Линклар

Ўзбекистон ҳукумати пахта бойкотини писанд қилмаëтир


2011 йилнинг сентябр ойига келиб ўзбек пахтасини бойкот қилган Ғарб ширкатлари сони 60 дан ошди.

2011 йилнинг сентябр ойига келиб ўзбек пахтасини бойкот қилган Ғарб ширкатлари сони 60 дан ошди.

Озодлик гаплашган Тошкент мутасаддисига кўра¸ ўзбек пахтасига харидорлар Осиëнинг ўзидаëқ керагидан кўп.


Ўзбекистондаги тола сотиш тижорати ўзбек пахтасига қўйилган бойкотдан зарар кўрмайди.

Бу фикрни Озодлик мухбирига билдирган Ўзбекистон Пахта саноати мулозими¸ октябр ойида Тошкентда ўтадиган Халқаро пахта ярмаркасига келаëтган харидорларнинг иштаҳасининг бойкотга қарамай карнай эканини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистонда етиштирилган пахтани сотиб олиш илинжида 300 ширкат 13 октябрдаги пахта ярмаркасида иштирок этиш учун ариза берган.

"Бу ширкатларнинг аксарияти Бангладеш¸ Хитой¸ Ҳиндистон ва Покистондан келган"¸ дейди суҳбатдош.

- Масалан¸ биргина Покистоннинг ўзига жорий йилнинг августига қадар бир миллион той пахта толаси етказиб бердик¸ деб қўшиб ўтди Тошкент мулозими.

Суҳбатдошга кўра¸ Покистонга катта миқдорда пахта сотиш ҳақида айни давлат Бош вазири Юсуф Ризо Ғилонийнинг Ўзбекистонга сафари чоғи келишилган.

Покистондаги сув тошқинлари оқибатида маҳаллий ҳосилнинг нобуд бўлиши¸ Тошкент мулозимига кўра¸ Ўзбекистондан янада кўпроқ пахта сотиб олиш эҳтижини туғдирган.

Ўзбекистон Пахта саноати вазирлиги мулозимига кўра¸ сотилаëтган пахтанинг ҳаммаси учун Покистон ширкатлари олдиндан 80 фоиз пул тўланган.

"Пахта толаси Ўзбекистондаги 22 та махсус пахта терминали орқали экспорт қилинади. Тўртта пахта омбори дохил бу терминаллардан бирваракайига ярим миллион тоннагача пахта сақланади"¸ дейди тола сотиш бўйича давлат мулозими.

Пахта қуллари-хлопкораблар

1987 йилда ўзбек далаларини кезган рус журналисти Александр Минкин матбуот луғатига "хлопкараб" деган калимани киритган эди.

Пахта қулига айлантирган ўзбек болакайнинг рус газетасидаги сурати Совет Иттифоқи афкор оммасини жунбушга келтирган бўлса¸ орадан 20 йил ўтиб "Ўзбекистондаги болалар меҳнати" деган калима Ғарб ширкатларини ҳуркитувчи қизил латтага дўнди.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта болаларнинг мажбурий меҳнати ҳосиласи эканлигини айтган 60 дан ортиқ Ғарб ширкати ўзбек пахтасидан фойдаланишдан воз кечди.

Бу ширкатлар орасида Burberry¸ Levi¸ H&M, Adidas ва Puma каби таниқли брэндлар бор.

Ўзбекистондаги пахта саноати мулозими бу ширкатларсиз ҳам ўзбек толаси харидоргир эканини таъкидлай туриб¸ "Ўзбек пахтаси сифатли. Биз пахтани сифати ҳақида сертификат берамиз"¸ деб қўшиб қўйди.

Миср ва дунëнинг бошқа ҳудудларида етиштирилган пахтани сотиш учун¸ маҳаллий ширкатлар тойлар устига "Бу пахтага мажбурий болалар меҳнати аралашмаган"¸ деган сертификат ëпиштиради ва кейинчалик бу пахтадан кийик-кечак тиккан Ғарб ширкатлари ҳам ўз молига шу муҳрни босади. Ўзбекистон Пахта саноати вазирлиги мулозими халқаро бойкотни тўхтатиш учун шундай кафолат бериш истиқболига нисбатан:

- Бунақа сертификат бера олмаймиз¸биз фақат тола сифати учун масъулмиз¸ дея гапни қисқа қилди.

Ўзбекстон пахта далаларидаги мажбурий болалар меҳнатига қарши изчил кураш қилаëтган “Anti-Slavery International”(Қулликка қарши халқаро гуруҳ) ва “SOAS” ташкилотларининг 2010 йилги ҳисобига кўра¸ Ўзбекистондаги пахта мавсумида ҳар йили 2 милллионга яқин бола мажбуран пахта теради.

Имтиëздан маҳрумлик истиқболи

Давлат тарафидан “болалар қуллиги” жорий қилинган Ўзбекистон пахта саноати мутлақ бойкот қилиниши керак¸ деган “Anti-Slavery International” ташаббусини Европарламентнинг 16 депутати маъқуллади.

Бу депутатлар ўзбек пахтаси савдоси учун Европада имтиëз яратган (GSP)дастуридан Ўзбекистонни чиқариб ташлаш ғоясини илгари суришмоқда.

(GSP) «Умумий преферент тизими» Европа Иттифоқи томонидан ривожланаётган мамлакатлар иқтисодига кўмаклашиш мақсадида 1971 йил қабул қилинган бўлиб, бу дастур ривожланаётган давлатларда етиштирилган хом-ашë ва товарларнинг Европада имтиëзли савдосини таъминлайди.

Ўзбекистон пахтаси шу пайтгача Европада ана шу имтиëз асосида сотиб келинмоқда.

Аммо кейинги икки йилдан бери халқаро майдонда куч йиғиб бораëтган бойкот боис¸ Бремендаги пахта биржасида ўзбек пахтаси сотилмаяпти.

Айни пайтда бу бойкотнинг маънавий –сиëсий натижаларини ўзбек мулозимлари ҳам инкор қилмайди.

Шу боис пахта ярмаркаси олдидан пахта пайкалларида фавқуллода ҳолат жорий қилинган.

Пахта даласидаги болалар давлат сири сифатида махфий тутилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон дунёда пахта ишлаб чиқарадиган учинчи экспортëр республика, дунё бозорига 800 минг тонна пахта чиқариб, йилига бир миллиард АҚШ доллари атрофида фойда кўради.

Бу фойданинг асосан бошқарув элитаси ҳамëнида ғарқ бўлаëтгани иддао қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG