG